Сангзор соҳилида мароқли ҳордиқ
Айни дамда болажонларимиз ёз фаслини ўзгача завқ ва унутилмас таассуротларга бой тарзда ўтказишмоқда. Буни сўлим ва баҳаво гўшаларда, соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган ёш ўғил-қизларнинг нигоҳларидан ҳам кўриш мумкин.
Жорий йилда Жиззах вилоятида ўқувчиларнинг ёзги таътилини намунали ташкил этиш борасидаги ишлар режага мувофиқ олиб борилмоқда. Айни пайтда вилоятда бир нечта соғломлаштириш ва кундузги оромгоҳлар фаолият кўрсатмоқда.
– Ушбу мавсумда болаларнинг мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исомиддин Умаров. – Жиззах вилояти бўйича бу йил шаҳар ташқарисидаги 14 та стационар оромгоҳда 4 минг 300 нафар, 60 та кундузги оромгоҳда 5 минг 225 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган.
Ғаллаорол туманидаги Қашқабулоқ қишлоғида жойлашган “Камолот” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам дам олувчиларнинг ҳар бир куни сермазмун ўтмоқда. Дам олиш масканида ҳордиқ чиқараётган 200 нафардан ортиқ болажонларнинг шўх-шодон кулгилари бир дам ҳам тинмайди.
Биринчи тоифали педагог Шавкат Тожибоев раҳбарлигидаги ушбу оромгоҳ Сангзор дарёси соҳилида жойлашган бўлиб, бу ердаги сўлим манзаралар, анвойи гуллар таратаётган ёқимли ифор, анҳорда оқаётган зилол сув барчанинг дилига ором ва ҳаловат бағишлайди. Қалин дов-дарахт, арчазорлар билан бурканган ушбу дам олиш масканига тангадек ҳам қуёш нури тушмайди.
Оромгоҳда “Лочин”, “Парвоз” ва “Камалак” гуруҳларининг деворий газеталари, болажонларнинг ранг-баранг бўёқларда чизган суратлари, моҳир қўллар ижоди – ўйинчоқлар ва нафис нақшларни кўриб, беихтиёр ҳайратланасиз. Кўчма кутубхона ҳам дам олувчилар ихтиёрида.
Бир-биридан қувноқ болаларнинг завқли онларини кузатар эканмиз, уларнинг чеҳраларидаги мамнуниятни кўриб, кўнглимиз ёришди.
– Бу оромгоҳга биринчи бор келишим. Ўтган йили ушбу масканда дам олиб кетган дугоналаримдан таассуротларини эшитиб, менда ҳам бу ерга келиш нияти туғилди. Ҳозирда мазза қилиб дам олаяпмиз, – дейди Нигора Аҳмедова.
Оромгоҳда Ноила Жалолова раҳбарлигида ташкиллаштирилаётган турли тадбирлар ҳамда танловлар болажонларга манзур бўлаётир. Ғолиблар маъмурият томонидан совғалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишмоқда.
Шунингдек, дам олувчилар Сангзор дарёсига туташ жойдаги қадимий ғорни томоша қилиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилмоқда. Бу эса болажонларни юртимиз табиатига бўлган меҳрини ошириш баробарида миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга ўргатади.
Абдулла САИДОВ,
Жиззах вилояти