ЎЗБЕКИСТОН – УМУМИЙ УЙИМИЗ

Куни кеча Тошкент Фармацевтика институти қошидаги академик лицейда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Маънавий – маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зулфия Ералиева бошчилигида ташкил этилган кечада юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, устозлар ва ўқувчилар иштирок этди.

Шу ўринда айтиш керак, бугун мамлакатимизда 100дан ортиқ миллат ва элатлар бир оила бўлиб, тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган барча ҳуқуқ ва эркинлари тўла-тўкис таъминланган.

Тадбирда бу каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб, ёш авлод қалбида бошқа миллат урф-одатлари, анъаналарига ҳурмат туйғусини шакллантириш кераклиги айтиб ўтилди. Шунингдек, ўқувчилар ўзлари танлаган давлатлар ҳақида слайд тайёрлаб, улар тўғрисида инглиз тилида маълумот беришди. У ердаги анъана, урф-одатларни саҳна кўринишлари орқали намойиш этишди. Моҳирона ижро этилган қўшиқ ва рақслар жозибаси эса йиғилганларга хушкайфият улашди.

– Ҳар йили инглиз тили кафедраси ўқитувчилари томонидан ташкилаштириладиган бу каби тадбирлардан ўқувчилар бир олам таассуротлар олади, ўз билим ва қобилиятларини намойиш қилади. Қолаверса, ўзга миллат ва элатлар маданияти, урф-одати билан яқиндан танишади, – дейди академик лицей директори Иброҳим Сагатов.

Тадбир сўнггида ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир шарт бўйича гуруҳлар иштироки баҳоланиб, якунда ғолиб бўлганларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Нозима УБАЙДУЛЛАЕВА,

Тошкент Фармацевтика институти академик лицей ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Тиббиётда янги кашфиёт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: