Тежамкорлик – хотиржамлик асоси
Бугунги ҳаётимизни электр энергиясисиз тасаввур этиш қийин. Хоҳ ишда, хоҳ уйда бўлсин, барчамиз унинг ёрдамига эҳтиёж сезамиз.
Афсуски, аҳоли ўртасида соҳа мутахассислари томонидан мунтазам тушунтириш ишлар олиб борилишига қарамай, баъзан электр энергиясидан оқилона фойдаланмаслик, тўловларни ўз вақтида амалга оширилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Шу боис давлатимиз томонидан электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатлари мунтазам равишда назорат қилиб борилади. Агарда фуқаро ишлатилган электр энергияси ҳақини ўз вақтида амалга оширмаса, ушбу қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан бундай шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Жумладан, “Ўздавэнергоназорат” Тошкент ҳудудий бўлими томонидан ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” ҳам истеъмолчилар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, турли салбий ҳолат ва камчиликларни бартараф этишда алоҳида ўрин тутади.
Мазкур “Очиқ эшиклар куни”да фуқаролардан тушган мурожаатлар қабул қилиниб, юзага келган муаммолар ечимини топишда амалий ёрдам ва керакли маслаҳатлар берилади. Ушбу тадбирлар иш унумдорлиги, сифатини ошириш, электр энергиясидан тўғри фойдаланиш ва турли ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш, энг муҳими, иқтисодиётимиз ривожини таъминлаши билан аҳамиятлидир.
Лазизжон СУБАНОВ,
“Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Тошкент ҳудудий бўлими етакчи муҳандиси