ШИРИНСЎЗЛИК ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

Иш вақтим тугаб энди кетишга чоғланиб тургандим, остонада бир қиз кўринди:

– Ассалому алайкум, кетаяпсизми, – сўради қиз.

– Ҳа, кетаяпман, – деб стол устидаги қоғозларимни тартибга келтирарканман. У ёнимга келди.

– Илтимос, шошмай туринг. Сизда гапим бор.

– Шунчалик шошилинчми? – сўрадим.

– Ҳа, бугун сизга айтишим керак, – деди у.

– Майли, қани ўтирингчи, деб диққатимни унга қаратдим. Сўнг нечанчи синфда ўқиши ва исми-шарифини сўрадим.

– 5-синфда, – дея жавоб берди қиз жуда маъюс ҳолда.

– Хўш, қулоғим сизда Наврўза нима бўлди?

У менга тикилиб жим ўтирарди. Мен яна сўрадим: кимдир сизни хафа қилдими?

– Йўқ, ойим ва дадам ҳақида гапирмоқчийдим. Нима қилсам улар ҳеч қачон уришишмайди, – деди у.

– Баъзида катталар шунақа уришиб туришади. Ахир ҳаёт фақат хурсандчиликдан иборат эмас-ку. Сиз бунга эътибор бермаслигингиз керак.

– Мен уларнинг ажрашиб кетишидан қўрқаман, – деди у ерга қараб.

– Нима, улар кеча ҳам жанжаллашдими? – деб сўрадим.

– Ҳа! – деганича кичик суҳбатдошим бошини эгди.

– Сиз ўша вақт нима қилдингиз, – деб сўрадим.

– Дадажон, ойижон бўлди бошқа уришманглар, – десам, улар сен бор дарсингни қил, – дейишди.

– Хўш, кейинчи? – деб сўрадим.

– Дарс қилишга ҳаракат қилдим, аммо уларнинг овозлари эшитилиб турса, ҳеч нарса миямга кирмайди, – дея хўрсинди қиз.

– Ота-онангизни чақиртирсам келишадими?

– Йўқ, улар келишмайди. Кейин улар сизга айтганимни билишларини ҳам хоҳламасдим.

– Лекин ота-онанг билан суҳбатлашсам яхшироқ бўларди, – дедим.

– Улар барибир келишмайди. Сиз менга нима қилишимни айтсангиз бўлди.

Сиз фақатгина яхши фарзанд бўлиб уларга ёрдам беришингиз мумкин. Онангизнинг кўнглини кўтаринг. У ёлғиз эмаслигини ҳис қилсин, – деб Наврўзага қараб бироз ўйланиб қолдим. Қизнинг кўзларига қараб, улардан шуни уқиш мумкин эдики, гўё, у мендан бир мўъжиза кутар эди. Афсуски, у кутган мўъжизани мен содир этолмасдим.

– Наврўза, сиз ойингизга дадангиз йўқлигида, дадангизга эса ойингиз йўқлигида сизларни ажрашиб кетишингиздан қўрқаман, деб айтиб кўринг. Улар сизнинг хавотир олаётганингизни билишсин. Нима бўлган тақдирда ҳам ота-онангнинг ўртасида бўлаётган ишларга аралашишга ҳаққингиз йўқлигини эсингиздан чиқарманг.

Яна ўқинг:  СПОРТСЕВАР ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ

– Хўп, – деди қиз.

– Наврўза, сиз хавотир олманг. Улар ажрашишмайди. Ҳаммаси яхши бўлади, – деб уни эшиккача кузатиб қўйдим. Сўнг мен ҳам нарсаларимни йиғиштириб мактабдан чиқдим. Кетаётиб бу ўқувчи қиз ва унинг ота-онаси ҳақидаги ўй-хаёллар мени тарк этмади.

Биз катталар ўзаро уруш-жанжалларимиз фарзандларимизга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини ва уларнинг мурғак руҳиятини яралаётганини ўйламаймиз. Халқимизда “Бир кунлик уруш, қирқ кунлик баракани кўтаради” деган мақол бор. Тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган хонадонда эса фарзандлар соғлом руҳиятли бўлиб вояга етадилар.

Матлуба ТАГАЕВА,

пойтахтимиздаги 125-умумтаълим мактаб психологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: