Қулоқчин – соғлиқ учун зарарли

Унинг ғилофига мутахассислар «Қулоқчин – соғлиқ учун зарарли» деб ёзишни таклиф қилишмоқда.

Ахборот технологиялари бутун дунёни эгаллаб, ўз таъсирини ўтказаётганлиги сир эмас, албатта. Метрога тушасизми, автобусда бўладими, бекатдами, таксидами, буни ҳам қўйинг, дастурхон атрофида жамулжам оила аъзоларининг кичигидан тортиб каттасигача телефонга тикилган.

Ота-оналар эндигина қадам ташлаётган боласининг сенсорли телефоннинг кодини очиб, турли ўйинлар ўйнаётганидан хурсанд. Чунки фарзанди ўз ақлини танимаса-да, телефонни бошқара олаяпти. Бу унинг келажакда зукко бўлишига ишора деб ҳисоблашмоқда. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор-да. Телефон тарқатаётган нур ҳали эндигина жисмонан шаклланаётган боланинг мия фаолиятига зарар келтиради. Буни ота-оналар ҳисобга олмайдилар ҳам. Айрим ёшлар орасида дастурхон атрофида ўтирганда ҳатто, нима овқат еганини билмайдиган “муккасидан кетганлар” жуда кўп топилади. Бу ҳақда қизиқчилар кўп ва хўп ҳангомалар тўқишди.

Яқинда автобусда бўлган воқеани кўриб жуда ҳайратландим. Ўриндиққа суяниб олган ёшгина қиз, телба-тескари қилиқлар қилиб, рақсга тушадими-ей, қўшиқ айтадими-ей, хуллас, у ҳамманинг диққат-эътиборида. Қандай қилиб, ҳеч қандай мусиқасиз ҳам рақсга тушиш мумкин, деб кузатиб турсам, у қулоқчин тақиб олган экан. Кимдир кулди, кимнингдир энсаси қотди. Аммо шу қизга танбеҳ бериб, тўғри йўлга бошлайдиган бирор инсон топилмади орамизда.

Мутахассисларнинг фикрича, мусиқа тинглаш яхши, албатта. Чунки у руҳий эмоционал ҳолатимизни ўзгартиришга қодир воситадир. Кимнингдир тушкун кайфиятини яхшиласа, кимнингдир стресс ҳолатини ижобий томонга ўзгартириши мумкин. Бироқ, мусиқа тинглашнинг ўз меъёри ва жойи бор. Айтмоқчиманки, кўча, автобус, метро ва бошқа транспортларда қулоқчин орқали мусиқа тинглаш салбий оқибатларни келтириб чиқариши табиий. Қулоқчинлар тақилганида атрофга нисбатан диққат-эътибор йўқолади. Чунки уларнинг диққати мусиқага қаратилган бўлади. Ёки уларнинг ўзи билан ўзи овора бўлиб қолишларини кузатиш мумкин. Шунингдек, доимий равишда қулоқчинлар орқали мусиқа тинглаш инсонда руҳий зўриқишга олиб келади. Ҳар бир ҳодисага жиззакилик билан муносабатда бўлиш, тез чарчаш каби ҳолатлар кузатилади.

Шу билан бирга тиббиёт ходимларининг фикрича турли аудио плеерлар ва телефонлардан қулоқчин орқали қўшиқлар тинглаш аксарият ёшларнинг қулоқ касаллигига чалинишига олиб келмоқда. Бу дунёни ўйлантираётган хасталик десак янглишмаймиз. Ҳар қандай 80 децибелдан юқори шовқин қулоқнинг ички пардаларини зарарлайди. Қулоқчин тақилганда жуда баланд товушда янграётган мусиқа қулоққа яқин жойда бўлганлиги сабабли, уни зарарламай қўймайди. Вақт ўтиши билан у бош айланиши, қулоқнинг шанғиллашига ва охир-оқибат карликка олиб келади. Жаҳон мамлакатларида ўтказилган статистик маълумотларга кўра карлик асосан ёшларда кўпроқ кузатилмоқда.

Яна ўқинг:  КЕЛАЖАК ТИББИЁТИ: “АҚЛЛИ” БИНТЛАР

Хорижда жамоатчилик олдида қулоқчинлар тақиш ва шундай кўринишда юриш ҳурматсизлик ва шармандалик саналади. Ҳаттоки, мутахассислар қулоқчинларнинг зарари ҳақида қулоқчин қутиларига “баланд товушда мусиқа тинглаш соғлиқ учун зарарли” деб ёзиб қўйиш талаби билан чиқмоқдалар.

Дарҳақиқат, ҳар ишда меъёр бўлгани яхши. Аммо ёшларимиз бугун бундай имкониятдан чегарасиз фойдаланмоқдалар. Яхшиямки, мамлакатимиз қонунчилигига кўра пиёдалар ўтиш жойидан телефонда гаплашиш таъқиқланиб, мазкур ҳолат бўйича махсус меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди. Эндиликда эса ҳар биримиз оиламизда яқинларимизнинг телефондан фойдаланиш маданиятини шакллантиришиз муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Гўзал САЛИМОВА,

Тошкент ислом университети талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: