Борлиқда бор турфа синоат
Табиат яшашимизни таъминловчи, қалбимизни гўзалликка ошно этгувчи борлиқдир. Биз ҳар сонияда унинг-ла тирикмиз. Лекин шу билан бирга, атрофимизни ўраб турган олам ҳақида ҳали кўп маълумотларга эга эмасмиз. Қуйида эса сизни экооламга оид қизиқарли маълумотлар билан таништирамиз.
- Биласизми, ҳар куни ер устида бир триллион тонна сув буғланади. Агар қуруқликдаги барча сув жаҳон океанига қуйилса, унинг сатхи 3 сантиметрга кўтарилар экан.
Олимларнинг таъкидлашича, ер юзидаги океанлар тубида ҳали одамзот билмаган 80 фоиз тирик мавжудотлар мавжуд экан. Бугунги кунда уларнинг 10 фоизигина ўрганиб чиқилган, холос.
- 1, 2, 3, 4, 5… Бу беш сония ичида чапак чалишга улгурамиз холос, шундайми? Аммо мана шу қисқа сонияларда оламда анча-мунча воқеалар содир бўлади. Ҳар беш сонияда: ерга чақмоқ урилади; коинот 75 километрга кенгаяди; 5 миллион моддани қуёш коинотга сочади; организмимизнинг ҳар бир катагида 500 минг кимёвий реакциялар юзага келади.
- Хитойдаги Хуанхэ дарёсида 20 метр баландликдаги Хукоу шаршараси жойлашган. У Чин ўлкасидаги иккинчи баланд шаршара саналади. Бунинг нимаси қизиқ, дейишга шошилманг. Қизиғи шундаки, қишда ушбу шаршара музлаб, муз-тошлар билан қопланади. Ана шунақа!
- Эль-Пеньон-де-Гуатапе қояси дунёдаги энг катта тош саналади. Унинг таркиби кварц, дала шпати ва шаффоф минералдан иборат.
- Торнадо энг ваҳимали табиат ҳодисаларидан бири бўлиб, ҳар бир қуюн ўз шакли, ранги ва овозига эга. Унинг туси тупроқнинг рангига боғлиқ. Овоз эса қуюн олиб келаётган жой ва буюмларга монанд чиқади. Одатда қуюн бир неча дақиқа давом этиши мумкин. Бироқ шундай вақтлар ҳам бўлганки, у соатлаб тўхтамаган.
Дунёнинг ҳеч бир ерида АҚШ сингари кўп қуюн содир бўлмайди. Ҳар йили ушбу мамлакатга 800 марта бундай табиий офат ҳавф солади. Эътиборлиси, 1931 йилда Миссисипида кўтарилган қуюн 83 тонналик поездни даст кўтариб, йўналишидан 40 метр нарига улоқтириб юборган.
Интернет материаллари асосида Зилола ЖАЛОЛОВА тайёрлади.