“… ҚИРҚ УЙДАН НАСИҲАТ”

Меҳмондўстлик, миллатлараро тотувлик хусусиятлари халқимизга хос азалий фазилатлардан биридир. Ўсмирлик давримизда ҳам турли миллат вакиллари бир маҳаллада, аҳил, иноқ, қариндошдек яшардик.

Қишлоғимизда Гулой женгеше (келинойи) деган қозоқ келинчак бўларди. Бизникига чиқиб тандиримизда нон ёпар, мени тез-тез ёрдамга чақирарди. “Ёйишни билмайман…” десам: “Қўрқма, ўзим ўргатаман. Ўн ёшдан ўтдинг, катта қиз бўлиб қолдинг. Қиз бола ўнга кирса, сонга киради”, деган гапларни эшитмаганмисан?” дерди. Қишлоқ қизлари, ҳаммамиз женгешега ёрдам беришни хуш кўрардик, катта ариқдан сув ташиб берардик. Улар ҳовлисининг олди кенг, ўйинга қулай жой эди. Укаларимизни аравачага ўтқазиб олиб, женгешенинг болаларини ҳам ўйнатар эдик. Баъзан “беш тош”, “олабухча”, “оқ терак” каби ўйинларга берилиб кетардик. Шунда женгеше чиқиб бизни койирдилар. “Қиз болага қирқ уйдан тийув (танқид, ўгит)”, деган гап бор. Бўйга етиб қоляпсизлар-у, сакраганингиз сакраган. Китоб ўқисанглар, Гулсара келиндан тўқишни ўргансанглар бўлади-ку”, дерди. Биз улардан ҳеч хафа бўлмасдик.

Хуллас, қишлоғимиздаги келинлар ўсмир қизлар билан эринмай суҳбатлашишар, бизга насиҳатлар қилишарди. Насиҳатлари кўп ва хўл бўларди.

* Қиз бола баланд овозда гапирмайди. Ўзи сўзлаб ўзи кулмайди.

* Ота-онага айтмасдан энг яқин дугонасиникига ҳам бормайди.

* Бировлар гаплашиб турганда аралашмайди.

* Уйга меҳмон келганида катта хотинлар олдида ўлтирмайди.

*Меҳмонга борганида дарров ошхонага ўтиб, уй бекасига, келинларга ёрдамлашган қиз ақлли қиз бўлади.

* Ўтириб туришда ҳам гап кўп. Қиз деган фаришта оёқ-қўлларини йиғиб, бир тиззасига қўниб, узукка кўз қўйгандек ўтириши керак.

* Қиз бола мисоли бир сирли ғунча, чиройи ва хушбўйи ичига яширинган бўлади.

* Қиз бола ўз кийимини ўзи тикиб кийгани яхши.

* Сепли қизим сарфлаб битар, эпли қизим эплаб кетар, деганлар.

“Эҳ, қизларжонларим, ўзим нимани эшитган бўлсам, сизларга айтиш бўйнимда қарз, фақат хафа бўлманглар”, дердилар ўгит берган янгалар.

Гулсара янгадан тўқишни, Ўғилжон янгадан қуроқ тикишни, Сорагул янгадан ўлан қўшиқлари айтишни, бошқаларидан экин-тикинга қарашни… ўрганибмиз.

Азизахон ҲАСАН қизи

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР КОСМЕТИКАСИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: