УМИДЛАРНИ УНДИРГАН УСТОЗ

Биз катталар одатда, беғубор болалик дамларини, унинг шўх, серзавқ йилларини ўзгача ҳаяжон билан ёдга оламиз.

Айни ўша чоғлардаги қизиқарли, қувноқ ҳазиллар билан бирга, бизга таълим берган, илм денгизининг бебаҳо дуру жавоҳирларини теришда кўмаклашган устоз-мураббийларимиз билан боғлиқ воқеаларни хотирлаймиз.

Шу ўринда халқ таълими тизимида узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган, кўплаб ёшларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ берган инсон ҳақида сўз юритсам.

Ўзининг бетакрор, гўзал табиати билан танилган сўлим Бахмал туманида Дониёр Қаландаровни танимайдиган педагог бўлмаса керак. Бу устозни нафақат маҳоратли ўқитувчи, изланувчан тилшунос, балки талабчан тарбиячи, фидойи инсон, десам муболаға бўлмас. У кишининг шогирдлари туман, вилоят, республика миқёсидаги фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаб, мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртларида таълим олишган ва олишмоқда.

Устознинг инсоний фазилатларига тўхталадиган бўлсам, у кишининг меҳри қаттиққўллиги билан, қаҳри эса оқкўнгиллилиги билан қоришиб кетган. Дониёр аканинг дарс бериш услубини ҳудуддаги кўплаб она тили ва адабиёт ўқитувчилари кузатиб, андоза олиб, ўз амалиётларида қўллаб келишмоқда.

Бу инсон, аввало, ширин муомаласи билан ўқувчиларни ўзига маҳлиё қила олади. Ўқувчи шахсига нисбатан ҳурмат ва алоҳида эътибор билан муносабатда бўлиши мақтовга лойиқ жиҳати, деб ҳисоблайман. Она тили дарсларида ҳар бир ўтилаётган янги мавзу ёки лисоний ҳодиса моҳиятини содда, жонли тил билан, ҳаётий мисолларга боғлаб тушунтириб берадиларки, бунда олинган билим мисоли “тошга ўйилган нақш кабидир”… Адабиёт дарслари гўё шеърият баҳсига, мушоира кечасига айланарди. Бирор бадиий асар сюжети баёнида биз ўқувчилар воқеалар ривожини тинглаш жараёнида танаффус чалингунча бўлган муддатнинг қандай ўтганини сезмай қолардик. Танаффусга чиқмасдан устознинг сўзларини, ҳикояларини жон қулоғимиз билан тинглардик.

Доимо ўз устида ишлаб, изланган устоз ҳар бир дарсни муқаддас билиб, унга ноанъанавий услубда ёндошишга, қўшимча адабиётлардан, илғор педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтишга ҳаракат қилади. Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг натижаси бесамар кетмасди. Устознинг дарслари бошланишини сабрсизлик билан кутардик. Бадиий асарлардан парчалар саҳналаштириб, шеърларни ёддан ифодали ўқиб муаллимимиздан мақтов сўзлари эшитишга тиришардик.

Ҳаётни чархпалакка қиёс этсак, унинг челакларини ўсиб келаётган ёш авлодга, дарёни эса устоз-мураббийга менгзаш мумкин. Чархпалакни ҳаракатга келтириш учун дарё ўз сувини аямаслиги лозим бўлгани каби устоз ҳам бор билимини илм толибларидан дариғ тутмайди. Челак суви тарновдан оқиб, экинзор майдонни обод қилганидек, илмли, баркамол ёшлар мамлакат ривожига ҳисса қўшиб, халқ фаровонлигини таъмин этадилар.

Яна ўқинг:  ҚАЛБИ ҲАМ, ҚЎЛИ ҲАМ МЎЪЖИЗА ЯРАТАДИ

Ҳар қандай устоз меҳнатини ва мавқеини шогирдларининг юксак эътирофи ҳамда улар қўлга киритган натижалар белгилайди. Биз ёш педагоглар ҳам Дониёр Қаландаров каби тажрибали устозлар йўлидан бориб, ибрат олиб, юрт равнақи учун муносиб улуш қўшадиган келажак авлод таълим-тарбияси борасида мардонавор меҳнат қилишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Гўзал МУРОДОВА,

Жиззах вилояти Бахмал туманидаги ихтисослаштирилган 78-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: