РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК – СОҒЛОМ ОНАЛИК ГАРОВИ

Репродуктив саломатлик нафақат аёлнинг, балки эркакнинг ҳам ўзидан соғлом зурриёд қолдира олиш давридаги саломатлигидир.

Айниқса, бу борада ўсмир-йигит-қизларнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратиш зарур. Бўлажак онанинг қачон ва қандай шароитларда она бўлишини назорат қилиш, унинг ва туғилажак боланинг ҳам саломатлиги учун мақбул шарт-шароитларни яратиш муҳим. Ҳозирги кунда бўлажак оналар фарзандини дунёга келтиришдек ўта масъулятли вазифага тайёргарлик кўришда тиббий жиҳатдан саводхонми? Бу борадаги махсус адабиётлар, газета, журналлар ўқиш учун хотин-қизларимиз вақт топа олишаяптиларми?

Репродуктив саломатлик масаласи фақатгина туғруқлар оралиғи уч йилдан кам бўлмаслигига эътибор қаратишдангина иборат эмас. Балки у ўз ичига кенгроқ вазифаларни қамраб олади. Бунда асосий эътибор оила фаровонлигини таъминлаш, уларда ижобий психологик иқлимнинг ҳукм суриши, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, оилаларнинг том маънода мустаҳкамлигини таъминлаш кабилар назарда тутилади. Албатта 16-17 ёшлардаги қиз бола организми ҳали тўла етилган бўлмайди. Эрта фарзанд кўриш ёш она саломатлигига ҳам, ундан туғилажак бола саломатлигига ҳам маълум даражада хавф туғдириши мумкин.

Бўлажак оналар бўлмиш қизларимизнинг репродуктив саломатликларини муҳофаза қилишни барча таълим муассасаларида кенг кўламда амалга ошириш керак. Ўспиринлик – нозик давр. Айниқса, ота-оналар ва педагоглар бу даврда болалар билан ўзаро муносабатда дўстона йўл тутишлари керак. Бу даврда ўспиринлар жадал ўсгани боис уларнинг организмида турли хил аъзоларнинг мувозанати бузилади. Қиз болалар репродуктив саломатликларининг шаклланишида жисмоний тарбия дарслари имкониятларидан фойдаланиш ва бундай машғулотларни кўпайтириш тажрибаси ижобий натижалар бериши аниқланган. Қиз болаларда репродуктив саломатликнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омиллар қаторида ички секреция безлари ва моддалар алмашинув жараёнларининг бузилиши, вегетатив асаб тизими касалликлари, аллергик касалликларни кўрсатиб ўтиш, шунингдек, уларнинг олдини олишда оила ва тиббий ходимлар, педагоглар томонидан мақсадга қараб йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини уқдириб ўтиш жоиздир. Мутахассислар томонидан нотинч, ичувчи, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш каби зарарли одатлари мавжуд оилаларга катта эътибор қаратиш лозим бўлади. Қиз бола организмига булардан ташқари тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, гиёҳвандлик каби зарарли одатлар ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Кўрсатиб ўтилган хавф омиллари кейинчалик уларда ҳомиладорликнинг физиологик кечишига тўсиқ бўлиб, патологик туғруқларга сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  БЕПУШТЛИКНИНГ ЯНА БИР САБАБИ

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қизларда ва бўлажак оналарда репродуктив саломатликни шакллантириш уларнинг мактаб давриданоқ бошлаш керак. Улар ҳам жисмонан, ҳам маънан, ҳам психологик нуқтаи назардан соғлом бўлиб шаклланса ва муқаддас саналган оила тўғрисида етарли кўникма, малака ва билимга эга бўлсаларгина, умуман олганда соғлом турмуш тарзини шакллантирсаларгина улардан туғилажак фарзандлар ҳам соғлом ривожланиб, оилаларимиз фаровон ҳаёт кечирадилар.

Мунира ЯРКИНБОЕВА,

ЎзМУ магистранти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: