Ассалом, эй яшил олам

Болаларингизга яхшиликни сингдириб ўстиринг, уларга бахтни фақатгина шу фазилат беради.

Людвиг ван БЕТХОВЕН

“Агар чанг ва ғам бўлмаганида одамзот минг йил умр кўрарди”, – деганида Абу Али ибн Сино ҳақ эди. Дарҳақиқат, теварак-атрофнинг озодалиги саломатлик гаровидир. Кўп қаватли уйлар ёнидан ўтаётган замонавий автомашина ойнасидан теварак-атрофга назар соламан. Бирдан кўзларим муюлишдаги уйлар орасидаги мўъжазгина болалар майдончасига тушади. Кўм-кўк майсаларга бурканган майдонча унчалик катта бўлмаса-да, мириқиб дам олиб, табиат гўзаллигидан лаззатланиш мумкин. Ўриндиқларнинг бирида аёл ёнидаги икки ёшлар чамасидаги фарзандига нималарнидир сўзлаб бераётганди. Бир маромда кетаётган машинадан уйларнинг рақамини яхши кўра олмаган бўлсамда, аммо ўтирғич тагидаги музқаймоқнинг ҳаворанг қоғозлари ва унда-бунда ташланган елимхалтачаларга кўзим тушди.

– Оббо, шундай гўзал ўт-ўланлар устига булар ҳечам ярашмабди-да, – дедим хафа бўлиб.

– Майдончадаги қоғозлару елимхалтачаларни айтаяпсизми? Яқинроқ борганимизда сочилган писта пўчоқларини ҳам кўрардингиз, опа, – деди ҳайдовчи гапимни бўлиб. – Шу, баъзи бировларга ҳайронман. Лоақал беғубор болаларни ҳурмат қилишса бўлармиди?!

Ҳайдовчи айни рост гапни сўзлаётгани баробарида бир оғир тин олиб қўйди. Бир кўнглим шарт­та машинадан тушибоқ бу манзарани тасвирга олиб, ҳудуддаги мутасаддиларга кўрсатсамми, деб ўйладим.

Бугунги айни шиддаткор асримизда экологик муҳитга берилаётган зарарлар: оддий музқаймоқ қоғозидан тортиб, писта пўчоқларигача ёки бекатлардаги махсус қутилар кутаётган сигарета қолдиқлари, ғижимланиб, шундай оёқ остига ташлаб кетилаётган йўл чипталари кишини ўйга толдиради…

Тарозининг икки палласи бўлганидек, болалар илк тарбияни оила аталмиш муқаддас қўрғондан олади. Шундай экан она табиат, унинг ям-яшил бойликларини асраб-авайлаш кераклигини болаларимизга ўргатиш пайти келмадимикин?! Шунда табиат гўзаллигидан баҳра олиб улғаяётган болажон эртага борлиқ-оламга, унинг бағридаги соғлиғимиз манбаи бўлган дов-дарахтларга нисбатан меҳр кўзи билан қарарди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Ҳар қандай миллатнинг равнақи, умумбашарият тарихида тутган ўрни, мавқеи ва шуҳрати, бевосита ўз фарзандларининг ақлий ва жисмоний етуклигига боғлиқдир”.

Бундан кўринадики, эртамиз эгаларининг тарбияси учун барча бирдек тер тўкмоғи лозим.

Дарҳақиқат, гўдакнинг онгу-шуурига улуғ аждодларимизнинг бизгача асраб-авайлаб келган онажон тилимиз, жаннатмакон юртимиз, шунингдек тупроқ тафтию биз нафас олаётган мусаффо ҳавони таъминлаб бераётган яшиллик оламини келгусида укалари ва сингилларига ҳам эсон-омон топшириши лозимлигини бот-бот эслатиб туриш катталарнинг бурчидир. Сир эмас, баъзан кўча-куйда ёшлардан нолиганларни, ота-онанинг ҳурматини жойи­га қўймайдиган айрим фарзандлар борлиги ҳақида эшитиб қоламиз. Агар эътибор берилса, бунинг туб илдизи, албатта, оиладаги тарбияга бориб тақалади. Чунки дарахт шохини синдириб, гул ғунчасини юлиб эзғилаган болага бундай иш ёмон эканини тушунтирмаган катталар, у улғайгач, албатта, юқоридаги каби ҳолатга дуч келиши, табиий. Ахир халқимиз орасида “қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежизга айтилмаган.

Яна ўқинг:  ҲИСОР СИНОАТИ

Аввало, оилаларда ёши катталар болаларга қуёш туфайли олам ёруғликка бурканишини, бебаҳо неъмат ҳисобланмиш томчи сувда ҳаёт жилваси борлигини, сиқим тупроқда ризқ-насиба унишини, қушлар инсонларнинг ҳақиқий дўсти эканини ҳикматлар, кичик-кичик ҳикоялар, қатра ва шеърлар орқали тушунтириб боришса, фойдадан ҳоли бўлмайди. “Қизим ариққа қараб кўча супирмагин, болам, ахлатни оқаётган сувга ташлаш оғир гуноҳ ҳисобланади”, деган бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз, маҳалла-кўйдаги ёши катта кишиларнинг ёшларни тергаб, берган мана шундай панду-насиҳатлари энг яхши тарбия усулидир.

Хаёл яна болалар майдончаси томон етаклайди. Қизиқ, мўъжазгина болалар майдончасидаги боласига сўзлаётган аёл унга табиат манзараларидан ҳикоя қилаётганмикин? Ёки зангор само сари бўй чўзган азим дарахтлар ҳақида, ер бағрида қуёш нурларига бош тутган майсалар ҳақида гапираётганмикан? Ё ерда лоқайд одамлар томонидан ташлаб кетилган музқаймоқ қоғозлари-ю, сочилиб ётган писта пўчоқларини махсус ахлат қутиларига ташлашни уқтираётганмикин?

Билмадим, лекин у ўрнак сифатида ўрнидан секин туриб шу сочилган нарсаларни елимхалтачага териб олди-да, яқинроқдаги ахлат қутисига ташлаб келиб, қилган ишидан кўнгли тоғ қадар кўтарилди. У бу ҳаракати билан шундай номақбул ишларни қилаётганларга нисбатан танбеҳ ҳам бераётган бўлса, не ажаб.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: