Қовуннинг шифобахш хусусиятлари
Унинг ватани Африка ва Жануби-шарқий Осиё ҳисобланади. Мазкур полиз экини иссиқлик ва қуёшни хуш кўради, намгарчиликкка қийин мослашади. Навига қараб қовун 2 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда пишиб етилади.
100 грамм қовунда 35 ккал бўлиб, айниқса, у семизликдан азият чекаётган инсонлар учун фойдали саналади. Унинг таркибида шакар (16-18 ва ҳатто, 20 фоизгача), каротин, витамин В9, С, Р, А провитамини, жуда кўп миқдорда фоли кислотаси ва темир, пектин моддаси, ёғлар, минерал тузлар мавжуд.
Ушбу полиз экини овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди. Таркибидаги фоли кислотаси эса қон айланишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, атеросклероз, камқонлик, юрак-қон томир тизими хасталикларида фойдали саналади.
Қовун меъда касалликлари, турли руҳий тушкунлик ҳолатлари (депрессия), ўпка билан боғлиқ касалликларда, ревматизм, сил, цинга (витамин етишмаслиги натижасида тишларнинг тушиб кетиши), бўғим хасталикларида, йўталга қарши ҳамда гижжа ҳайдовчи восита саналади. Қовун уруғи қайнатиб истеъмол қилинса, пешоб тутилиши ва қовуқда тош пайдо бўлиш каби хасталикларни даволашда катта ёрдам беради.
Унинг шарбати эса камқонлик, қабзият ва бавосил касалликларида яхши самара беради.
Уруғларидан тайёрланган дамлама пешоб ҳайдовчи ва юмшоқ сурги дори воситаси саналади. Шунингдек, у экини чанқоқни босади, асаб тизимини тинчлантиради. Қолаверса, қовундан юзни озиқлантирувчи ва таранглигини оширувчи ниқоб тайёрласа ҳам бўлади. Агар мазкур ниқобдан бир ой мобайнида доимий равишда фойдаланилса, юз териси ёшариб, силлиқ ҳолга келади.
Аксинча, етилиб пишмаган қовун меъда ичак яраси ва ўткир гастрит (меъда шиллиқ қаватларининг яллиғланиши) билан оғриган беморларга тавсия этилмайди. Бундан ташқари оч қоринга уни истеъмол қилиш мумкин эмас.
Эмизикли оналарга, қандли диабет, меъда-ичак тизими яра касалликлари ва 12 бармоқли ичак-яра хасталиклари билан оғриган беморларга ва дизентерия (ичбуруғ)да ҳам тавсия этилмайди.
Қовун истеъмол қилгандан сўнг совуқ сув ичиш мутлақо мумкин эмас. Шунингдек, бу полиз экинини егач, устидан қатиқ, кефир, сут, йогурт ичиш ичаклар фаолиятини бузилишига сабаб бўлади.
Хуршида ҲУСЕНОВА