ФАРЗАНД СОҒЛИҒИ – ОИЛА ҚУВОНЧИ

Тошкент туризм касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Асадулла Фатхуллаев ҳозирданоқ ошпазлик сирларини пухта эгаллаган. Унинг тарвуз, қовоқ, бодринг, олма, анор сингари мева-сабзавотлардан карвинг усулида ясаган маҳсулотларини санъат асари дейсиз. Бир пайтлар бу қўллар бирор буюмни ҳатто ушлай олмаганига ишонмайсиз.

…2011 йилнинг август ойи эди. Асадулла ва унинг онаси йўлда бахтсиз ҳодисага учради. Машинада чиққан ёнғин бир лаҳзада уларни ўз домига тортди. Асадулла танасининг етмиш фоиз қисми жароҳатланди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинганда улар умидсиз аҳволда эди. Мамлакатимиз тиббиётидаги замонавий имкониятлар, шифокорларнинг билим ва маҳорати туфайли она ва боланинг ҳаёти асраб қолинди.

Уч ой давомида терини кўчириб қоплаш бўйича бир неча операциялар, доимий муолажалар ўтказилди. Янги терининг танага мослашиши боланинг ҳаракатланишига таъсир кўрсатар, бармоқлари бир-бирига ёпишиб, қўл ва оёқлари букилмайдиган бўлиб қолган эди.

Соппа-соғ, ўйнаб-кулиб юрган боланинг ногиронга айланиб қолиши жуда ачинарли. Шундай оғир дамда халқимизга хос меҳр-оқибат, аҳиллик ва жонкуярлик ҳисси бу оилага тиргак бўлди. Маҳалла-кўй, ҳокимлик вакиллари хабар олиб турди. Ўқитувчилари, тенгқурлари Асадуллани ёлғиз қолдиришмади. Ўқишда ортда қолмаслиги учун устозлари уйга келиб дарс ўтишди.

…Бир куни болакай телевизорда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кўмагида ногирон болалар соғломлаштирилаётгани ҳақидаги лавҳани кўрганда унинг юз-кўзларида қувонч жилваланди. Асадулланинг онаси дарҳол ушбу фондга мурожаат қилди.

“Соғлом авлод учун” фонди билан “Friedensdorf International” халқаро ташкилотининг ҳамкорлиги доирасида Асадулла Германия клиникаларидан бирида даволанди. Уни кутиб олиш учун аэропортга чиққан ота-онаси ўғлининг қўлларини кенг ёзиб, югуриб келаётганини кўриб қувончдан йиғлаб юборди.

– Бошимизга тушган бу кўргулик биз учун катта синов бўлди, – дейди Асадулланинг онаси Сурайё Ўрмонова. – Ногирон бўлиб қолаёзган боламнинг соғайиб, ҳаётга қайтиши учун кўпчиликнинг меҳнати сингди. Аввалига Тошкентда, кейин хорижда бепул даволанди. Худога беадад шукр, бугун бағримда, юзи кулиб, кўзлари чақнаб юрибди! Бунинг учун меҳр-оқибатда тенгсиз халқимизга, ҳар бир болага эътибор билан қараётган давлатимиз раҳбарига қанча ташаккур айтсам, оз!

Асадулла ҳовлидаги иссиқхонада отаси билан кўчат парваришлаётган экан. Ёш бўлишига қарамай, ҳаётнинг аччиқ синовларини бошидан ўтказган бу бола ҳаётда соғлиқ энг бебаҳо бойлик эканини яхши англайди.

Яна ўқинг:  Васийлик ва ҳомийлик

– Шифохонада ётган кунларим ўрнимдан бир мартагина туриб юришни орзу қилгандим, – дейди у. – Яхши инсонларнинг ёрдами билан нафақат оёққа турдим, балки бутунлай тузалиб кетдим. Ҳеч кимдан кам жойим йўқ. Спорт билан шуғулланаман. Ҳунар ўрганяпман. Менга ёрдам берган барча одамлардан қарздорман. Келажакда ўзим ҳам кўмакка муҳтож кишиларга яхшилик қилишни хоҳлайман.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда. Германия, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳиндистон сингари мамлакатлар билан ҳамкорликда турли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этаётир.

– Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасидаги уч томонлама шартнома доирасида 35 нафар бола Германия клиникаларига юборилди, – дейди фонднинг бошқаруви раиси ўринбосари Нозимжон Мўминов. – Бир йил илгари даволаниш учун йўналтирилган 26 ўғил-қиз соғломлашиб, юртимизга қайтиб келди. Ҳамкорлик доирасида жами 300 дан зиёд болалар мамлакатимиз клиникаларида соғломлаштирилди. Туғма юрак нуқсони билан оғриган 39 бемор учун Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг кардиохирургия клиникасига оксигенатор ва унинг бутловчи қисмлари бепул етказиб берилди ҳамда барча операциялар муваффақиятли ўтказилди.

Корея Республикаси билан ҳамкорликда ҳам кўплаб соғломлаштириш дастурлари амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йили Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани болалар шифохонаси ва Юқори Чирчиқ туманидаги қариялар уйида “Ewha womans university” госпитали шифокорлари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Уларга 530 га яқин киши, асосан, аёллар ва болалар қамраб олинди.

Бухоро ва Навоий вилоятларида Жанубий Кореянинг “Vision care servise” халқаро ташкилоти офтальмологлари билан биргаликда катаракта хасталигини бартараф қилиш, кўз гавҳарини алмаштириш мақсадида текширув ўтказилди. Хайрия акцияси давомида 700 дан зиёд беморга тавсиялар берилди. Юзга яқин беморда жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасига Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” ташкилоти ва Ча университети қошидаги Пундан Ча госпитали шифокорлари ташриф буюришди. Улар туғма юрак нуқсони бор 46 бемор болани тиббий кўрикдан ўтказди. Уларнинг 6 нафари Жанубий Кореянинг нуфузли клиникаларига соғломлаштириш учун юборилди.

Яна ўқинг:  2021 йилда МТМлар 1 миллион 109 минг нафардан зиёд болаларни қамраб олиш имкониятига эга бўлади

Сингапур Республикасининг “Smile Asia” хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида юқори лаб ва танглайида туғма нуқсони бўлган болалар текширувдан ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти зарур болалар шу ернинг ўзида соғломлаштирилди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болаларни соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган бундай ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Чунки мамлакатимизда ҳар бир бола меҳр ва эътиборда. Бу эзгу тамойил самарасида фарзандларимиз соғлом туғилмоқда ва соғлом улғаймоқда. Ҳеч кимдан кам бўлмай, улкан орзу-мақсадлар билан катта ҳаётга қадам қўймоқда.

Гўзал САТТОРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: