БАЛДАИ МАҲФУЗА ДЕРЛАР…

“Бобурнома”да Самарқанд тасвири

Инсон қачон азиз бўлади? Қачон у меҳру муҳаббатга лойиқ кўрилади? Умуман, инсон деган чинакам номга муносиб бўлишнинг шартлари қайси нуқтада экан? Албатта, бу саволларга жавоб бериш мумкин. Мардлик, ҳалоллик, покдиллик каби фазилатлар инсон қадрини юксакка кўтаради.

Юқорида қўйилган саволларга биз ҳам яққол мисол билан, исбот билан жавоб беришга шайланамиз. Шунда чинакам мард инсон, йирик шахс сиймосида намоён бўладиган боболаримиздан Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ёдга оламиз. Унинг таржимаи ҳолига – ҳаёт йўлига нигоҳ ташлаймиз…

Жозиба деган нарса кишининг кўрки ҳисобланади. У инсонни сеҳрлайди, бошқаради. Сиз бундайн инсон билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, ундан айрилгингиз келмай қолади, унинг файзидан ботинингиз нурланади, маъноли жумлаларидан ҳайратга тушасиз. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ҳазрат Бобур Мирзодаги жамики фазилатлар йиғилиб, жозиба шаклига кирган. У асрлар ўтса-да, одамларни ўзига жалб қилишда давом этяпти.

“Бобурнома”даги фактлар, тасвирлар, тафсилотлар, самимий услуби кишини лол қолдирмай иложи йўқ. Биз муаллифнинг ростгўй инсон эканлигига, оқил шахслигига тан берамиз. Агар асардаги маълумотларни гуруҳлаб чиқсак, унда турли шахсларга берилган тавсиф, ҳудудлар ҳақида географик, этнографик, тарихий ва ҳоказо маълумотларни ўқиймизки, бу Мирзо Бобур дунёқарашининг нечоғлик кенг бўлганига далолат қилади.

Самарқанд юртимизнинг энг қадимий, энг қадрли шаҳарларидан. Биз Бобурномада Самарқандни ўзгача меҳр билан тавсифланганига гувоҳ бўламиз: “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур”.

Рубъи маскун – тўрт томон, чор атроф демакдир. Демак, дунёнинг тўрт томонида Самарқанд каби латиф шаҳар кам. Латиф сўзи, одатда, юмшоқ, мулойим, нафис каби маъноларни ифода этади. Муаллиф латиф деганда Самарқанднинг ҳавоси мулойим демоқчи бўлганми? Ёки Самарқанд одамларининг ҳалим қалбли эканлигига ишора этганми?

Ёки барча хислатларни шу бир сўзда мужассам қилган бўлса ҳам, не ажаб!

“Ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба била мунга даст топмоғон учун балдаи маҳфуза дерлар”.

Бобур Мирзо Самарқандни ёғийлар – душманлар забт эта олмаганларини таъкидлаган: “…ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба била мунга даст топмоғон”, шунинг учун “балдаи маҳфуза дерлар”. “Балда” сўзи шаҳар, “маҳфуза” – сақланган, ҳимоя қилинган демакдир. Хулоса қилиш мумкинки, Мирзо Бобур даврида Самарқандни сақланган, ҳимоя қилинган шаҳар деб таърифлашган экан!

Яна ўқинг:  ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ

“Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур”.

Демак, ҳазрат Бобурнинг маълумот беришича, Самарқандни Соҳибқирондан олдин у киши каби бирор ҳукмдор пойтахт сифатида белгиламаган. Бу эса Самарқанднинг “балдаи маҳфуза” деб таъриф этилиши, нуфузининг ошиши, “жаҳон сайқали” мақомига кўтарилиши бевосита Амир Темур сиёсати билан боғлиқ бўлганлигини билдиради.

Бобур кейинги ўринларда Самарқанд аҳлининг эътиқодига тўхталади, бугунги кунда истиқлол шарофати билан зиёратгоҳга айланган Имом Исмоил ал-Бухорий қабри, имом Мотуридий қишлоғи ҳақида маълумот беради, “Ҳидоя” асари муаллифи Марғинонийни ҳам эслайди. Сўнг Самарқанднинг географик ўрни, қўшни ҳудудлари, сувлари – дарёларини таърифлайди, шу ўринда Самарқандда боғдорчилик ривожлангани билан боғлиқ ажойиб далилни келтиради: “Узуми ва қовуни ва олмаси ва анори, балки жамъи меваси хўб бўлур. Вале икки мева Самарқанддин машҳурдир: себи Самарқанд ва соҳибийи Самарқанд”.

Маълумки, “себ” – олма демакдир. Ҳазрат Бобур яшаган даврда Самарқанд олмаси ва узуми бизнинг ўлкамизда анча машҳур ҳисобланган экан.

“Темурбек ва Улуғбек мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур”.

Бундан келиб чиқадики, Самарқандда қурилган диққатга сазовор иморатларнинг аксари Амир Темур ва Мирзо Улуғбекка тегишли бўлган.

“Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошиёнлиқ, Кўк саройға мавсум ва машҳур ва бисёр олий имораттур”.

Арк, одатда, ҳукмдор қароргоҳи маъносини билдиради. У давлат ишлари амалга ошириладиган ҳукумат маҳкамаси вазифасини бажарган. Самарқанддаги арк Амир Темур давлатининг бошқарув идораси саналган. Ўша ерда Соҳибқирон кўшк – сарой қурдирган. Маълумки, кўшк ўта ҳашаматли қаср маъносини билдириб, у одатда, камида икки қаватли қилиб қурилган. Бобурнинг маълумотига қараганда, Амир Темур тўрт қаватли – тўрт ошиёнли қаср бунёд қилдирган, у “Кўксаройға мавсум”, яъни Кўксарой деб номланган (мавсум – номли демакдир), шу ном билан машҳур бўлган ва жуда ҳам кўркам, баландлиги – олийлиги кишиларни ҳайратга солган. Афсуски, бугунги кунгача ўша қаср сақланиб қолмаган. Биз фақатгина Бобурнинг ушбу маълумотига суяниб, Соҳибқирон Самарқандда яшаган қасрни тасаввур қила оламиз, холос. Шу жиҳатдан ҳам, мазкур маълумот ўта қимматлидир. Тўғри, Абдураззоқ Самарқандий, Давлатшоҳ Самарқандий, Шарафиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий каби тарихчилар ҳам Амир Темур қурдирган бинолар ҳақида маълумот қолдиришган, лекин уларнинг ҳеч бирида “Бобурнома”даги каби содда ва аниқ тасвир учрамайди.

Яна ўқинг:  Обод уйда ором топганлар

Кейинги ўринларда Бобур Мирзо Самарқанднинг ўша даврда Оҳанин деб номланган дарвозасига яқин қалъада Амир Темур қурдирган масжид ҳақида гапирган. Бу масжид қурилишида ҳиндистонлик сангтарош – тош йўнувчилар меҳнат қилишган экан. Пештоқида эса ўта гўзал санъат билан “Қуръон”дан оят битилган.

Бобурнинг айтишича, Самарқанднинг шарқий қисмида Боғу Бўлду ҳамда Боғи Дилкушо деган иккита ажойиб боғ барпо қилинган. Боғи Бўлду аркка йироқ, Боғи Дилкушо яқинроқ жойлашган. Айнан Боғи Дилкушодан бошлаб Самарқанднинг Феруза дарвозасигача бўлган оралиқда хиёбон – катта кўча бунёд этилган ва унинг икки тарафига терак экилган. Боғи Дилкушода ҳам бир қаср бўлиб, унда Амир Темурнинг Ҳиндистон жанги сурати чизилган.

Сиз “Бобурнома”ни ўқир экансиз, ўзингизни темурийлар давридаги Самарқанд шаҳрига тушиб қолгандек ҳис этасиз!

Бобур Нақши Жаҳон, Боғи Чинор, Боғи Шамол, Боғи Биҳишт боғларини, турли мадрасаларни, Улуғбек расадхонасини ҳам батафсил таърифлайди, уларнинг жойлашиш ўрни – жанубдами, шарқдами, ғарбдами, шимолдами – ҳаммасини айтиб ўтган.

У табиатан олим инсон бўлган. Ҳолатни, вазиятни таҳлил қилган. Даврни, одамларни яхши тушунган.

Эътиборли жиҳати Бобур Мирзо тарихни бўяб-бежамасдан, очиқ-ойдин ёзиш тарафдори бўлган. Шунинг учун бугун “Бобурнома”ни эъзозлаймиз, қийналмасдан мутолаа қиламиз.

Хулоса қилиб айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, гарчи тақдир ҳукми билан ўз юртини тарк этса-да, миллати, халқи, керак бўлса, даҳо сифатида инсоният ва тарих олдидаги вазифасини, бурчини аъло даражада уддалаган. Биз ундан ибрат олишимиз лозим.

Акром МАЛИК

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: