Эл тақдирини ўз тақдири деб билганлар

Пойтахтимизнинг юраги ҳисобланган Мустақиллик майдонига борганимизда, Мотамсаро она ҳайкалини, албатта, зиёрат қиламиз. Унинг тимсолида меҳридарё, сабрли ва садоқатли ўзбек аёли гавдаланган. Мунгли кўзлари эса турмуш ўртоғининг, ўғлининг келар йўлига термулади. Узоқ ўтмиш билан бугунни боғлаб турган бу тимсолга боқиб, тинчлик замонасида яшаётганимизга шукроналар айтамиз.

Бу кунларга етиб келгунимизга қадар не-не инсонлар жон фидо қилди. Элни бир ёқадан бош чиқариб, фаровон турмуш сари интилишида жонбозлик кўрсатганларнинг ҳаракати самарасида халқимиз нурафшон кунларга етди. Ана шундай фидокорлардан бири Тошбек ота Умаровни қишлоқдошлари барҳаёт инсонлардан деб билади. Саховати, меҳнати, эзгу ишларини фахр билан тилга олади. Дарҳақиқат, Тошбек ота ҳам ўзидан эл корига ярайдиган фарзандлар ва ибратли умр йўлини қолдирди…

1941-1945 йиллар Иккинчи Жаҳон уруши кўплаб навқирон йигитларни ўз домига тортди. Ватан ҳимояси учун қўлига қурол олиб жангга кирганлар орасида ўзбек ўғлонлари ҳам кўпчиликни ташкил этарди. Ўттиз икки ёшли Тошбек Умаров ҳам биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланди.

Жанг майдонида елкама-елка бўлган қуролдошлар бир тану, бир жонга айланиб бир-бирини суяйди. Тошбек ота ҳам Салоҳиддин Рўзиев билан оға-инидек, тақдир измини бирга қаршилайди. Дўстини кузатув учун миналаштирилган жойга юборишмоқчи бўлганини эшитганда, Тошбек ота топшириқни ўзига олди. Дўстининг умрини ўз ҳаётидан афзал билди. Шу пайт миналардан бири портлади. Уч кундан сўнг ҳарбий шифохонада кўзини очди. Жони омон қолдию, ўнг қўлининг учта бармоғидан айрилди. Бу жасоратни дўстга содиқлик деймизми ёки инсонийлик фазилатими, хуллас, у киши кўрсатган мардлик ибрат олишга арзийди.

Асли Бахмал туманида туғилган қаҳрамонимиз хизматдан қайтгач, бир нечта дўстлари ҳамда вафот этган сафдошларининг оила аъзолари билан Жиззахнинг лалми жойига кўчиб келди. Бир боланинг қорнини тўйғазиш мушкул бўлган пайтда Тошбек ота ўндан зиёд болаларга ғамхўрлик қилди. Далада тиним билмай ишлади, дўстлари билан қақраган ерга уруғ экиб, ҳосил илинжида туну кун заҳмат чекди. Пахса уйлар қуриб, дарахтлар экди, ариқ қазиб қишлоққа сув олиб келди.

Секин-аста одамлар сафи кенгайиб борди. Лалми ерлар полиз экинзорига айланди. Бу маконни Зафаробод деб аташди.

– Отам жуда серғайрат инсон эди, – дейди Саид Умаров. – От миниб, қишлоқнинг йилқисига кўз-қулоқ бўлиб юрарди. Назаридан четда қолган ер йўқ эди. Одамларнинг оғирини енгил қилиш учун ҳали шаҳарга, ҳали идораларга югурарди. Дўконлар, этикдўздлик устахонаси ва яна шунга ўхшаш кичик тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиб одамларни иш билан таъминлади.

Яна ўқинг:  74 хонадон эгалари кўчада қолади (ми?)

Албатта, эл тақдирини ўз тақдири деб билган бундай инсонлар ҳаётини эзгуликка бахшида этади. Вақтлар ўтиб, ойнинг ёруғ кунлари келди. Истиқлол шарофати билан Юртбошимиз раҳнамолигида барча манзилгоҳлар, йўллар қайта қурилди, иншоотлар қад ростлади, муқаддас қадамжолар ободонлаштирилди. Айниқса, халқ фаровонлиги йўлида хизматга камарбаста бўлган уруш ва меҳнат фахрийлари эъзоз топди. Шулар қаторида Тошбек ота ҳам тинч-осойишта замонга шукроналар айтиб, набираларининг даврасида қарилик гаштини сурди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган йилдан бошлаб, Тошбек отага ҳар йили ҳукумат томонидан совға-саломлар йўлланди. Мактабларда, қишлоқда ўтказиладиган барча тадбирларда давранинг тўрида бўлди. Қариган чоғида роҳат фароғатда яшади. Эвара-чевараларининг даврасида 101 ёшида вафот этди.

Ҳозир зафарободликлар Тошбек отани илиқ хотиралар билан ёдга олади. Одамларга бошпана қургани, уларни бир тану, бир жон қилиб меҳнат қилгани, барча хайрли ишлари тўғрисида бот-бот сўзлашади. “Савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиши керак” деган нақлга амал қилиб яшайдиган бундайин инсонлар эл қалбида, авлодлар ёдида мангу барҳаётдир.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: