СПОРТСЕВАР ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ
Пойтахтимиздаги “Саховат спорт сервис” акциядорлик жамиятининг сув спорти саройида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кубоги учун “Нафосат олами” V спорт фестивали бўлиб ўтди.
Юртимизда қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш, айниқса, улар ўртасида сув спорти турларини кенг оммалаштиришга қаратилган кўплаб мусобақалар, спорт фестиваллари ўтказилиб келинмоқда.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур спорт фестивали ҳам ана шулар жумласидандир. Унда 150 нафардан ортиқ 2005–2010 йилларда туғилган ўғил-қизлар синхрон сузиш, сувга сакраш ва спорт рақси бўйича мусобақаларда иштирок этди.
Спорт рақси бўйича жуфтлик ўйинларида Аида Валижонова, Даниил Бондаренко, Екатерина Рогова, Ҳожиисмоил Султонов, яккалик баҳсларида эса Ширин Мараимова, Комил Маҳмудхонов, Зарина Ҳамроқулова биринчи ўринни қўлга киритди. Сувга сакраш бўйича Амир Яхшиев, Егор Мишинев, Ҳожи Фузаилов, Юлия Нуштоева, Ольга Морозова, Яна Амриева биринчи ўринга лойиқ топилди. Синхрон сузиш баҳсларида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Н. НОРБОБОЕВ