Мароқли ҳордиқ

Болаларни оромгоҳга юборишда нималарга эътибор бериш зарур?

Бу ерда улар учун кун бўйи очиқ ҳавода сайр қилиш, организмни чиниқтириш учун зарур муолажаларни олиш (ювиниш, ҳовузларда чўмилиш), сархил сабзавот ва мевалар билан бойитилган овқатларни истеъмол қилиш учун барча шароит муҳайё қилинган.

Шу ўринда ота-оналарда “оромгоҳга фарзандимизни юбориш учун нима қилиш зарур?” деган ҳақли савол туғилади.

Аввало, болага мактабнинг тиббий ходими маълумотнома тўлдиради. Унда қуйидагилар кўрсатилади: ўқувчининг саломатлиги (агар бола диспансер назоратида турса ташхисни кўрсатиш керак), унинг юқумли касаллик билан оғриганлиги, эмланган вақти, жисмоний ривожланиш даражаси, тавсия қилинадиган тартиб, жисмоний фаоллик гуруҳи. Ушбу маълумотнома билан болажонлар тиббий кўрикдан ўтадилар. Оромгоҳнинг тиббий ходими ўғил-қизларнинг дам олиш масканида бўлган даври мобайнида саломатлигида юз берган ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни ёзиб боради.

Шунингдек, болаларни оромгоҳга жўнатиш олдидан ота-оналар ўғил-қизларининг озодалигига алоҳида эътибор беришлари зарур. Ҳар бир бола уст ва оёқ кийими, тиш чёткаси ва пастаси, тароқ, шампунь ва совун каби шахсий гигиеник воситаларни олишлари лозим.

Улар учун тавсия этиладиган кийимлар ҳавони яхши ўтказадиган, терни шимадиган, қуёш нурини қайтарадиган бўлиши керак. Шунингдек, либос кенг ва танага ёпишиб турмайдиган, ип газлама ва ипак шойидан тикилган бўлиши лозим. Оёққа териси текис чармли пойабзал (кроссовка) ва юмшоқ шиппак олиш мақсадга мувофиқ. Қимматбаҳо безаклар (тилла узук, зирак, соат ва ҳ. к.), телефон, компьютер, фотоаппаратларни олишга рухсат берилмайди. Чунки, ушбу нарсалар учун ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олмайди.

Оромгоҳлар шаҳар чеккасидаги аҳоли яшовчи махсус жойларда, ўрмонларда, сув ҳавзалари (дарё, кўл, денгиз, ҳовузлар ) яқинига, сув ва электр манбаи бор ерларга жойлашган. Жой танлашда темир йўл, автомобиль йўлларининг борлиги, чиқинди сувларнинг чиқиб кетиши ва тозалаш иншоотларини қуриш учун лозим бўлган қулайликлар ҳисобга олинади. Ҳар бир ажратилган ер майдони умумий санитария-гигиена талабларига жавоб бера олиши (тупроқнинг тозалиги, етарли даражада буғланиши ва шамоллаши, ер ости сувининг чуқур бўлиши, ёмғир сувлари яхши оқиб кетиши) керак.

Оромгоҳ кун тартибида асосан болаларнинг узоқ муддат мобайнида очиқ ҳавода бўлиши, соғломлаштириш тадбирларини олиб бориш назарда тутилади. Улар қуйидагилар: қуёш ваннаси, сув муолажалари, серҳаракат ўйинлар, ўрмон ва далаларга сайрга чиқиш. Шунингдек, кун тартибида болаларнинг ухлаши, мунтазам тартибда овқатланиши, оммавий меҳнат фаолияти, табиий омиллардан фойдаланишнинг тўғри ташкил қилиниши назарда тутилади. Шу билан бирга дам олувчилар учун кун тартибини тузишда уларнинг саломатлиги ҳам эътиборга олинади.

Яна ўқинг:  Кроссворд ечиш мия фаоллигини оширади

 

Болалар бўш вақтларида ўзлари қизиқадиган машғулотлар билан банд бўладилар. Булар ўқиш, кундалик ёзиш, тўқиш, расм чизиш ва бошқалардир. Ҳар бир ўғил-қиз спорт билан шуғулланиши, ашула ва рақс ўрганиши, адабий тўгарак машғулотларида банд бўлиши мақсадга мувофиқдир.

 

Фарзандларимизни оромгоҳларга юборишимиздан мақсад уларни мустақил ҳаётга тайёрлашдир. Табиат қўйнида дам олган болалар унинг қадрига етишни ўрганади, экологик маданияти ҳамда тиббий саводхонлиги ошади. Шунингдек, ҳаётда содир бўладиган қийин вазиятларга мослашиш, дўстлашиш, озодаликка риоя қилишни ўрганадилар.

 

Санобар ШАМСУТДИНОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: