Тамакига “тутқунлик” ёки соғлиқ…

танлаш ихтиёри Сизда

Чекиш соғлиқ учун зарарлигини ҳамма билади. Лекин йилдан-йилга чекувчи кашандалар сони бутун дунё бўйича ортиб бормоқда. Ҳар бир сигарет қутисига “Чекиш инсонни ўлдиради” деган жумла ёзиб қўйилган. Лекин барча чекувчилар ўйлайдики, бу сўзлар уларга тааллуқли эмас.

Машҳур сайёҳ Христофор Колумб Американи кашф этганига ҳам 500 йил бўлди. Аммо унинг таъқиқларига қарамасдан денгизчилар Европага янги қитъадан турли ўсимликлар, жумладан, тамакининг барг ва уруғларини келтиришди.

Қадимда ерли аҳоли ўз диний маросимларида ёвуз руҳларни ҳайдаш мақсадида тамакини тутатишган. Ундан чиққан тутун кишини карахт ва маст қилган. Ҳозирда чекиш дунё аҳолиси ўртасида энг кенг тарқалган иллат бўлиб, у шунингдек гиёҳвандлик дебочаси ҳам ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра ҳар 6 сонияда дунёда 1 нафар одам тамаки чекиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмади. Бунинг натижасида дунёда ҳар йили 6 млн. га яқин одам нобуд бўлади. Уларнинг 600 мингдан зиёдини “пассив чекувчилар” ташкил қилади. Агар вазият шундай давом этаверса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич йилига 10 млн. га етиши мумкин. 2030 йилга бориб эса тамаки чекиш эрта ўлимга олиб келувчи энг кучли омиллардан бирига айланади.

Дунё олимларининг маълумотларига кўра ҳар бир чекилган сигарет кашанданинг 6 дақиқа ҳаётини қисқартиради.

Чекувчиларда чекмайдиганларга нисбатан ўпка саратони 30 марта, стенокардия 13 марта, меъда ярасига 10 марта кўпроқ учрайди. Ўпка саратони билан касалланганларнинг 96-100 фоизини ва сил билан хасталанганларнинг 95 фоизини, меъда яраси билан оғриганларнинг 96-97 фоизини кашандалар ташкил этади. Ҳозирда чекиш ва ўпка саратони ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлиги исботланган. Тамаки тутуни таркибидаги моддалар саратон келиб чиқишини тормозлаб турувчи p53 генини парчалайди.

Бундан ташқари чекувчи инсонларда овознинг бўғилиши, тишларнинг сарғайиши, оғиздан бадбўй ҳид келиши, юз терисининг сўлғинлиги, хотира пасайиши, жинсий фаолиятнинг сусайиши каби нохуш ҳолатлар юзага келади.

Кўпинча чекувчилар тамакини тинчлантирувчи таъсирга эга деб ўйлашади. Аслида эса никотин – кимёвий стимулятор (рағбатлантирувчи) ҳисобланади. Агар одамнинг томир уришини ўлчаб, сўнгра унга кетма-кет икки дона сигарет чектириб, қайтадан унинг тезлиги ўлчанса, пульснинг ошганлигини кузатамиз. Деярли барча чекувчилар тушлик пайтида “хумор босди” қилишни ёқтиришади.

Яна ўқинг:  Ўсмирлик даври психологияси

Никотин асаб тизимини заҳарловчи моддалар қаторига киради. Тамаки чекилганда 20 сонияда никотин қонга ўтиб, асаб тизимига таъсир этади. У оз миқдорда асаб ҳужайраларининг қўзғалувчанлигини оширади. Нафас олиш ва юрак уришини тезлаштиради. Юракнинг қисқариш ритмини бузади, кўнгил айнишига олиб келади. Кўп миқдорда эса марказий ҳамда вегетатив асаб тизими ҳужайраларини тормозлайди ва фалажлайди. Асаб тизимининг таъсирланиши иш қобилиятининг сусайиши, қўл қалтираши ва хотиранинг пасайишида намоён бўлади. Никотин мия ҳужайраларининг кимёвий таркибини ҳам ўзгартириб юборади. Германиянинг Бонн университети олимлари ўтказган тадқиқотда бу яна бир бор ўз исботини топди. Тажрибада 43 нафар кашанда танлаб олинган ва уларнинг миялари ўрганилган. Уларда мия иш фаолияти учун жуда зарур бўлган N-ацетиласпартат аминокислотасининг камайиб кетганлиги маълум бўлди. Бу чекувчилардаги ҳаётдан завқланиш, хурсанд бўлиш туйғуларини чеклайди ва бирор хасталикда оғриқларга бўлган бардошни камайтиради. Бундан ташқари тамаки таъсирида мия фаолияти учун энг зарур бўлган холин моддаси ҳам камаяди. Буйрак усти безига таъсир қилиб, адреналин гормони ажралиб чиқишини кучайтиради. Бунинг натижасида қон томирлар торайиб, пульс ва артериал қон босими ошади. Жинсий безларга салбий таъсир этиб, эркакларда жинсий заифликнинг ривожланишига олиб келади.

Кашанда одам фақат ўзинигина эмас, балки атрофдагиларни ҳам заҳарлайди. Булар унинг ота-онаси, дўстлари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари бўлиши мумкин. Тиббиётда бундай кишилар “пассив чекувчилар” деб аталади. Яна шу нарса ҳам маълумки, кашанда инсонларнинг фарзандлари турли юқумли касалликлар билан тез-тез касалланишади. Уларни бронхит (бронхларнинг яллиғланиши), пневмония (зотилжам) каби нафас йўллари касалликлари ўз домига тортади.

Тамаки тутуни таркибида 400дан зиёд заҳарли кимёвий моддалар бўлиб, уларнинг 40дан зиёди саратон касаллигини келтириб чиқаради. Булар никотин, цианин, симоб, формальдегид, ис гази, синил кислотаси, бензопирен, нитрозамин ва бошқалар. Полоний, висмут ва қўрғошиннинг радиоактив изотоплари мавжуд. Бир кунда 1 қути сигарет чекиш бу 1 йилда 500 рентген нуридан зарарланиш деган гап.

Битта сигарет 6-8 мг. никотин сақлайди, унинг 3-4 мг. миқдори қонга ўтади. Инсон учун ўлимга олиб келувчи доза 50-100 мг. (ёки 2-3 томчи) никотин, шунча миқдор ҳар куни 20-25 та сигарет чекадиган киши организмига тушади. Бу миқдор аста-секинлик билан организмга киргани учун чекувчи ўлмайди. 30 йил давомида кашанда одам ўрта ҳисобда 20 минг дона сигарет чекади. Бу билан у 160 кг. тамаки ёки 800 грамм никотинни ичига ютади.

Тамаки тутуни ҳомиладор аёлга ва ҳомилага ўта хавфли таъсир қилади. Ҳомиладор аёл хоҳ фаол, хоҳ нофаол равишда чекувчи бўлса йўлдошда қон томирлари спазми (торайиши) кузатилади. Ҳомила бир неча дақиқага кислород етишмовчилиги ҳолатига тушади. Доимий равишда чекиш эса ҳомилада мунтазам сурункали кислород етишмовчилигига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ҳомиланинг она қорнида ривожланиши секинлашади. У турли нуқсонлар билан туғилади ёки бола муддатидан олдин, чала, вазн етишмовчилиги билан туғилиши мумкин. Чекувчи аёлдан туғилган чақалоқлар тутқаноқ хуружларига мойил бўлишади. Эпилепсия билан кўпроқ касалланишади ва ақлий ривожланишдан орқада қолади. Ҳомиладорликда чекиш бола нобуд бўлиш эҳтимолини 15 маротаба оширади. Чекувчи она сутининг 1 литрида 0, 5 мг никотин бўлади, сут ёқимсиз ҳидли ва таъми ҳам бузилади. Бундай сутни эмишдан бола бош тортади.

Яна ўқинг:  Нафосат маликалари

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган ибратли мақол бор. Демоқчиманки, кўпчилик ҳолларда чекувчи инсонларнинг фарзандлари ҳам келажакда кашанда бўлиши мумкин. Бу эса ёмон ҳолатлардан биридир. Агар ўсмир иккита сигарет чекиб кўрган бўлса, 70 фоиз ҳолларда улар кейинчалик бутун ҳаёти давомида чекишади. Бу тадқиқотларда ўз тасдиғини топган.

Чекиш – бу фақатгина инсоннинг шахсий муаммоси бўлибгина қолмасдан, балки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бутун жамият муаммосидир. Бугунга келиб дунёнинг 140 давлатида чекишни чегаралаш бўйича турли қонунлар қабул қилинган. Бутун Ер шарида йилига икки марта халқаро чекишга қарши кун ўтказилади. Буларнинг биринчиси 1988 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган ва ҳар йили 31 майда ўтказилади. Иккинчиси халқаро чекишни ташлаш куни бўлиб, бу кун 1977 йил Америка Онкологлар жамияти томонидан ташкил этилган. Ҳар йили бу сана 18 ноябрь куни ўтказилади. Булардан кўзланган асосий мақсад дунё аҳолиси орасида тамакининг зарари ва унинг салбий оқибатларини тарғиб этишдир.

 

Азиз юртдошлар!

Ҳар ким ўз саломатлиги ва оила аъзолари ҳамда яқинларининг соғлигини ўзи асраши зарур.

 

Зулхумор МУТАЛОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти директори,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: