ТЕННИСЧИЛАРИМИЗНИНГ ҒАЛАБАЛИ ОДИМЛАРИ
Мельбурн шаҳрида теннис бўйича давом этаётган “Катта дубулға” туркумига кирувчи энг нуфузли тўрт турнирдан дастлабкиси – Австралия очиқ чемпионати беллашувларини ҳамюртларимиз ғалаба билан бошлади.
Хотин-қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Оқгул Омонмуродова дастлабки босқич учрашувида франциялик Матильда Йоханссонни 6:4, 6:2 ҳисобида енгди. Энди Оқгул италиялик Роберта Винчига қарши кортга чиқади.
Эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида қатнашаётган Денис Истомин ҳам мухлисларни хушнуд этди. Моҳир теннисчимиз голландиялик Игорь Сийслингга биринчи сетида 4:6 ҳисобида ютқазганига қарамай, қолган уч сетда 6:3, 6:4, 6:2 ҳисобида зафар қучди. Д.Истомин навбатдаги учрашувни италиялик Андреас Сеппига қарши ўтказади.
Ҳиндистонда ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган халқаро турнирда Жўрабек Каримов яккалик баҳсларида мезбонлар вакили Ануш Сингҳ Бхаттини 6:0, 6:0 ҳисобида енгиб, биринчи босқичда энг тезкор ғалабага эришган теннисчи бўлди. Жўрабек жуфтлик баҳсларида хитойлик Аоран Ванг билан ҳамкорликда ҳиндистонлик Анвит Бендре ва Хитой Тайпейи вакили Чин Чун Танг устидан 6:2, 3:6, 13:11 ҳисобида ғалаба қозонди.
Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА шарҳловчиси