Яхшилик ва фидойилик шиори эди

Ажалнинг аввалдан чалиб келадиган қўнғироғи йўқ. Ёки олдиндан огоҳлантирувчи ишора ҳам қилмайди. Шу боис яхши ва яқин инсоннинг ҳаётдан кутилмаганда кўз юмиши уни билганлар, таниганлар қалбини ҳамиша ларзага солади. Айниқса, сен у инсон билан бирга ишласанг, уни ҳар куни кўриб, гаплашиб, маслаҳатлашиб турсанг, у билан ғамхона бўлсанг бундай айрилиққа чидаш қийин. Аммо Оллоҳнинг ҳукмига ҳеч қачон қарши бориб бўлмайди.

Ўзбек матбаачилиги ва ноширчилиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи муҳаррир, заҳматкаш таржимон ва тажрибали ношир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шомуҳитдин Мансуров олтмиш етти ёшда бевақт оламдан ўтди. У дўстлари даврасида ўтириб, яхши тилаклар билдириб туриб, бир лаҳзада ҳаёт билан видолашди. Сўнгги нафасини ҳам дўстлари билан баҳам кўрди. Жон шунчалар омонат эканки, шоир айтганидек, “чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас”.

У киши ўз ишини ҳар жиҳатдан пухта биладиган таниқли ва устоз ноширлардан эди. Шомуҳитдин ака 1946 йил 28 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1970 йилда Тошкент Давлат (ҳозирги Миллий) университетининг филология факультетини тугатиб, қисқа муддат “Кино” бирлашган таҳририятда муҳаррир бўлиб ишлади. 1972 йилдан то умрининг охиригача “Ўзбекистон” НМИУда қизғин ва самарали меҳнат қилди. Бу даргоҳда муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, директор лавозимларида ишлади. 2004 йилдан буён директорнинг нашр ишлари бўйича биринчи ўринбосари эди. Шунингдек, у киши “Ёзувчи” нашриёти директори, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти бош директор ўринбосари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида бошқарма бошлиғи вазифаларида ҳам қисқа муддатларда ишлаган. Бу фидойи ва заҳматкаш ноширнинг фаолияти китоб ва китоб­ларнинг сирли, сеҳрли олами билан бениҳоя уйғунлашиб кетган эди. У китобни фарзандидек яхши кўрарди, десак муболаға бўлмайди. Худди қизини тўй олдидан никоҳга бекамукўст тайёрлаган онадек китобни ҳам гўзал келинчак мисол нашрга тайёрлар эди. У муҳаррир ёки масъул муҳаррирлик қилган китоб чоп этилганда олам-олам қувончга тўларди. Янги китобни қўлига олганида кўзлари меҳр билан порларди.

У ходимлар ва хизматчиларга нисбатан ҳамиша инсоний ва самимий муносабатда бўларди. Ҳеч кимга, ҳеч қачон овозини баланд кўтариб гапирмаган, айрим раҳбарларга ўхшаб столни ҳам мушт­ламаган. Лекин у кишининг топшириқларини ҳамма бирдек тўғри ва ҳалол бажарган. Хонасига бирор юмуш ва илтимос билан кирган одам ундан рози бўлиб чиқиб кетган. Яхши инсонларни учратиш ва улар билан ҳамкор бўлиб ишлаш ҳамиша ноёб ҳодиса ҳисобланган. Бу киши чин маънода ҳақиқий яхши инсон эди. Бу одамга нисбатан, баъзан яхши деган сўз ҳам камлик қиларди. Бировни ёмонлаш, ғийбат қилиш у кишининг табиатига мутлақо зид эди. Унинг фаолияти яхшиликдан иборат эди. Яхшилик ва фидойилик унинг шиори эди.

Яна ўқинг:  “Ўргимчак тўри”га ўралашма, ўқувчи!

У киши ҳамиша сабр-қаноат билан яшади. Имконият ва шароит тақозо этганда ҳам бир бурда нонга қаноат қилди, сабр-тоқат қилди. Ва бу сабр уни юксакларга кўтарди, улуғлар сафига бошлади. У гўё ўзи меҳр билан таржима қилган ёзувчи Ёвдат Илёсовнинг “Илон авровчи” асари қаҳрамони, Умар Ҳайём ёзган ушбу мисраларга амал қилиб яшади:

Кимнингки бор эса

бир бурда нони,

Ўзига яраша уй-ошиёни.

На биров унга қул,

на у бировга,

Айт, шод яшайверсин,

хушдир замони…

У ўз касбининг ҳақиқий устаси, билимдон ва фидойиси эди. Муҳаррир сифатида муаллиф меҳнатини қадрлаб, унинг услубига, асарнинг мазмун-мундарижасига асло путур етказмасликка ҳаракат қиларди. Тарихий ва диний мавзулардаги китобларни аниқ манбаларга таяниб, бирма-бир солиштириб сўнг, чоп этишга тайёрларди. Шомуҳитдин ака тарихимизни етук бир олим даражасида яхши биларди.

У киши ўта оддий, камсуқум ва камтарин эди. Ўзини ҳар қандай тўдаларга, гуруҳларга урмасди. Аксинча бирор илтимос билан келганларга ёрдам беришга, зарурат бўлса қўллаб-қувватлашга, ишини беминнат битказиб беришга астойдил ҳаракат қиларди.

Камина “Навоий 30” деб номланадиган тарихий бинога ишга келиб топган ноёб ва бебаҳо инсонларимдан бири шубҳасиз Шомуҳитдин ака эди. Салкам олти йил бир бино, бир қаватда ишлаб гўё узоқ йиллик қадрдонлардай бўлиб кетгандик. Бу заҳматкаш ва самимий инсондан кўп нарсаларни ўргандим.

У киши чин маънодаги ўзбек зиёлиси эди. Миллатимизга хос бўлган кўпгина фазилатлар Шомуҳитдин акада мужассам эди.

Кулгини теран тушунарди. Ҳазилни, ҳазил ҳангомаларни айтишни яхши кўрарди. Баъзан аския қилиб, даврадагиларнинг кайфиятини кўтарарди. Суҳбатлари мароқли ва ширин эди.

Бу фидойи инсон умрини меҳнат билан ўтказди. Ва бу шарафли меҳнат унинг умрини безади. У ҳалол ва тўғри ишлади. Шахсий манфаатидан, жамият ва миллат манфаатини ҳамиша устун қўйди. У нафс қули бўлмади. У киши ўта масъулиятли ва ҳар доим масъулиятни ҳис қиладиган меҳнаткаш эди. Қўлёзмаларни уйига олиб кетиб ишларди.

Мустақиллик йилларида Шомуҳитдин Мансуров янада ғайрат ва шижоат билан ишлади. Мамлакатимиз ноширчилигини ривожлантиришда, уни янги поғоналарга кўтарилишида муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойилардан бири эди.

Яна ўқинг:  Меҳру муҳаббат – ҳаётий шиори

Шомуҳитдин Мансуров “Халқ достонларида эстетик идеал”, “Халқ бадиаси ва қарашлари”, “Маънавий маданият ва ахлоқий тарбия”, “Ҳаёт ва хаёл фарзанди”, “Саҳнада туғилган санъат”, “Минг бир хазина” каби бир-биридан қизиқарли илмий-оммабоп рисолалар ва мақолаларнинг муаллифи эди. У таржимон сифатида Куба ёзувчилари ҳикояларини, Янги Зеландия халқлари эртакларини, қатор рус маърифатпарварларининг эстетикага оид мақолаларини ҳамда рус тилида ижод қилган машҳур адиб Ёвдат Илёсовнинг “Илон авровчи” қиссаси ва “Олачипор ажал” романини маҳорат билан таржима қилди. Роман “Жаҳон адабиёти” журналининг 2012 йил 8, 9, 10- сонларида чоп этилди. Бу таржималар ўқувчилар, мутахассислар ва адабий жараённинг юксак баҳоларига сазовор бўлди.

Фидойи инсон ва ношир Шомуҳитдин Мансуровнинг хизматлари давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.

Йиллар ўтади. Лекин Шомуҳитдин Мансуровни кўрганлар, билганлар ва у киши билан бирга ишлаганлар унинг яхши инсонлигини, фидойи ва заҳматкашлигини, ҳамиша нур ёғилиб турадиган самимий чеҳрасини бир умр қалбларида гавҳардай асрайдилар.

Охиратингиз обод бўлсин, Шомуҳитдин ака!

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: