Ҳар бир куни қувончга тўла

– Назокатхонни сиз кутяпсизми? – сўради учинчи қават деразасидан мўралаган ҳамшира қиз. Ҳа, дегандек бош ирғади пастда турган йигит унга жавобан ва хавотиромуз сўради:

– Нима бўлди?

– Э-э укажон, суюнчи! Суюнчини кўпроқ берасиз энди. Ҳам ўғил, ҳам қиз – эгизаклар туғилди! – деди ҳамшира.

Ёш отанинг чеҳрасида қувонч барқ урди ва фарзанд бергани учун Яратганга шукрона айтди.

Бундай қувончли воқеалар гинеколог-шифокор Дармонжон опа Хўжаеванинг иш фаолиятида жуда кўп бўлган.

– Она бўлиш аёл учун олий бахт. Бу ишга озми, кўпми, ўз ҳиссамизни қўшиш эса тақдирнинг улкан иноятидир, – дея ўз касбидан фахрланади Дармонжон опа. – Она ҳар жиҳатдан соғлом фарзандни дунёга келтириши учун ўз вақтида дам олиши, витаминларга бой таомлар истеъмол қилиши, соғлом турмуш тарзига риоя этиши, шу билан бирга, оила аъзоларининг эътиборида бўлмоғи лозим. Бундай пайтда турмуш ўртоғи ҳамда қайноналарнинг ўрни муҳим. Ана шундагина туғилажак фарзанд тўрт мучаси саломат дунёга келади.

У фаолияти давомида барвақт ҳомиладорликнинг олдини олиш борасида ҳам аёллардан керакли маслаҳатларини аямайди. Айниқса, скрининг текширувларининг аҳамияти муҳим эканлигини алоҳида таъкидлайди.

– Бундай текширувлар натижасида чақалоқларда учрайдиган туғма ногиронлик, оналарда камқонликнинг олдини олишга эришмоқдамиз. Тез-тез тиббий кўрикка келиб, шифокорлар билан маслаҳатлашадиган фуқароларнинг сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани аҳоли ўртасида тиббий маданиятнинг юксалаётганлигидан далолатдир, – дейди қаҳрамонимиз.

Афсуски, Дармонжон опа Хўжаеванинг иш-фаолиятида баъзида кўнгилсиз воқеалар ҳам учраб туради. Бундай нохуш ҳодисаларнинг асл сабабларини шифокор баъзи аёллар ҳали фарзанди бир ёшга етмасидан, организми ўзини тўлиқ тикламасидан ҳомиладорликни ихтиёр этаётгани билан изоҳлайди. Иккинчи бор она бўлиш учун аёл организми тўлиқ кучга тўлиши, биринчи фарзанди она сутидан баҳраманд бўлиб, соғлом вояга етиши лозим. Бунинг учун туғруқ оралиғи камида уч йилни ташкил этиши лозим.

Шифокор опамиз аёллар саломатлиги борасида сўз юритар экан, ундаги фидойилик ва билимга чанқоқлик ота мерос эканлигини таъкидлайди. Дармонжон опанинг падари бузруквори Хўжабой ота ўз замонасининг билимли кишиларидан эди. Онаси Робияжон она ҳам тўрт нафар ўғил, икки нафар қиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, бировдан кам қилмасдан вояга етказди.

Яна ўқинг:  Қароғида бахт инган аёл

У 1967 йили Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. Талабаликнинг олтин даврида ўзи қизиққан соҳани мукаммал эгаллаш учун барча имкониятлардан унумли фойдаланди. Ниҳоят Дармонжон Хўжаева 1973 йилда ўқишни битириб, Хивадаги ҳозирги тиббиёт коллежида иш фаолиятини бошлади. Устозларидан олган билим ва кўникмалари унинг малакали шифокор-гинеколог бўлиб етишишига замин яратди.

Талабалик даврида бўлажак офтальмолог Шокиржон Раҳимов билан бўлган илк танишув мустаҳкам никоҳ риштаси билан боғланди. Бир-биридан ақлли тўрт нафар ўғил-қизнинг ота-онаси бўлишди. Дармонжон опа фарзандларининг гўдаклигида ҳам туғруқхонада кечки навбатчиликда тунни саҳарга улаб, меҳнат қилди.

Шокиржон ака ва Дармонжон опа ўз касби йўлида меҳнат қилиш билан бирга, оиладаги ота-оналик бурчини ҳам муносиб адо этишди. Оқил фарзандлар бугунги кунда уларга муносиб, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етдилар.

 У қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида Хива туманидаги туғруқхонада ўз меҳнати, тажрибаси билан инсонларга қувонч улашди. Турмуш ўртоғи билан биргаликда умри давомида қўни-қўшни, маҳалладошларидан ўз ёрдамини аямади. Доим дардмандлар дардига малҳам бўлиб яшади. Шу боис, улар барчанинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

 Ҳаётнинг кутилмаган аччиқ қисмати инсон сабрини синайди. Шокиржон аканинг кутилмаганда бу ёруғ дунёни тарк этгани Дармонжон опага яна бир синов бўлди. Лекин иродали, меҳнатсевар аёл ғамни енгиб ўтишга, одамларга яхшилик қилиш, меҳр улашишга ўзида куч топа олди. У бугунги кунда ҳам ўзи севган касбида сидқидилдан меҳнат қилиб, соғлом фарзандларнинг дунёга келишида камарбаста бўлмоқда.

 

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Хоразм вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: