ХУШРЎЙ ГУЛЛАРНИНГ НОХУШ ФАЗИЛАТЛАРИ

Уларга дарҳол озуқа бериб, бўйи чўзилиб қолган гулларни эса каттароқ тувакка ўтқазишга шайланасиз. Шунингдек, уларнинг сафини чиройли кўринишга эга ноодатий гуллар билан тўлдиргингиз келади. Аммо ҳамма чиройли гуллар ҳам сиз учун фойдали бўлавермайди. Баъзиларининг заҳарли турлари ҳам бор. Тавсия бермоқчи бўлган бир нечта маслаҳатларимиз гул танлашда асқотади деб ўйлаймиз.

Хонада ўстириладиган заҳарли ўсимликлар чиройли номланган.

Уйғониш палласида ҳовлингизни тартибга солиб анвойи гуллардан, турфа кўчатлардан экиб чаманзорга айлантиргингиз келади. Офтоб нури, баҳорий насимни соғиниб ранги бироз синиққан хонаки гуллар ҳам эътиборингиздан четда қолмайди.

Ароидлар – заҳарлидир! Машҳур диффенбахия ароидлар оиласига мансуб. Унинг ҳамма бўлаги (айниқса, пояси) заҳарлидир. Унда кальций оксалати кристаллари, цианоген гликозид ва сапонинлар мавжуд. Заҳарланишнинг аломатлари: кўнгил айниши, диарея (ич кетиш), тилнинг шишиб кетиши, юрак уриши маромининг бузилиши.

Аглаонема – заҳарли хонаки ўсимлик. У алкалоид ароиндан таркиб топган. Унга қўл билан тегилганда терида қизиб ловуллаш, қичишишни сезиш мумкин. Бу ўсимликнинг шарбати оғиз шиллиқ пардаларига, ички аъзоларга тушганда кўнгил айниши, томир тортишиши, юрак уришининг ўзгариши ва марказий асаб тизимининг шикастланиши кузатилади. Аглаонема қандай бўлса гўзал каладиум ҳам худди шундай салбий таъсирга эга. Шунингдек, сутчой оиласига мансуб хона гулларини ўстиришда ҳам эҳтиёт чора-тадбирларини қўллаш керак.

Пуансетия ёки сутчой – бу гул жуда гўзал. Гуллаб турган ўсимликнинг ёрқин рангли баргини болалар узиб, ундан ажралиб чиқаётган сутли ширасини татиб кўришади. Натижада кўнгил айниши, диарея, титраш, бадан увишиши, уйқучанлик пайдо бўлади. Барча фикуслар сутсимон шира ажратиб чиқаради. Бу ўсимлик сутининг таркибида фурокумарин бор. У тери қопламига тушса куйдиради. Сциндапсус терига тегса уни яллиғлантиради.

Яшил бахмалгул – чирмовуққа ўхшаб ўсадиган доимо яшил тусда турадиган заҳарли хона гулидир. Ундан заҳарланганда кишида алаҳсираш ва юрак тўхтаб қолиши кузатилади.

Рододендрон симса ўсимлиги ҳам заҳарлидир. У мушаклар тиришишини юзага келтиради.

Форс цикломенининг илдизи ва уруғи, айниқса, заҳарлидир.

Адениум йўғон (семиз) ўсимлик бўлиб, қадимда жангчи ва овчилар унинг заҳарли сутсимон ширасидан найзанинг учини заҳарлашда фойдаланишган.

Аноргул ўсимлигининг фақат меваси ейишга яроқли. Унинг қолган қисми заҳарлидир. Ундан заҳарланганда қуйидаги аломатлар кузатилади. Яъни, меъдадан қон кетиш ва коллапс (бехосдан ҳушдан кетиш) юз беради.

Яна ўқинг:  ШИРИНСЎЗЛИК ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

Оддий олеандр – бу хонаки ўсимликдан заҳарланганда нафаснинг тўхтаб қолиши кузатилади.

Пассифлоранинг заҳарли шираси инсонни фалажлайди.

Кливининг заҳарли барги терига тегса коллапсни келтириб чиқаради. Амариллислар оиласига мансуб хонаки гулларнинг пиёзли илдизи, пояси заҳарлидир. Қадимда унинг пиёзи шираси билан найзаларни заҳарлашган. Шунингдек, ўсимликнинг ҳамма қисми заҳарлидир.

Ҳашамдор глориозлардан заҳарланганда кишида талваса ва нафас олишнинг тўхташи кузатилади. Сўнгги вақтларда хонаки гул етиштиришда оммалашган катарантус йил давомида гуллаши мумкин. Бу бебаҳо доривор ўсимликдан саратонга қарши дори воситаси ишлаб чиқарилади. Лекин унинг азотли органик бирикмалари (алколоидлари) заҳарлидир ва соғлиққа зиён етказиши мумкин.

Бегониялар заҳарли ҳам бўлиши мумкин. Шу билан бирга уларнинг мутлақо хавфсиз турлари ҳам мавжуд. Баъзи бир мамлакатларда бегония озиқ-овқат тайёрлашда ишлатилади. Яхшиси синаб кўрмаган маъқул! Янги навдаги, нотаниш гул ўстиришдан аввал уни етиштириш ва парваришлашдан ташқари бу ўсимликнинг биологик ўзига хослиги билан танишинг.

Ўсимликлар билан ишлашда махсус қўлқопдан фойдаланинг. Асбобларни алоҳида ажратиб қўйинг(пичоқ, қайчи) ва ўсимликлар билан ишлаганда уларнинг заҳарли баргларини қирққан пичоғингизда оила аъзоларингиздан ҳеч бири озиқ-овқат маҳсулотларини кесмасин. Зеро, хонаки гуллар сизни нафақат баҳри дилингизни очиши, балки саломатлигингизга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоғи лозим.

Гулноза ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: