СЕҲРЛИ ИПЛАР қўғирчоқларга жон бағишлайди

Қўғирчоқ ва ўйинчоқлар фарзандларимизнинг севимли овунчоғи ҳисобланади. Атрофига қадрдон ўйинчоқларини йиғиб олиб турли образларга киришиб, суҳбат қуриб уларни ҳаракатлантириб ўйнаётган боламизни кўриб кўнглимиз ёришиб кетади. Бундай вазиятда ота-оналар фарзандларининг ўз қаҳрамонларига нисбатан эътиборидан, меҳрибончилигидан хурсанд бўлишади. Айниқса, эндигина тили чиқиб ўз тилларида гоҳ ўзи, гоҳ қўғирчоғи томондан туриб гапириши бизга қувонч бағишлайди. Мана шундай паллаларда фарзандимиздаги беғубор ҳолатларни янада ошириш учун қўғирчоқ театрига етаклаймиз.

Спектакль намойиши даврида уларни кузатганимизда эса ҳайратимиз янада ортади. Чунки, бола ўйнаб завқланадиган севимли қаҳрамонларининг ҳаракати, гапириши уни маҳлиё қилиб қўяди.

Чиндан ҳам, биз хаёл қилган тасаввур оламимиз эндиликда бир касб маҳсулига айланган. Айтиш жоизки, қўғирчоқ театри қадимий санъат турларига киради. Ушбу санъат орқали қўғирчоқбозлар маълум бир давр муаммоларини ёритишга ва шу орқали инсонлар ҳаётига оз бўлсада енгиллик олиб киришга уринишган. Ҳозирда ушбу санъат турининг бир нечта жанрлари бўлиб, қўғирчоқ театрларида бир-биридан қизиқарли спектаклларни болажонларга тақдим этиб келмоқда. Мана шундай оммабоп қўғирчоқ санъат турларидан бири марионетка (ипли қўғирчоқ театр жанри) театри ҳисобланади. Унинг фарқи шундаки, қўғирчоқнинг қўли, оёғи, боши, гавдаси ип билан маҳкамланади. Ҳаммаси Х кўринишадиги таёқчаларга бириктирилади. Қўғирчоқбозлар уни “вага” деб номлашади. Бу эса қўғирчоқни одамдек ҳаракатланишига ёрдам беради. Бу саҳна кўринишининг бошқа қўғирчоқ жанрларидан фарқи шуки, қўғирчоқбоз қўғирчоқнинг ҳиссиётини кўрсатиб бера олади. Унинг машаққати ва қадри ҳам шунда. Мазкур санъат тури XVI асрда шаклланган бўлиб, айрим манбаларда Италияда кашф этилган дейилади. Марионетка италянча тилдан олинган бўлиб, тарихий китобларда келтиришича, бу сўз италян ихтирочиси Мариони номи билан боғлиқ экан.

Ҳозирда ушбу санъат тури бутун дунё бўйлаб оммалашган. Жанр жиҳатдан ҳам кенгайган. Ўрта Осиёда ягона ҳисобланмиш Тошкент Марионетка театри “Theatre – Studio Silk Route Marionettes” ҳам ўзининг ранг-баранг ва қизиқарли репертуарлари билан томошабинларни хушнуд этмоқда.

– Театр ташкил этилгандан сўнг ёш, тажрибали мутахассислар танлаб олиниб икки йил давомида ушбу санъат тури бўйича ўқитилди, – дейди театр бадиий раҳбари Фарҳод Мирзаев. – Устозлар ёрдамида бу санъатнинг нозик қирраларини ўрганишга муваффақ бўлдик. Илк томошамиз “Оловуддин ва сеҳрли чироқ” номли спектакль 2014 йил 27 март куни намойиш этилган. Ҳозиргача бир неча спектаклларни болажонларга ҳам ўзбек, ҳам рус тилида тақдим этиб келмоқдамиз. Ниятимиз азиз фарзандларимизни шу санъат тури орқали эзгуликка етаклаш. Келгусида театрнинг янада гуллаб-яшнашида жамоамиз билан биргаликда кўпгина ишларни амалга оширишни режалаштириб қўйганмиз.

Яна ўқинг:  Кўзга нур, кўнгилга ҳаловат бағишлаб...

Таъкидлаш жоизки, қўғирчоқбозлар маҳорат ва истеъдод билан қўғирчоқларни бошқаришади. Икки метр баландликдан қўғирчоқларни бошқариш, устига-устак уларни фақат бош қисмидан кўриб ҳаракатлантириш актёрдан улкан тажриба ва маҳоратни талаб қилади.

Театр жамоасининг актёрлари ниҳоятда тажрибали ҳамда иқтидорли бўлиб, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Улар нафақат саҳнада қўғирчоқларни бошқаришади, балки саҳна декорациясини тайёрлашишади, спектакль учун овоз ёзишади. Ҳатто, қўғирчоқ ясашади ва унга либослар танлаб, тикишади.

Таъкидлаш жоиз, театр жамоаси томонидан тайёрланаётган бир-биридан қизиқ ва ранг-баранг спектакллар йил сайин мазмунан бойиб бормоқда. Ишонамизки, келгусида мазкур санъат тури бутун республикамиз бўйлаб оммалашиб томошабинларининг сони янада ортиб боради.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: