Ногиронлик муддатсиз тайинланиши мумкинми?
Ногиронлик гуруҳининг муддатсиз белгиланиши ҳақида эшитгандим. Кимларга ва қандай ҳолларда ногиронлик муддатсиз тайинланиши мумкин?
О.ВОСИҚОВА,
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати бошқариш тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 175-сонли Қарорида ногиронлик гуруҳи муддатсиз белгиланадиган фуқаролар хусусида тўхталиб ўтилган.
Бунга биноан:
– 60 ёшдан катта ногирон эркаклар ва 55 ёшдан катта ногирон аёллар;
– Ҳамда кейинги 5 йил ва ундан ортиқ йил мобайнида ногиронликнинг биринчи ёки иккинчи гуруҳи белгиланган, 5 йил мобайнида даволаш – профилактика муассасаларида тўлиқ диспансер кўригидан ўтган, реабилитация дастурлари бажарилган, шунингдек, реабилитациянинг барча турлари истиқболсиз бўлган, тикланмайдиган анатомик – функционал бузилишлар ёки зўраювчи касалликларга дучор бўлган ногиронлар;
– Шунингдек, охирги 7 йил мобайнида ногиронлик гуруҳи ўзгармаган ногиронларига ногиронлик гуруҳи муддатсиз тайинланиши белгиланган.
Ҳосият ИСАЕВА,
Пойтахтимиздаги Чилонзор туманидаги 5-сонли ДНИ нотариуси