МАРДЛАР ЭЛДА АЗИЗ

Жасорат, мардлик юксак қадрланадиган давлат энг қудратли давлатдир. Бу фикрни тарихий тажрибадан келиб чиқиб, алломалар айтишган. Яна шундай ҳаётий бир ҳақиқат бор: Мард одам бошқаларга қараганда ҳимматлироқ бўлади. Демак, мардлик – маънавий жасорат.

Барча даврларда ҳам мардлик қадрланган. Кимлардир хатар мардликни оширади, дейди. Бу гапда жон бор. Негаки хатарни қўрқмасдан бартараф этиш, уни юзма-юз қарши олиш жараёнида мардлик янада шаклланади.

Бироқ, бугун мардлик тушунчаси янгича мазмун-моҳият билан бойиб бораётганини ҳам унутмайлик. Бугун замон талаб қилаётганидек, кундалик ҳаётда фидойи бўлиш, жонкуяр бўлиш, руҳан букилмаслик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шундай фазилат ва хислатлари бор инсонни мард санашимиз мумкин.

Хатар масаласига келадиган бўлсак, у ҳақида ҳали мақоламиз давомида тўхталамиз.

Мардлик бизларга аждодлардан мерос. Инсон қалбининг энг буюк фазилати бўлган мардликдан бежиз сўз очмадик. Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги арафасида Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Мардлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни тасдиқланди. Ушбу юксак орден билан унинг низомига мувофиқ ўзларини Ватанни ҳимоя қилишга ва она юрт хизматига бағишлаган, бунда мардлик ҳамда жасорат кўрсатган ҳарбий хизматчилар шунингдек, бошқа фуқаролар мукофотланиши белгиланган. Алоҳида ҳолларда мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Демак, бу мард инсонларни, мардликни қадрлаш йўлида давлатимиз яна бир муҳим қадам қўйганидан қолаверса, Ватан ҳимоячиларига бўлган юксак эътибордан далолат беради.

Бугунги ҳаётимизда мардликнинг қиёфасини кўплаб кишиларда учратганман. Мустақиллигимиз, тинч ва осойишта ҳаётимиз ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган фарзанднинг отаси кўзларида тўқнаш келганман, бу туйғуга. Ёлғиз ўғли истиқлолимизни, озод ва обод Ватанимизни кўролмайдиган бир гуруҳ ғаламисларга қарши курашда мардларча ҳалок бўлганди.

Хонадонига бориб, таъзия билдирганимизда ундаги ирода, босиқликни кўриб қойил қолдим. Ғамнинг заъфарон ранги кўзларида, юзларида акс этиб турган бўлса-да, билинтирмасликка уринди. Ота бўлиб, уйига келин туширолмади. Ўғлини куёвлик сарпосида кўролмади. Бир этак неваралари қучоғида яйрамади. Бундай кўргиликка, тақдир зарбасига мард инсонгина дош бера олишини шунда яна бир бор англаганман. Мард одам азоб чекса ҳам нолимайди, деганлари шу бўлса керак-да. Мен ҳалок бўлган офицернинг мардлиги отасидан ўтганини ҳис қилдим. Ватанга бўлган муҳаббатдан куч олаётган мардликни ота қиёфасидан кўрдим.

Яна ўқинг:  Arnasoy

ХАТАРЛАРДАН ОГОҲМИЗМИ?

Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган аждодларимизни хотирлаш маросимида Президентимиз Ислом Каримов иштирок этиб, шундай деди: “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, араб мамлакатларида содир бўлаётган нохуш воқеалар ҳар қандай соғлом фикрли инсонларни чуқур ташвишга солади. Турли можаролар, ўзаро қарама-қаршиликлар, қон тўкилишлар жаҳоннинг қайси мамлакатида рўй бермасин, бундан кўнглимиз ғаш тортади.

Дилни хира қиладиган бундай воқеалар биздан узоқда, деб унга лоқайд қараш хомхаёлликдир. Нега деганда, бундай бало бир мамлакат ёки минтақа доирасида чегараланиб қолмайди, вақтида бартараф этилмаса, тобора кучайиб, бошқа мамлакат ва минтақаларга ҳам ёйилиши мумкин. Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилмоғи даркор”.

Ҳа, юқорида таъкидланганидек, бугун тинчликка, ҳаловатга раҳна солиши мумкин бўлган ана шундай хатарлар бор, хавф бор. Бугун таъбир жоиз бўлса, ҳақиқий мардлик ҳар қандай хавфни, хатарни бартараф этишга тайёр туриш, қаҳрамонликни жасорат эмас, бурч деб билишдадир.

Тўғри тинчликсеварлик халқимизга хос фазилат. Хатто биз дуога қўл очганимизда ҳам нафақат ўзимизга, балки дунёга тинчлик сўраймиз. Эзгу ва хайрли ниятларимиз замирида ҳам ҳамиша тинчлик мужассам. Бироқ давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотиш керак эмас. Қолаверса, тинч, осойишта ҳаётни қўриқлайдиган армиямиз, ҳуқуқ-тартибот органларимиз бор, деб хотиржамликка берилиш лоқайдликни келтириб чиқаради. Сирасини айтганда улуғ неъматни асраб-авайлаш учун янада жипс бўлишимиз, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз лозим. Демак, тинчлигимизга бўладиган таҳдидларни ҳис қилиш, уларга қарши тура билишдаги маънавий тайёргарлик ҳам мардликни тоблайди.

Ражаббой ота ва Орзигул аялар неварасини курсант бўлгани, ҳарбий қасамёд қабул қилгани билан табриклаш учун Бухородан келишган. Мардлар касбини танлаган фарзандининг илк қадамларини қутлашдан ҳам хайрли иш борми?! Шарафли касбни танлаган ўғлон бундан руҳланади, ғурурланади. Қалбида Ватан, халқ манфаати йўлидаги мардлик, жасорат ҳамиша улуғланиши билан боғлиқ туйғулар шаклланади. Бугун мустақил юртимизнинг фарзандлари бешигидаёқ мардлик қўшиғини эшитиб, камолга етишмоқда.

Яна ўқинг:  Профилактика – саломатлик омили

ВАТАНГА ДАХЛДОРЛИК МАСЪУЛИЯТИ

Очиғи, баъзан мардлик тушунчасини бироз нотўғри талқин қиламиз. Мардликни манфаат билан тўқнаштирмоқчи бўламиз. Яқинда бир отахон таҳририятга келди. Саховатпеша, серҳиммат инсон экан. Мактабларни таъмирлашга маблағ ажратибди, байрамларда маҳаллага ош қилиб берибди. Бу тадбиркор инсоннинг қалбида хайр-саховатга йўғрилган орзулари бисёр экан. Саховатдаги энг буюк мардлик Ватанга муҳаббат туфайли юзага келади, деган ҳақиқат хаёлимдан ўтади. Бундайин эзгу ният ва орзуларга йўғрилган ишларни қанча кўп қилсак, энг катта қуролимиз – маънавий жасорат шаклланади-ку.

Кимки Ватанига дахлдор бўлмаса, у инсониятга ҳам дахлдор эмас, деган кескин фикрни ўқиб қолиб, мақоламни дахлдорлик ҳақидаги фикрлар билан якунлашни лозим топдим. Яъни юрт, халқ манфаатларига дахлдор бўлмаган, демак мардлик каби олийжаноб туйғудан бебаҳра кишидан маънавий қашшоқ одам топилмаса керак, дунёда.

Алижон САФАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: