Беқиёс тарихий ҳужжат

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонини ўқиб

Тил – миллат мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат, таъбир жоиз бўлса, унинг паспорти. Ўз навбатида тилнинг бутун сеҳру жозибаси, латофати, қудрати биринчи навбатда ана шу тилда яратилган бадиий адабиётда намоён бўлади.

Шу боис ўзлигини таниган, ўзини ҳурмат қилган ҳар бир миллат она тили ва адабиётининг дунё миқёсидаги нуфузини оширишни ҳаётий эҳтиёж, деб билади. Унинг ривожи йўлида бор куч-салоҳиятини сафарбар этади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги тарихий фармони ана шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. 1991 йилнинг 31 августида мустақилликнинг эълон қилиниши Ватанимиз ва халқимиз тарихида қанчалик буюк ҳодиса сифатида эътироф этилса, ушбу фармон она тилимиз ва адабиётимиз ривожида шунчалик қадрлидир.

Матбуотда ушбу фармонни ўқиб, кўкрагим тоғ қадар кўтарилди. Бизнингча, ушбу тарихий ҳужжатдан қуйидаги муҳим фикрларга келиш мумкин:

Биз дунёнинг энг қадимий тарихга эга миллатлариданмиз. Давлатимиз раҳбари фармонидаги: “Ўзбек тили қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, унинг шаклланишида милоддан олдинги ва милоддан кейинги дастлабки асрларда минтақамиз ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдийлар, хоразмийлар ва бошқа элат ва миллатлар ўз таъсирини кўрсатгани ҳақида мавжуд илмий манбалар далолат беради”, деган сўзлари буни тасдиқлайди.

Президентимизнинг бу фикрлари теран асосларга эга. Мана, айрим далиллар. Бундан минг йил муқаддам буюк тилшунос Маҳмуд Кошғарий она тилимизнинг араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб ўзиб бораётганидан ифтихор қилган эди. Тасаввур қилинг, агар минг йил олдин она тилимиз ана шундай мавқега эга бўлган бўлса, бу даражага юксалиши учун қарийб яна бир-икки минг йиллик такомил босқичларини ўтаган бўлиши керак. “Муҳокамат ул-луғатайн”да Алишер Навоий бу ҳақда қуйидагича ёзади: “… уч навъ тилдурким, асл ва мўътабардур ва ул тиллар иборот гавҳари билан қойилининг адосиға зевар ва ҳар қайсининг фуруъи бағоят кўптур. Аммо туркий ва форсий ва ҳиндий асл тилларнинг маншъаидур…”

Эътибор беринг: “асл тилларнинг маншаъи…” Бу ҳазилакам гап эмас. Маншаъ – бу сўз “Навоий асарлари луғати”да: “бир нарсанинг чиқиб келган ўрни, келиб чиқиш жойи, бошланиши”, дея изоҳланган.

Яна ўқинг:  МУАЛЛИМ БОБОНИНГ БОЛАРИЛАРИ

Фармонда таъкидланганидек, ўзбек адабий тили ривожида Маҳмуд Кошғарийдан Лутфийгача, Алишер Навоийдан Фурқатгача, Маҳмудхўжа Беҳбудийдан Абдулла Қодирийгача бўлган мутафаккир адибу шоирларимизнинг ҳиссаси бениҳоя катта. Уларнинг бу борадаги бой ижодий меросини янги замон талаблари асосида ўрганиш ҳам ҳаётий эҳтиёждир.

Иккинчи муҳим хулоса она тилимизни асраб-авайлаш, бойитиш, нуфузини мунтазам ошириб боришимиз зарурлигидир. Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида таъкидлаганидек, биз дунёнинг энг бой тилларидан бирига ворисмиз. Она тилимиз лексик қатламининг бой экани, ифода имкониятининг кенглиги жиҳатидан дунёдаги бирор тилдан қолишмайди. Эндиги вазифа уни янада бойитиш, жаҳон халқларининг тиллари орасидаги нуфузини янада юксалтиришдир.

Бугунги кунда она тилимизнинг ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилган. Галдаги вазифа, фармонда таъкидланганидек, “… бу соҳадаги камчиликларни бартараф этиш…, она тилимизнинг қўлланиш доирасини янада кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш”дан иборатдир.

Ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган бу каби ишлар буюк бобокалонимиз Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жамоаси зиммасига улкан масъулият юклайди. Узоқни кўзлаб, Ватанимиз, халқимиз манфаатини ўйлаб амалга оширилган, бениҳоя улкан аҳамиятга эга бу иш она тилимиз ва адабиётимизнинг бундан кейинги ривожи учун катта имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.

Илм-фанни ривожлантирмай таълим соҳасида бирор муваффақиятга эришиш қийин. Чунки илмдаги энг сўнгги янгиликлар талабалар аудиториясига олиб кирилса, амалиётга татбиқ этилса юксак самаралар беради. Янги университет жамоаси олдида фан ва таълимнинг юқори даражадаги интеграциясини таъминлашдек улкан вазифа турибди. Бу ўзбек тили ва адабиётининг устувор йўналишлари, ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ долзарб илмий муаммоларни тадқиқ қилишдан таълим тизимининг барча босқичларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитишнинг янги ва самарали методлари бўйича илмий изланишлар олиб бориш, илғор педагогик технологияларни кенг жорий этишгача бўлган кенг қамровли вазифалар ижросини қамраб олади.

Компьютер лингвистикаси соҳасини ривожлантириш, ўзбек тилининг ахборот услубини шакллантириш, она тилимизда матнларни автоматик таҳрирлаш, машина таржимаси учун мўлжалланган дастурларни, компьютер изоҳли ва таржима луғатларини ишлаб чиқиш, ўзбек тили ва адабиёти бўйича электрон дарсликлар, мультимедиа комплекслари, инглиз тилидаги IЕLTS, TOEFL типидаги мукаммал дастур тизимини яратиш сингари ҳозирги давр учун долзарб бўлган ишлар ҳам янги университет жамоаси зиммасида турибди.

Яна ўқинг:  Мамлакатимизда паспорт тизимининг ўрни

Юртбошимизнинг ушбу фармони она тилимиз ва адабиётимиз ривожи учун беқиёс аҳамиятга эга тарихий қадам бўлди. Уни ҳаётга татбиқ этишдаги вазифалар ичида энг муҳими ҳар бир ишга ватанпарварлик, тарихи шонли, келажаги буюк халқимизга, унинг тили ва адабиётига чуқур муҳаббат туйғуси билан ёндашмоқ ва ёш авлод қалбига бу руҳни сингдирмоқдир. Она тилимиз ва адабиётимиз тақдири учун куюниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш наинки янги университет жамоаси, балки бутун жамиятимизнинг, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор. ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: