Куйдирги хасталиги ҳақида биласизми?

Бу касаллик ўткир юқумли бўлиб, у ҳайвонлардан одамга ўтиши мумкин. Хасталик халқ орасида Сибир яраси, “Илоҳий олов”, “Эрон алангаси” деб ҳам юритилади. Ушбу оғир дарднинг беморларда тери, ўпка ва ичак шакллари учрайди.

Ўз вақтида даволаш чоралари кўрилса хасталикнинг тузалиб кетадиган ҳамда энг кўп учрайдиган шакли – терининг очиқ жойларида учрайдиган тери яраларидир. Улар 95-99 фоиз, ўпка ва ичак шакли эса 1-5 фоиз учрайди.

Касалликни “куйдирги таёқчалари” деб номланган бактериялар келтириб чиқаради. Куйдирги таёқчалари қобиқ билан ўралган споралар ҳосил қилади. Улар ташқи муҳитга ўта чидамли. Бу споралар тупроқда, ҳайвон жунида, сувда бўлади. Сув қайнатилганда, бактериялар 20-30 дақиқада яшаш қобилиятини йўқотади.

Касалликни чорва билан шуғулланувчилар, гўшт маҳсулотларини қайта ишловчилар, овчилар юқтириш эҳтимоли кўпроқ. Касал чорва гўштига етарли ишлов берилмаганда ва гигиена қоидалари бузилганда ҳам хасталик юқиши мумкин.

 

Касаллик белгилари:

Терига тушган куйдирги таёқчаси дастлаб терида қичишиш ва қизил доғ ҳосил қилади. Доғ тугунчага айланиб, бир неча соат ичида пуфакча ҳосил бўлади. Доимий қичишиш оқибатида пуфакча ёрилиб, ичидан суюқлик ажралади (сачраган суюқлик янги пуфакчаларни ҳосил қилади). Ёрилган пуфакча ўрнида қора рангли ўзидан зардобли суюқлик ажратиб турувчи, атрофи шишиб кўтарилган яра ҳосил бўлади. Шу вақтга келиб, ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари ҳам катталашади. Унинг энг характерли белгиси яралар оғриқсиз бўлади. Яра ҳосил бўлиши билан тана ҳарорати кўтарилади. Беморнинг эти увишади, боши айланади, кўнгли айнийди, ҳолсизланади. Хасталикнинг ўпка шаклида бемор қон қусади. Унинг ичак шаклида эса беморнинг ичидан қон кетиши кузатилади. Бу ҳолат 5-7 кун давом этади.

Юқоридаги белгилар кузатилганда тезда шифокорга мурожаат қилиш лозим!

Бемор вақтида даволанса, 10-14 кунда яралар қотиб, шишлар қайтади, йиринглар сўрилиб, яра ўрнида чандиқ қолади.

 

Куйдирги касаллигининг олдини олишда қуйидаги чора-тадбирларга амал қилиш керак:

Чорва моллари орасида ветеринария назоратини доимий ўтказиш лозим. Ҳайвонлар ичадиган сув ва ем-хашакларни ифлослантирмаслик чораларини кўриш зарур.

Молхоналарда санитария қоидаларига қаттиқ риоя қилиб, доимий профилактик чораларини қўллаш даркор.

Ҳайвонларни ветеринария назоратисиз сўймаслик ва гўштини аҳолига тарқатмаслик керак.

Яна ўқинг:  Болалар тагликлари фарзанд учун фойдалими ёки...

Касалланган ҳайвонларнинг гўштини дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш шарт. Яна касал ҳайвонлар ётган жойларни 2 фоизли формалин, 20 фоизли хлорли оҳак эритмаси, 10 фоиз хлорамин ва бошқа воситалар билан дезинфекция қилиш, уларнинг нобуд бўлганларини эса 2-2,5 метр чуқур қазиб, устига 10 см қалинликда оҳак солиб кўмиш ёки ёқиб юбориш шарт.

Куйдирги ярасига ишлатилган воситаларни дезинфекция қилиш, ўрин-кўрпаларни дезкамерадан ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Чорвачилик, гўшт комбинати, тери ва қоракўл заводи ишчилари, ветеринарлар, лаборатория ходимларини куйдирги касаллигига қарши эмлаш лозим.

Куйдирги хасталигини олдини олишда санитария-профилактика ишларини кучайтириш муҳим вазифадир. Яна қишлоқларда, мактабларда, чорвачилик корхоналарида, овқатланиш шохобчаларида, сув ҳавзаларида касалликнинг келиб чиқишини олдини олиш чора-тадбирларини, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилишнинг аҳамиятини аҳолига тушунтириш ўта муҳимдир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон билан чегарадош қўшни давлатларда ҳам куйдирги бўйича вазият яхши эмас. Аммо, чегара ҳудудларимизнинг эпизоотик-эпидемик хавфсизлигини таъминлашда Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ва унинг жойлардаги мутасадди ташкилотлари мутахассислари қатъий амалий чора-тадбирларини кўришмоқда.

 

Насиба АКРАМОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти бўлим мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: