Ёшлик, баркамоллик ва спорт байрами

Наманган шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2014” республика спорт мусобақалари бошланди.

Наманган шаҳрининг бугунги оқшоми ўзгача тароватли. Вилоятда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларининг самаралари ранг-баранг чироқлар ёғдусида янада мафтункор манзара касб этган.

Бу оқшом Наманганнинг Дўстлик кўчаси ҳар кунгидан-да гавжум. Байрамона кайфиятдаги юртдошларимиз “Навбаҳор” стадиони томон ошиқмоқда.

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросими ана шу ерда ўтади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ва ёшларимизнинг севимли спорт анжуманига айланган уч босқичли спорт мусобақалари 2000 йили Универсиада билан Наманганда бошланган эди. Мана шу стадионда бўлиб ўтган ўша тантанали маросимлар шукуҳини наманганликлар ҳамон илиқ таассуротлар билан эслайди.

Бугун яна бир шундай йирик нуфузли тадбир – ёшлик, баркамоллик, нафосат ва бирдамлик байрами – “Баркамол авлод – 2014” мусобақаларига мезбонлик қилаётган Наманган янада чирой очган.

Ниҳоят, орзиқиб кутилган дақиқалар келди. Йигирма мингдан зиёд томошабин келган стадион узра “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларининг чорлов садолари янграйди.

Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг терма жамоалари кириб келади.

Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларини очиқ, деб эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Давлатимиз байроғи кўтарилади.

“Баркамол авлод” спорт ўйинлари байроғи ҳилпирайди.

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари иштирокчилари бўлажак беллашувларда ҳалол ва муросасиз курашишга тантанали қасамёд қиладилар.

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароит ва имкониятлар яратишга изчил эътибор қаратиб келинмоқда.

Бундай эзгу ишлар фарзандларимизнинг спортга қизиқишини янада ошириш, уларнинг соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етишига хизмат қилмоқда.

Бугун катта ҳаётга дадил кириб келаётган ёшлар – халқимиз орзу қилган баркамол авлод вакилларидир. Улар ўз соҳалари бўйича пухта билим олган, замонавий ахборот технологияларини ўзлаштирган, хорижий тилларни яхши биладиган, билимли, юксак маънавиятли ва жисмонан соғлом ёшлардир.

Мамлакатимиздаги бир ярим мингдан зиёд болалар спорти иншоотларида ташкил этилган 65 мингдан ортиқ спорт секцияларида икки миллионга яқин бола спортнинг ўттиздан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 840 мингдан ортиғи қизлардир. Қишлоқларда яратилган шароит туфайли спорт билан шуғулланаётган қишлоқ болаларининг сони 2003 йилдаги 14,7 фоиздан 2013 йилда 43 фоизга, жумладан, қиз болалар улуши 17,8 фоиздан 37,9 фоизга ўсди.

Яна ўқинг:  Chamanzorim Vatan, gulu gulzorim Vatan

Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган ўғил-қизлар сафи кенгайгани сари, табиийки, спорт инвентарларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Болалар спорти иншоотлари учун зарур бўладиган 120 турдаги ускуна ва анжомларнинг 116 тури мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон оммавий спортни ривожлантириш орқали катта спортда ҳам улкан ютуқларга эришаётир. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалдаги самаралари – ёшларимизнинг жаҳон ва қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқларидан ҳақли равишда фахрланамиз.

Мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар орасида уч босқичли спорт тизимидан етишиб чиққан ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Бугун ушбу моҳир спортчиларимиз улғайиб келаётган ўғил-қизлар учун ҳақиқий ўрнак ва намуна тимсолига айланган.

Бу борада “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақаларидан иборат узлуксиз спорт тизимининг аҳамияти беқиёс. Мазкур уч босқичли ноёб спорт тизими мутахассислар томонидан янги педагогик технология сифатида эътироф этилиб, бугун кўплаб давлатлар катта қизиқиш билан ўрганаётир.

Мазкур тизимнинг ўрта бўғини – “Баркамол авлод” спорт мусобақалари олтинчи маротаба ўтказилмоқда. Мазкур мусобақага илк маротаба 2001 йилда Жиззахда старт берилган эди. Мусобақанинг мамлакат босқичида туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги беллашувларда ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашади. “Баркамол авлод” беллашувларида қайд этилаётган натижалар, кўрсаткичлар, рекордлар йилдан-йилга ўсиб бораётгани ёшларимизнинг спортдаги салоҳияти юксалаётганидан далолатдир.

Мусобақаларга Андижон, Чирчиқ, Нукус ва Термиз шаҳарлари мезбонлик қилди. Уларда қатнашган ёшларнинг иқтидори ва маҳорати мунтазам ошиб бораётганини кўплаб спортчиларимиз халқаро майдонларда салмоқли ютуқларга эришаётганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Жамшид Искандаров ва Игорь Сергеев футбол бўйича мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси сафида Осиё ва жаҳон чемпионатларида тўп сурди. Бадиий гимнастикачи Комила Тўхтаева, Вероника Есипова ва Равиля Фархуддинова, шахматчи Нодира Нодиржонова, Ҳулкар Тоҳиржонова, енгил атлетикачи Руслан Қурбонов, Зарнигор Ортиқова, сузиш бўйича Ўзбекистон рекордчиси Юлдуз Қўчқорова қитъа миқёсидаги мусобақаларда кўп бор шоҳсупага кўтарилди. Полвонларимиздан белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров, кураш бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Шаҳбоз Саидмуродов каби спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда эришаётган натижалари мухлису мутахассислар томонидан юксак баҳоланмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, спорт ҳар қайси миллат, ҳар қайси халқни дунёга танитишнинг, унинг салоҳиятини намоён этиш, ғурур ва ифтихорини юксалтиришнинг энг самарали ва таъсирчан воситасидир. Инсоннинг шахс сифатида камол топишида, унда кучли ирода, ғалабага интилиш, қийинчиликларни енгиш руҳини тарбиялашда, қалби ва онгига ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, ифтихор туйғуларини сингдиришда спортнинг аҳамияти беқиёс.

Яна ўқинг:  Болажонларга экологик тарбия

Давлатимиз раҳбарининг болалар спорти – ўзбек спортининг келажаги, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишнинг мустаҳкам пойдеворидир, деган фикри амалда ўз исботини топмоқда.

…Стадионга Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилган “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларининг машъаласини кўтарган йигит ва қиз кириб келади.

“Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинлари оловини бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Шоҳиста Рашидова ва белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров ёқади.

Томошабинларнинг ҳаяжонли хитоблари, гулдурос олқишлари билан кутиб олинган ушбу аланга ёшларимизнинг қайноқ қалби, ёниқ орзу-интилишлари рамзи сифатида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2014” мусобақалари давомида порлаб туради.

Мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан “Кичик Олимпиада”, деб таърифланган уч босқичли узлуксиз спорт тизими мусобақалари Олимпия ўйинлари қоида ва талаблари асосида ўтказилади. Эътиборлиси, бу йилги мусобақалар аввалгисидан тўртта кўп, яъни спортнинг ўн олти тури – баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, оғир атлетика, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквондо, енгил атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, сузиш ва шахмат бўйича ўтказилмоқда. Мусобақаларда иштирок этадиган ёшларнинг аксариятини спорт билан мунтазам шуғулланиб, юксак марралар сари интилаётган, болалар ва ўсмирлар ўртасидаги беллашувларда тажриба ва маҳоратини ошириб, катта спортдаги муваффақиятли одимларини бошлаш арафасида турган иқтидорли ўғил-қизлар ташкил этади.

“Баркамол авлод” мусобақалари мезбони Наманган вилоятида спортни ривожлантириш, айниқса, болалар спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши учун қулай шароит ва кенг имкониятлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён ўтган даврда вилоятда 140 га яқин спорт иншооти, жумладан, болалар мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг 2009 йил 6 августдаги “Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида қуриб фойдаланишга топширилган “Баркамол авлод” спорт мажмуаси спортсевар ёшлар учун муносиб туҳфа бўлди. Ушбу мажмуа таркибида халқаро стандартларга жавоб берадиган катта стадион, ёпиқ сузиш ҳавзаси, енгил атлетика, спорт гимнастикаси, бокс, кураш, волейбол, баскетбол майдонлари ва теннис корти мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 19 январдаги “2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Навбаҳор” стадиони жаҳон андозалари даражасида реконструкция қилинди.

Шаҳарда “Камолот” ёшлар боғи, “Кичкинтой” боғи барпо этилиб, замонавий аттракционлар ўрнатилди. “Кичкинтой” боғида ҳайвонот боғи ва океанарий ташкил қилинди. Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри сингари маданият масканларида ҳам катта ҳажмда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Яна ўқинг:  Эл саломатлиги эътиборида

Ёш авлоднинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида барпо этилган 400 ўринли томоша, 50 ўринли конференция зали, кўргазмалар зали, 20 га яқин тўгараклар бир пайтда машғулот ўтказишига мўлжалланган хоналар, янги оила қураётган ёшларни никоҳдан ўтказиш, соғлом ҳаёт асослари, интернет тармоғига уланган ахборот ресурс бўлимлари, бирйўла 100 дан зиёд йигит-қизнинг бир неча спорт тури билан шуғулланиш имконияти яратилган спорт залини ўз ичига олган “Наманган Ёшлар маркази” вилоят ёшларининг камолоти йўлида хизмат қилмоқда.

“Баркамол авлод” мусобақалари дастурига киритилган спорт турлари бўйича иншоотлар, иштирокчилар жойлаштириладиган меҳмонхона, ётоқхона ҳамда бошқа ижтимоий-маиший объектлар замонавий андозаларда таъмирланиб, жиҳозланди. Жумладан, “Дўстлик” теннис корти мажмуасида 8 очиқ ва иккита ёпиқ корт, Наманган Олимпия захиралари коллежининг баскетбол зали, “Паҳлавон” спорт мажмуасининг бадиий гимнастика зали, “Баркамол авлод” спорт мажмуаси, футбол, волейбол, қўл тўпи, енгил атлетика, оғир атлетика майдонлари, сузиш ҳавзаси, шахмат павильони, Олий спорт маҳорати мактабининг бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, юнон-рум кураши залларида мусобақаларнинг юқори савияда ўтишини таъминлаш учун барча қулайликлар яратилди.

Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-педагогика, Наманган муҳандислик технология институтлари ва бир қатор коллежларнинг турар-жойлари ва спорт заллари, иншоотларида кенг кўламдаги таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Мусобақа иштирокчилари учун ўқув юртларининг ётоқхона мажмуалари таъмирланиб, қулай шарт-шароитлар яратилди.

“Баркамол авлод – 2014” беллашувларининг финал босқичи қатнашчилари учун қизиқарли ва кўнгилочар тадбирларга бой катта маданий дастур тайёрланди. Унда таниқли спортчилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат намояндалари билан учрашувлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар, турли концертлар, бадиий фильм ва спектакллар намойишлари, “Истиқлол” дизайн маркази, “Ифтихор кийим саноат”, “Нестле Ўзбекистон” каби замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан таништириш сингари тадбирлар кўзда тутилган.

…Майдонга мусиқа садолари остида ранг-баранг либослардаги спортчилар, болалар ижодий жамоалари, таниқли эстрада хонандалари кириб келади. Улар ижро этган саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақсларда Ўзбекистон ёшларига хос интилиш, ғайрат-шижоат, жўшқинлик ва нафосат намоён бўлади. Мамлакатимизнинг истеъдодли ёш авлоди вакиллари ёрқин театрлаштирилган томоша намойиш этади.

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди.

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

Абу Бакир ЎРОЗОВ,

Акромжон САТТОРОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: