Қишлоқдаги бегойимнинг яқин сирдоши
Ой-кунига ҳали вақт бўлса-да, тананинг бел қисмидаги оғриқлар Гўзални тез-тез безовта қила бошлади. У оғриқларга ўз вақтида эътибор бермади. “Бироз толиқибман-да”, дея навбатдаги юмушига уринди. Аммо дард ҳеч қўймай симилларди.
Аҳволидан оиладагиларни бохабар қилиб, хавотирга солгиси келмаган келин, эрта тонг билан малакали аёллар шифокори, онкогинеколог Малоҳат Юнусова қабулига шошилди. Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги “Кўктерак” поликлиникасида қарийб 40 йилдан буён аёлларнинг дардига малҳам бўлиб, уларнинг яқин маслаҳатчисига айланган қўли енгил, хушмуомала, тажрибали шифокор бўлажак онага ширин сўзлари билан тавсиялар берди.
Беморнинг хавотирини аритган шифокор хонасидан чиқиб бораётган келинчакка яна қатъий уқтирди:
– Барча кўрсатмаларга амал қилинг-а. Шунда ҳаммаси яхши бўлади.
Хона бўшамасидан қабулга яна бирин-кетин бемор аёллар кира бошлади. Шифокор кун давомида қирққа яқин беморларни кўрикдан ўтказади. Ҳар бирининг ўзига яраша дарди, жисмида безовта қилаётган оғриқлари бор. Кимдир кўнглига яқин шифокордан маслаҳат сўрайди. Аммо Малоҳат Юнусова кўригига келган ҳеч бир аёлни шунчаки тиббий кўрикдан ўтказмайди. Уларга керакли кўрсатмалар беради, турли табиий малҳамларни тавсия қилади, уларни қандай тайёрлашни ўргатади.
Дарҳақиқат, шифокорнинг даво чоралари рўйхатида табиий малҳамлар асосий ўрин олган. Малоҳат Юнусованинг таъкидлашича, аёллар орасида турли хасталикларнинг келиб чиқиши, ёш организмда хавфли ва хавсиз ўсмаларнинг юзага келишида асосан кимёвий дорилардан ўзбошимчалик ва пала-партиш фойдаланиш сабаб бўлар экан.
Гинеколог навбат билан аёлларни текширувдан ўтказиб, уларнинг сўзларини тингларкан, беихтиёр кўнглида турли ўйлар чарх ура бошлади. – Аёлнинг табиати қизиқ-да. Оиласи ва фарзандларининг бахту иқболи, ёрининг ҳузур-ҳаловати, адоғсиз юмушлари қаршисида ҳамиша ўзини, ўзлигини унутади.
Шифокор шу ҳақда ўйлар экан, хонага нигоҳларида саросима акс этган келинчак, унинг ортидан эса бир аёлнинг кириб келиши, ўйларини ҳар ёнга тўзғитиб юборди. Аёл бироз тортинди-да, шифокорга юзланиб, сўз очди: “Қизимнинг турмуш қурганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Тўйдан сўнг турли оғриқлар уни безовта қила бошлади. Ўтиб кетар деб ўйладим, аммо унинг аҳволи кундан-кун ёмонлашиб бораяпти”. Малоҳат опа келинчакни кўрикдан ўтказаркан – Хасталик яқинда бошланган эмас бу аломатлар унинг ўсмирлик пайтида пайдо бўлган, – дея ўйлади. Хавотирдаги онага юзланиб, “Ваҳимага ўрин йўқ, муолажаларни ўз вақтида тартиб билан олиб борсангиз ўтиб кетади”, – дея босиқлик билан жавоб берди ва қоғозга муолажа кўрсатмаларини ёза бошлади.
Чиндан ҳам, келинчак белгиланган муолажаларни ўз вақтида олиб, буткул соғайиб кетди. – Айрим ёш аёлларда учрайдиган хасталиклар, унинг болалик пайтига бориб тақалади, – Шифокор аёлларнинг саломатлиги борасида сўз очар экан чеҳрасини сергаклик ва куюнчаклик эгаллайди. – Демакки, айрим оналаримизнинг эътиборсизлигидан қизлар катта ҳаётга жисмоний жиҳатдан тўлиқ тайёр эмас. Зеро, қизларни келинликка, оналикка тайёрлаш осон иш эмас. – Айрим ёш қизларимиз ҳавонинг совуқ бўлишига қарамай, юпун кийинишади. Бу эса вақти келиб, ўз асоратларини кўрсата бошлайди. Агар аёл нозик жисмини турли ёт нарсалардан асраб-авайласа, иссиқ тутса, яхши озиқланса, саломатлиги борасида ҳеч ҳам ташвишга тушмайди.
Тиббиётда маълумки, макро ва микроэлементлар инсон организмидаги ҳужайраларнинг яшовчанлигини таъминловчи муҳим омил. Агарда улар етарлича бўлмаса, ҳужайралар тезда нобуд бўлади ва аёлда эрта қариш жараёни бошланади. Бу эса унинг нафақат чиройига путур етказади, балки соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Масалан, аёлларда учрайдиган турли ўсмаларнинг ривожланиши, оддий эътиборсизликдан бошланади. Баъзан ҳужайрага етарли миқдорда сув, оқсил ва минералларнинг етиб бормаслиги сабаб, у ўз тузилишини ўзгартиради ва онкологик хасталикларнинг юзага келишига туртки бўлади.
– Баъзи аёллар кунлик овқатланиш рационига риоя қилишмайди. Бундан ташқари касаллик авж олиб кетгандан сўнггина шифокорга мурожаат қилишади. Бу эса хасталикни буткул бартараф этишда турли қийинчиликларни келтириб чиқаради, – дейди Малоҳат Юнусова.
Чиндан ҳам баъзи аёлларимиз меҳнат ва уй юмушларига шу қадар берилиб кетганидан, шифокор ҳузурига бориш учун вақт топа олмайди. Жисмини оғритиб турган дардга сабр қилади. Баъзан ўзгаларга билдиргиси келмайди, баъзан эса ийманади. Шундай кезларда у учун тиббиёт муассасасидаги аёллар шифокори энг яқин сирдошга айланади. Бунда эса Малоҳат Юнусовага ўхшаган фидойи шифокорларнинг хизмати яққол кўзга ташланади. Шифокор аёлларнинг саломатлиги борасида ўйлантираётган барча муаммоларига осонлик билан ечим топишга ҳаракат қилади. У гоҳ турли ўқув даргоҳларда ўқувчи қизларга, гоҳ маҳалла фуқаролар йиғинида қишлоқ аёлларига хотин-қизлар саломатлиги борасида маърузалар ўқийди. Баъзан туман бўйлаб онкологик хасталиги бор беморларни кўрикдан ўтказиш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш мақсадида хонадонларга йўл олади.
Бир сўз билан айтганда, содда ва меҳнаткаш аёлларнинг саломатлиги борасида фидойилик қилади. Аммо камтарин шифокор ўз меҳнатини кўп ҳам эътироф этгиси келмайди. Фидойиликни ўз бурчига йўяди. Эл орасида бурчга садоқат кишини ҳамиша улуғлайди, деган гап мана шундай жонкуяр инсонлар ҳақида айтилган бўлса, ажаб эмас.
Маърифат ТОЛИПОВА