Ҳунар – зар, ҳунарманд – заргар

Ҳар кимнинг умр йўллари турлича, тақдир йўллари турфадир. Муҳими бу йўлларни босиб ўтиш эмас, унга мазмун кирита олиш. Албатта, бунда инсон учун ҳаёти давомида танлаш имконияти бўлади. Иккиланмай ишонч билан қилинган қарор эса умрнинг салмоғини оширади, унга мазмун бахш этади.

Тошкентлик Жамолиддин ака Абдуллаев ҳам ана шундай танловларда умрининг янги саҳифасини оча олган кишилардан бири. У ўзи танлаган йўл орқали нафақат ҳаётини яхшилай олди, балки ўзбек халқ амалий санъатига ҳам янгилик киритди.

– Синовлар киши иродасини мустаҳкамлайди, – дейди Жамолиддин ака.

– Пайтлар бўлдики, ҳаётимга ўзгартириш киритиш, янги иш бошлашга тўғри келди. Зеро, оила, фарзанд тарбияси, турмушнинг ўзига яраша масъулияти ва бурчи шуни тақозо этди. Бунда акам, моҳир наққош – Камолиддин Абдуллаев яқин кўмакдошга айланди. Ваҳоланки, мен шу чоққача бу йўналишга умуман қўл уриб кўрмаган эдим. Акам ҳамда устозларимдан Жасур Баҳодировнинг кўрсатган йўл-йўриғи, шу касбга ундаши ва қизиқтира олиши 33 ёшимда халқ амалий санъати йўналишида мўйқалам тебратишимга туртки бўлди. Ҳаёт йўлида танловнинг эрта-кечи бўлмас экан.

2006 йилнинг охирларида Тошкентдаги Абулқосим мадрасасида наққош бўлиб эндигина иш бошлаган Жамолиддин Абдуллаев даставвал ишни қутилар четига нақш туширишдан бошлади. Илк иши моҳир наққошникидек бўлмасада акаси Камолиддин аканинг рағбати билан ишлашда давом этди. Маҳорати тобора сайқал топиб боравергач ранг бериш, гуллар расмини солиш жараёнига ўта бошлади. Энди унинг хаёлини буткул ўзбек миллатининг руҳияти, миллий маданияти ва қадрияти акс эттирилган турфа нақшлару, рангин сўзаналар банд этди. Кўча-кўйда, атрофларда ранг берилган, ёки нақш тортилган мато кўрдими унинг чизиқлари ва ранглар уйғунлиги ҳақида бош қотирадиган, яна қандай ишлов берилса, кўркам ва чиройли бўлиши борасида ўйлайдиган бўлди. Наққошликнинг нозик сирларини кўп йил босқичма-босқич қунт билан ўрганди, тажриба орттирди. Энди унинг қўл меҳнатини нафақат устозлари, балки хорижлик меҳмонлар ҳам эътироф этиб харид қила бошлашди.

Орадан маълум вақт ўтгандан сўнг Жамолиддин ака ҳамкасби Абдуғофур Баҳодиров билан ўз ишида янгиликка қўл уришди. Ҳунармандлар нафис миллий нақшлару ранглар жилосини эндиликда қутиларда эмас, аксинча, аёлларнинг турли зебу зийнат ва тақинчоқларида акс эттира бошлашди. Натижаси эса маҳсулотнинг тезда ўз харидорларини топганида билинди. Аста-секинлик билан бу йўналиш орқали даромад ортиб, маҳсулотлар тури ва сони ошиб борди. Ўзгаларникига ўхшамайдиган ягона кўринишга эга тақинчоқларни буюртма асосида тайёрлаб, унга қўл меҳнати орқали нақшлар солина бошланди Ўзига хос кўринишдаги маҳсулотларни оммага янада кенгроқ таништириш мақсадида Жамолиддин ака кўплаб танлов ва фестивалларда иштирок этди. Табиийки, натижа ҳам меҳнатга яраша юқори бўлди. У “Ташаббус – 2013” кўрик-танловининг ғолибига айланди. Янги йўналишдаги маҳсулотларга талаб тобора ортиб борди. Натижада уста ҳунарманд Жамолиддин ҳамда Абдуғофур ака миллийлик нафаси уфуриб турган “Art-anor” зеб-зийнат дўконига асос солишди.

Яна ўқинг:  Табиат гултожи ўзингсан, аёл!

– Ҳар бир инсон ўз касбида янгилик яратиши лозим. Бу унинг шу соҳада мавқеини оширади, ўзига хосликни намоён этади. Шукр Яратганнинг инояти билан биз бунинг уддасидан чиқа олдик, – дейди Жамолиддин ака.

Жамолиддин ака ҳамда шогирдлари томонидан яратилаётган зебу зийнатларни кўздан кечирар экансиз, ўзбек аёлининг миллийлик нафаси билан зеб берилган замонавий қиёфаси кўз олдингизда гавдаланади. Устанинг таъкидлашича зебигардонларда акс эттирилган нақшлар ва ранглар уйғунлиги бошқасида сира учрамайди. Бу унинг ноёблигини белгилаб берадиган муҳим хусусият бўлиб, маҳсулотнинг қийматини ҳам оширади. Бу эса ҳунармандларни тинимсиз изланишига ва ўз соҳасида кўплаб янгиликлар яратишга ундайди. Уста бошланган кунини ўз ишига бир янгилик киритмасдан кеч қилмайди. Изланишларнинг самараси ҳамиша хайрли бўлади. Эндиликда уста ҳунарманднинг коллекциясида нафақат аёллар тақинчоқлари, балки бежирим ва нафис қўл соатлари, шунингдек, эркаклар кўйлагининг қўл тугмалари ва бўйинбоғ қистиргичларини ҳам топишингиз мумкин. Ҳозирда улар томонидан яратилаётган ўзига хос миллий нақшлар ва ранглар билан зеб берилган маҳсулотлар нафақат юртимизда, балки кўплаб хорижий давлатларида ҳам тобора оммалашиб тақинчоқларга кун сайин талаб ортмоқда.

Уста наққош жорий йилнинг баҳорида ўтказилиши режалаштирилган халқаро кўргазмаларга тайёргарлик кўрмоқда.

 

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: