Тинчлик куйин куйлаётган фавворалар

Ёз. Йилнинг энг қайноқ фасли. Қуёш ўзининг заррин нурларини олам узра беминнат сочаётган бир паллада кўнгил салқин ошиён излайди.

Азим пойтахтнинг ажойиб гўшалари, сўлим боғлари, айниқса, кўкка интилиб рақсга тушаётган фавворалари шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб, атрофга салқинлик бахш этади. Ўқиш ёки иш томон отланган ҳар бир инсон борки, манзилига етиб боргунига қадар бир қанча фаввораларга дуч келади. Улар атрофи инсонлар билан гавжум. Турли куй-қўшиқ ва рақслар эса йиғилганларга хушнудлик бахш этади. Беихтиёр, шундай тинч ва осуда заминда яшаётганингизга шукрона келтирасиз. Дур мисол осмонга талпинаётган томчиларнинг ҳаракатланишини кузатиб, вақтнинг қандай ўтганини билмай қоласиз.

Қуёш ўз ўрнини мусаффо осмон тўла ой-у юлдузларга бўшатиб бериши билан, кундузи томоша қилган манзаранинг ажиб, сирли таровати бутунлай бошқа кўринишда кўз олдингизда намоён бўлади. Энди самога талпинаётган биллур томчилар сизни нафақат рақси билан, балки ажабтовур камалак мисол ранглари билан ўз оламига тортади. Кўнгилдаги ғуборлар, ишдаги толиқишлар барҳам топиб, қалбингиз мусаффолашади, ўйлар равшанлашади.

Фавворалар атрофида сайр қилаётган турли ёшдаги инсонларни аста кузатаман. Сувнинг ҳаракатланишига маҳлиё бўлиб турган нигоҳларда ҳайрат мужассам. Айниқса, бахтиёр болалик гаштини сураётган кичкинтойларнинг рақсини айтмайсизми?! Ҳа, буларнинг барчаси истиқлол шарофати, тинчлик меваси.

– Мамлакатингизга иккинчи бор келишим, – дейди кун чиқар мамлакатдан ташриф буюрган меҳмон Осама Катано. – Унинг ажойиб табиати мени ўзига мафтун этади. Айниқса, пойтахтингиздаги Алишер Навоий номли Ўзбекистон давлат академик катта театри олдида жойлашган гўзал фавворани томоша қилиш менга ҳузур бағишлайди. Юртингизда яшаётган инсонларнинг меҳмондўстлиги, очиқ кўнгиллигини алоҳида қадрлайман.

Ўз халқинг, миллатинг ҳақида илиқ фикрларни эшитишдан мароқли нарса бўлмаса керак.

– Ўтган йили олий таълим муассасасини тамомлагач, она шаҳрим Шаҳрисабзга қайтдим. Бир йилдан сўнг курсдош дўстларимиз билан пойтахтимизнинг “Ҳадра” майдонида жойлашган фаввора атрофида йиғилдик. Буни қарангки, ўтган шу қисқа вақт ичида Тошкент ўзгача чирой очибди. Равон йўллар, муҳташам иншоотлар, замонавий меҳмонхоналарни кўриб, ҳайратда қолдим, – дейди Эркин Абдиев.

Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган ажойиб фаввора атрофи одамлар билан гавжум. Жонли куй-қўшиқлар туман аҳолиси хурсандчилига сабаб бўлмоқда.

Яна ўқинг:  Спорт ва ОАВ: муҳим уйғунлик

– Эсимда, ушбу фаввора қурилмасидан илгари, мазкур ҳудуд ўрнида янтоқлар ўсиб ётарди. Ўша пайтда бу ерда шундай катта савдо мажмуаси, инсонларнинг ҳордиқ чиқариши учун фаввора қурилади, деса ҳеч ким ишонмасди. Шукрки, шундай кунларни кўрдик. Набирамни ҳар куни кечки пайт шу ерга сайр учун олиб чиқаман. Унинг хурсандлигини кўриб, мен ҳам қувонаман. Шундай тинч диёрда яшаётганимга Яратганга шукроналар айтаман, – дейди Машкура опа Исломова.

Ҳаёт акси мужассамлашган, мавжланиб ҳаракатланаётган фаввораларга боқаман. Шубҳасиз, улар ҳам тинчлик куйин куйламоқда.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: