Серҳосил боғлар тараддуди

Пойтахтимизнинг сўлим гўшаларидан бири академик Р.Шредер номидаги боғдорчилик илмий-текшириш институтида бўлганимизда бизни директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Равшан Абдуллаев қарши олди. Равшан ака билан институт боғини айланар эканмиз, бу ердаги иссиқхоналарнинг бирида турли манзарали гул кўчатлари етиштирилаётганига гувоҳ бўлдик.

Кираверишдаги кўкка ўрлаётган кактус ўсимлигининг сап-сариқ гули тиканаклар орасидан чиройини кўз-кўз қилади. Мустаҳкам дарахт шаклига кирган папоротник гулининг бўйи тахминан беш метр­дан зиёд бўлиб, новдалари атрофга қулоч ёйган. Беихтиёр ўзимизни гуллар музейига кириб қолгандай ҳис этдик. Ёронгул ­(герань) гулининг қизил, оқ, пушти ва малина рангли гуллари бўй таратиб, сизни мафтун этса, хитой атиргулининг ғужғон ол ранг гуллари атрофдаги гуллар билан гўзаллик борасида баҳслашаётганга ўхшайди.

Равшан ака Абдуллаев мазкур илмий-текшириш институтида юртимизда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларидан пахта, ғалла ва мевали дарахтларнинг, асосан олма ва токнинг янги навларини яратиш селекцияси бўйича олиб борилган илмий изланишлар билан бизни таништирди. Айниқса, Ш.Юсупов раҳбарлик қилаётган «Мева-шарбат» боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий ишлаб чиқариш корпорациясида интенсив боғлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътиборимизни ўзига тортди.

Мамлакатимизда об-ҳаво иқлим шароитининг ўзгариши, сув танқислиги сезила бошлаган бир даврда илмий асосланган, тажрибада синалган, қурғоқчиликка, ҳар хил зараркунанда ва касалликларга чидамли, ҳар бир ҳудудга мослашган, юқори ҳосилли навларни кўпайтириш давр тақозосидир.

Яқин ўтмишга назар ташласак, 2011 йилда республикамизда 2,5 минг гектар майдонда ана шундай интенсив боғлар ташкил этилган бўлса, бу йил унинг кўлами янада кенгайганига гувоҳ бўламиз. Мазкур боғларнинг афзаллиги шундаки, қисқа фурсат ичида сифатли ва мўл ҳосил олишга эришилади. Республикамиз ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитига мос, сер­ҳосил, сифатли, янги ток ҳамда мевали дарахтларни яратиш, уларнинг пакана ва ярим пакана кўчатларини кўпайтириб, Давлат реестрига киритиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Боғларда тежамкор технологияларни соҳага тадбиқ этиб, тупроқ унумдорлигини ошириш, тоғ ва тоғолди ҳудудларини ўзлаштириб, боғ-токзорлар барпо этиш, уларда турли касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари, мева-узум маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш усуллари ҳамда виночилик бўйича илмий-тадқиқот ишлари авжида. Шунинг­дек, мамлакатимиз вилоятларида ушбу боғнинг 10 та филиали ҳамда 12 та тажриба хўжалигида ҳам ана шундай кенг кўламли ишларнинг гувоҳи бўлиш мумкин.

Яна ўқинг:  Уч килограммлик лимон

Илмий-текшириш институтида яратилган олманинг «Қизил тарам олма», «Малика», «Нафис», нокнинг «Сари гўзал», «Салом-2», «Тўёна», шафтолининг «Муяссар», ўрикнинг «Оқ қантак», «Боборажабий», қулупнайнинг «Редгоунлет», «Ўзбекистон гўзали», қорағатнинг «Суюма», «Самарқанд» каби навлари ҳосилдорлиги, тезпишарлиги билан фермерларга маъқул келмоқда. Бу янги навларнинг яратилишида селекционерлар сулоласининг тўртинчи авлоди Р.Шредернинг невараси, селекционер олима Елена Шредер, селекционер олим С.Шарипов, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Р.Абдуллаев, технология ишларида А.Орипов, Ў.Набиев, Р.Ризаевларнинг муносиб улушлари бор. Япониянинг JICA компанияси билан ҳамкорликда мевали боғларда япон технологиясини жорий этиш бўйича олма ва шафтоли боғлари ташкил этилди.

Академик Р.Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий текшириш институти 1898 йилда Туркистон тажриба станцияси сифатида ташкил этилган. Ушбу институтнинг фаолияти асосан қишлоқ-хўжалик экинларини етиштириш, уларни ўрганишга йўналтирилган. Москвадаги Петровский (ҳозирги Тимирязев) номидаги қишлоқ хўжалиги академияси профессори Рихард Шредер 1902-1944 йилларда ушбу институтга раҳбарлик қилиб, унинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Ўз даврининг етук олимларидан бири бўлган Р.Шредер инглиз, немис, ўзбек, рус, француз тилларини мукаммал билгани боис, ўз фаолияти даврида икки маротаба Бутунжаҳон қишлоқ хўжалиги симпозиумида иштирок этиб, соҳа мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашишга муваффақ бўлган.

Институт ва унинг филиаллари томонидан олиб борилган кўп йиллик илмий-тадқиқотлар натижасида, 120 дан зиёд янги мева ва узум навлари яратилиб, ҳозирги кунда улардан 57 хил нави Давлат реестрига киритилган.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига қараганда бугунги кунда мамлакатимизда 244 минг гектар боғ ҳамда 127 минг гектар токзор мавжуд. Келажакда олти минг гектар ерда янги боғ, беш ярим минг гектардан зиёд майдонда токзорлар яратиш ва ана шу мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига ўн саккиз миллион тупдан зиёд мевали дарахт ва ток кўчатлари етказиб берилиши мўлжалланаётган экан.

Кейинги йилларда мамлакатимизда мева етиштириш, боғдорчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажми ортганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, бугун мамлакатда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея ва МДҲ мамлакатларига кенг экспорт қилинмоқда.

2011 йилнинг баҳорида Украи­на мамлакатидан интенсив боғлар учун уруғли меваларнинг пакана (М-9) ва ярим пакана (ММ-109) пайвандтагларидан 400 минг дона олиб келиниб, кўчатхоналарда парвариш қилинмоқда. 2012 йил баҳорида корпорация тизимидаги хўжаликларда икки миллион дона мева-узум кўчати, шундан 500 минг донаси интенсив боғлар учун пакана ва ярим пакана олма навларининг кўчатлари етиштирилди.

Яна ўқинг:  Хурсандчилик улашмаган ғалаба

Институтнинг илмий тажриба, марказида мелиоратив ҳолати нисбатан паст, шўрланган ва камҳосил ерларда боғдорчиликни ривожлантиришнинг янги усули – мевали дарахтларни махсус тувакларда парваришлаш йўлга қўйилган. Ўтган йили боғдорчиликни янада кенгайтириш имконини берувчи бундай усулда етиштирилган дарахтлардан нишона ҳосил олинди. Яна шуни қайд этиш лозимки, уч сотихдан иборат сунъий туман (буғ) ҳосил қилиш йўли билан ўсимликларни кўпайтирувчи иссиқхона ташкил этилди. Ўтган йили 20 минг дона лимон кўчати парваришланган бўлса, эндиликда пайвандтагларнинг илгари чиқитга ташлаб юборилган юқори қисми қаламча сифатида экилаётганлиги мутахассисларимизнинг боғдорчиликдаги тажрибаси анча ортганини кўрсатиб турибди.

Институтда мева-узумнинг ҳосилдорлигини ошириш, янги йирик мевали узум навларининг яратилиши билан бирга уларни қуритиш технологияси бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Узумнинг “кишмиш Ботир”, “кишмиш Суғдиёна”, “кишмиш-Хисрав” навларидан экспортбоп қуритилган маҳсулот олишда уларни плёнка билан ёпиб, қуритишни штабелл усулида олиб бориш орқали юқори сифатли маҳсулот олиниши аниқланди.

Ушбу корпорация қошида боғбонларни тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича ўқув ва синов тажриба маркази ташкил этилиб, бу ерда деҳқон ва фермер хўжаликларини бир ҳафталик малакасини ошириш бўйича кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда. Семинарда корпорациянинг етакчи олим ва мутахассислари қатнашиб, мевали интенсив боғларни барпо этиш, боғларда илғор технологияларни жалб этиш, боғларни томчилатиб суғориш усули борасида керакли тавсия ва маслаҳатлар бериб келишмоқда. Бу эса келгусида соҳани янада гуллаб-яшнашига хизмат қилиши турган гап.

Аммо соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, айрим фермер хўжаликларида техниканинг етишмаслиги боис, боғ-токзорларга ишлов бериш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишлари ўз вақтида бажарилмаяпти. Шунингдек, етиштирилган маҳсулотни сақлаш ва уни экспорт қилиш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Эндиги вазифа фермер хўжаликларида омборхоналар, замонавий совутгич омборхоналарини қуриб, аҳолини йил давомида мева-узум билан таъминлашдан иборат.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

муаллиф олган суратлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: