Ҳунарда ҳалол насиба бор

Мансуржон ота-бобосининг касби – ёғоч ўймакорлигининг сир-асрорларини Мурод бобосидан қунт билан ўрганди. Сирдарё туманидаги “Зиёкор” маҳаллада яшовчилар ушбу авлод вакилларини уста ҳунармандлар сифатида яхши билишади.

Йўлингиз тушиб маҳалладаги бу ҳунармандлар хонадонида бўлсангиз, стол-курсилар, хонтахта, нафис ишланган кўплаб нақшинкор қутича каби ҳунармандчиликнинг беқиёс намуналарини кўриб, ҳайратингиз ошади. Улар ёнғоқ, чинор, қайрағоч каби дарахтлардан ишланган бўлиб, қаттиқ ва чидамли буюмлар сирасига киради.

Яқинда биз ҳам Мурод отанинг устахонасида бўлдик. Эгнида иш кийими ўзига ярашиб турган Мансуржоннинг ишларини кузатдик. Унинг бутун диққат-эътибори навбатдаги буюртмани ниҳоясига етказишга қаратилганди. Устахона саҳни саранжом-саришта, токчаларга зарур асбоб-ускуна ва ҳунармадчилик буюмлари тартиб билан терилган. Ўртада ёнғоқ дарахти бир неча бўлакларга ажратилиб, рандалаб чиқилган. Тайёр буюмларни кўрганингизда ёғоч ўймакорлигининг барча машаққатларини ҳис қилавермайсиз. Аслида бу жуда нозик, ўта эътибор талаб ишдир. Ҳунармандчиликнинг бу тури билан шуғулланувчи ҳам рассом, ҳам уста бўлиши керак. Замонавийлик ва қадимийлик уйғунлашиб ажиб манзара касб этган бежирим буюмларни кузата туриб, забардаст қўлларга тасаннолар айтасиз.

Пиру бадавлат отахон Мурод Ражабов ёғоч бўлакларини силлиқлаб рандалашдан то бирор буюм тайёр бўлгунча фарзандлари Баҳром, Маъмуржон ва Умиджон Ражабовлар ёнидан кетмайди. Ҳам ота, ҳам талабчан устоз сифатида бўш вақтларида ёғоч ўймакорлигининг ўзига хос миллий анъаналаридан сўзлайди, уларни асрашга ундайди. Ўғилларини ўз ҳаётларига мазмун киритиши ва турмушининг фаровон бўлиши учун бу ҳунарни эъзозлаб-қадрлаб, мунтазам шуғулланиб келишларига даъват этади.

Ёғоч ўймакорлиги сулоласининг учинчи авлоди вакили, Гулистон давлат унверситети педогогика факултетининг 3-босқич талабаси Мансуржон Ражабов мана олти йилдирки, касбини эъзозлаб, ёшларга ҳам ҳунармандчилик сир-асрорларини ўргатишдан, тинимсиз изланишдан чарчамайди. Шогирдлари билан бирга тайёрлаган безак учун ишлатиладиган кошинлар, нақшлар, кичик ҳажмдаги ўйинчоқлар, турли қутича ва шу каби буюмлари билан республика ҳамда вилоят миқёсида ўтказиб келинаётган турли савдо кўргазмаларида иштирок этиб келмоқда. Мансуржоннинг ўзи эса “Ташаббус – 2016”республика кўрик-танловида қатнашиб, у ясаган буюмлар кўпчиликнинг эътиборига сазовор бўлди. Шунингдек, ўтган йили “Халқаро туризм” республика кўргазмасида фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

– Ҳунар хонадон тўкинчилигини таъминлайди, – дейди Мансуржон. – Ҳунармандчилик буюмлари қадр-қимматини ҳеч қачон йўқотмайди. Қалб қўри билан яратилган бу санъат асарлари умрбоқийдир.

Яна ўқинг:  Одам савдоси – давр муаммоси

Эндигина йигирма уч баҳорни қаршилаётган сулола давомчиси Мансуржон Ражабов ҳунармандчилик буюмлари, чизган суратларини болажонларга совға қилишни ёқтиради. Ўқувчилар ҳам вақти-вақти билан “Мурод ота”номли уста-шогирд мактабида бўлиб, ҳунармандчилик касбини ўрганишга ҳаракат қилишмоқда. Мансуржон ўзини ҳали шогирд мақомида ҳис қилса-да, ундан ҳунармандчиликнинг сир-асрорларини ўрганганлар сони бугун 20 нафардан ошди. Қувонарлиси, улар ҳозирда мустақил равишда иш олиб боришмоқда.

Абдулла САИДОВ,

Сирдарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: