Асорати жиддий дард

ёхуд камқонликнинг олдини олиш чора-тадбирлари

Камқонлик хасталиги асосан туғиш ёшидаги аёллар, ўсмирлар ва болаларда учрайди. Жаҳонда бу касалликка дучор бўлган аёллар ва болалар ўртасида хасталик ва ўлим кўрсаткичлари 8-10 баробар юқоридир.

Унинг асоратларига аёлларда туғиш жараёнида қон кетиши, боланинг чала ёки вазни кам бўлиб туғилиши, туғма нуқсонлар ва шу кабилар киради. Хасталик сабабли инсон иммунитети пасаяди. Айниқса, камқонлик сурункали гастрит(меъда яллиғланиши), колит(йўғон ичак яллиғланиши), дуоденит (ўн икки бармоқли ичак яллиғланиши) каби меъда-ичак тизими хасталиклари, геморрой(бавосил) ва бошқалар сабаблар туфайли тез ривожланиши кузатилган. Бу касаллик болалар ва ўсмирларни жисмоний ва интеллектуал ривожланиши, иш ва ўқиш қобилиятини кескин пасайтириб юборади.

Аёллар ва болалар организмида темир моддасининг етишмаслиги сабабли ҳам камқонлик ривожланади. Чунки, уларда бу моддага бўлган эҳтиёж эркакларга нисбатан 3-5 баробар кўпроқдир. Темир моддаси қон ишлаб чиқариш, ҳомиланинг ривожланиши, кўкрак сути ҳосил бўлиши, болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишида жуда кўп сарфланади. Хотин-қизларнинг ҳайз кўриш жараёнида ҳам кўп қон йўқотилади.

 

Нима учун аёллар ва болалар организмида темир моддаси етишмайди?

Болаларда темир етишмовчилигининг асосий сабаби онаси ҳомиладорлик ва эмизиш даврида камқон бўлиши, бола чала ёки кам вазн билан туғилиши, унинг кўкрак сути билан боқилмаганлиги, тез-тез касалланиши, сурункали инфекциялар, гижжа ва нотўғри овқатланиш туфайлидир.

Хотин-қизларда темир етишмовчилигига олиб келадиган сабаблардан бири ҳайз туфайли кўп қон йўқотишдир. Агарда ҳайз 4-5 кундан ортиқ чўзилиб, ҳомиладорлик ва туғиш оралиғи 3 йилдан кам бўлса, беморда сурункали инфекциялар ва гижжалар аниқланса, шунингдек, тўғри овқатланишга риоя қилинмаса, бу хасталик тез ривожланади.

 

Тўғри овқатланиш қандай бўлиши керак?

Ушбу омил темир етишмовчилигининг олдини олишда жуда муҳимдир. Инсон ҳаёти давомида темир моддаси ва витаминларга бой озиқ-овқатлар истеъмол қилиши лозим. Ингибитор (чой, қаҳва, сунъий бўёқли, газли ичимликлар)ларни камроқ ичиш зарур. Чунки, улар овқатдаги темир моддасининг сўрилишига тўсқинлик қилади. Промотор (мева-сабзавот)ларни эса кўпроқ истъемол қилиш керак. Улар аксинча, темир моддасининг яхшироқ сўрилишини таъминлайди.

Овқатланиш вақтида ингибиторлар истеъмол қилинса, улар озиқ-овқат таркибидаги темир моддасини 40-100 фоиз сўрилишига халақит беради. Ҳўл мевалар, сабзавотлар, кўкатлар эса (С витамини орқали) темир моддаси сўрилишини 4 баробарга оширади. Шу боис овқатланиш вақтида чой ичиш тавсия этилмайди. Уни овқатланиб бўлгач, 2 соатдан кейин ичиш зарур. Чой ўрнига қайнатилган сув, газсиз минерал сув, мева шарбатлари, наъматак ёки қуруқ мевалардан дамламалар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Яна ўқинг:  Уй таомлари диабет хавфини камайтиради

Дуккаклилар, ёрмалар темир моддасига жуда бой озуқалардир. Шунинг учун ҳам улар гўшт ўрнини бемалол боса олади. Лекин бу маҳсулотларни ҳам ингибиторлар билан бирга истеъмол қилиш керак эмас.

Шакар, новвот ва ширинликлар организмда гемоглабинни кўпайтирмайди. Чунки, уларда темир моддаси ва витаминлар йўқ. Аксинча, улар иштаҳани пасайтиради, гижжани кўпайтиради. Шунингдек, тишлар кариесга чалинади. Эмизикли болаларда эса аллергия ва диатез (чилла яра)ларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади.

Камқонликни аниқлаш учун қондаги гемоглабин кўрсаткичини текшириш зарур. Гемоглабин меъёри 5 ёшгача бўлган болаларда 110 г/л, ундан катталар ва аёлларда 120 г/л, эркакларда 130 г/л бўлади. Агарда камқонлик ривожланса, гемоглабин кўрсаткичлари пасайиб кетади: 70 г/л дан паст бўлса, бу оғир даражали камқонлик, 90 г/л дан паст бўлса, ўрта оғир даражали ва 90 г/л дан юқориси енгил даражали камқонлик ҳисобланади.

Темир етишмовчилиги пайтида беморлар гилвата, (кесак) чой шамаси, хамир, хом макарон ва гуруч, қоғоз каби маҳсулотларни истеъмол қилгиси келади. Яна хаста кишиларга бўёқ, ацетон, бензин, керосин, тутун, зах ҳидлари ёқади. Бу ҳолат марказий асаб тизимининг темир танқислиги билан кечувчи кислород етишмовчилиги ва сенсор функциялар бузилиши билан намоён бўлади. Бемор таркибида темир моддаси мавжуд дори воситаларини истеъмол қилгандан сўнг 2-3 ҳафтада касаллик белгилари қайд этилмайди.

Дардманд одамнинг тирноқлари мўрт, ғадир-будир бўлади. Улар қийшайиб, парчаланиб ва юпқалашиб қолади. Хаста инсоннинг хотираси пасаяди, боши оғрийди, айланади, қуввати камаяди ҳамда тез чарчайди. Унинг иш қобилияти ва иштаҳаси кескин пасайиб кетади. Камқонликнинг оғир даражасида беморнинг юз ранги оқаради, тез-тез касалланади.

Ушбу хасталикни даволаш кўп вақт талаб этади. Дард асоратларини бартараф этиш ҳам анча мушкул. Баъзида эса бунинг иложи ҳам бўлмайди (масалан, ҳомиланинг ақлий ва жисмоний ривожланиши онасининг камқонлиги сабабли пасаяди. Сурункали меъда-ичак касалликлари ва ҳакозо). Камқонликнинг оғир даражасида бемор кўпинча стационар шароитда даволаниши, турли тиббий текширувлардан ўтиши ва унга қон қуйиш зарур бўлади. Даволаш камида 3-6 ой давом этади. Кўпинча аёллар даволашни охирига етказмайдилар. Бунинг оқибатида камқонлик қайталаниб, сурункали тусга айланади.

 

Камқонликнинг олдини олиш мумкинми?

Яна ўқинг:  ГЎЗАЛЛИК – САЛОМАТЛИК БИЛАН УЙҒУН

Касалликнинг олдини олиш, уни даволашдан кўра анча афзалроқдир. Бунинг учун инсон тўғри овқатланиши керак. Юқорида кўрсатилган темир етишмовчилиги сабабларини бартараф этиш лозим. Агарда буларнинг ҳаммасини амалга оширишнинг имкони бўлмаса, унда бемор ҳафтада бир маротаба 60 мг ( 1-2 ҳапдори) таркибида темир моддаси мавжуд дори воситаларини истеъмол қилиши зарур. Шунда организмдаги темир етишмовчилиги aста-секин бартараф этилади. Беморга таркибида темир моддаси мавжуд дори воситаларининг зарари йўқ. Улар меъёрдан ортиқ организмга сўрилмайди.

Камқонликнинг олдини олишнинг яна бир самарали усули – бу озиқ-овқатларни темир ва бошқа микроэлемент ва витаминлар билан бойитиш, яъни фортификация этишдир. Бу усул ҳам бутун дунёда, жумладан, АҚШ, Япония, Австралия ва Европанинг кўплаб ривожланган давлатларида 70 йилдан бери амалга оширилмокда. Бу усулнинг самарасини 10-15 йилда кўриш мумкин.

Республикамизда ҳам ана шундай эзгу чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, 2010 йилда “Аҳоли ўртасида микронутриентлар етишмовчилигининг олдини олиш” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжат юртимизда ушбу хасталикнинг олдини олишда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир.

 

Камқонликни бартараф этишда тўғри ва сифатли овқатланиш, шунингдек, бемор тўйиб ухлаши ҳамда уни стресс (руҳий зўриқиш), депрессия (тушкунлик)дан асраш алоҳида аҳамиятга эга.

 

Хаста инсон таркибида темир моддаси мўл бўлган маҳсулотлар – мол, қўй, товуқ жигари, буйраги, юраги, тил, гречка, қора майиз, қора олхўри, олма, нок, туршак, анжир қоқи, қора олхўри, шафтоли қоқи, исмалоқ, петрушка, қизил ловия, чала пиширилган уй товуғи тухуми, қизил лавлаги, ловия, балиқ, нўхат, мош, жўхори, ялпиз, ерёнғоқ, ёнғоқ, бодом, кунгабоқар (писта) каби маҳсулотларни таркибида С дармондориси мўл цитрус мевалар, қизил булғор қалампири, карам, кўк пиёз, саримсоқпиёз, ошқовоқ, помидор, сабзи, қулупнай, малина, тарвуз, қовун каби мева-сабзавотлар билан қўшиб истеъмол қилишлари зарур.

Д. СУЛЕЙМАНОВА,

тиббиёт фанлари доктори,

Д. МАМАТҚУЛОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,

М. НАРМЕТОВА,

гематолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: