Миттивойнинг митти улови
Она фарзанди билан энг кўп вақтини ўтказадиган асосий тарбиячидир. У фарзандини турли хил касалликлардан муҳофаза қилиб, бутун вужуди билан ширинтойни соғлом ўсишига кўмаклашади. Она нафақат фарзанд тарбияси, балки уй-рўзғор юмушлари билан ҳам шуғулланади.
Айнан шундай пайтларда улар катталарнинг ёрдамисиз, кичкинтойнинг мустақил ҳаракатлана олишига ёрдамлашувчи аравачаларга эҳтиёж сезади. Мазкур воситалар нафақат она учун кўмакчи, балки, боланинг мустақил ҳаракатлана олишида, унинг илк қадамларини ташлашида яқин ёрдамчи вазифасини ўтайди.
Бола олти ойликдан бошлаб танасини тўғри ушлашга ҳаракат қилади. Бу эса уни юришга қаратилган илк қадамлари ҳисобланади. Унинг юришига кўмаклашувчи аравачадан бола ҳали катталарнинг кўмагисиз, ўзи бемалол юра олмаган ҳолатларда фойдаланилади.
Аравача танлаш
Аравачанинг баландлиги бола бўйига қараб танланади. Агар бола мосламага ўтказилганда унинг оёғи ерга тегиб турса, у оёғини эгилтирган ҳолатда ҳаракатланади бу эса таянч-ҳаракат тизимидаги жиддий муаммоларни юзага келтиради.
Ҳар бир аравачанинг ўз маълумотлари ёзилган ҳужжати бўлади унда боланинг бўйи ва вазни белгилаб қўйилади. Белгиланган тана вазнига риоя қилиш бола саломатлиги учун жуда муҳим. Ҳозирги кунда аравачаларга қўшимча имкониятлар ҳам яратилмоқда. Хусусан бола йиғлаганда уни овутиш учун махсус мусиқа чаладиган мослама ва ўйинчоқ аравача столига бириктирилган. Мазкур столдан мусиқий қисмни олиб қўйиб, фойдаланса ҳам бўлади.
Аравачадан фарзандингиз мустақил равишда тик туришни бошлаган пайтдан фойдаланишингиз мумкин. Агар фарзандингиз билан боғлиқ турли муаммолар бўлса, ушбу мосламадан фойдаланишдан олдин болалар шифокорига мурожаат қилиб маслаҳат олинг.
Аравачанинг асоси кенг ва мустаҳкам бўлиши керак. Бола энгашганида ёки қалтис ҳаракатлар қилганида аравачадан ағдарилиб кетиши мумкин. Бола ҳаракатланиш жараёнида бирор буюмга урилганда аравача олд қисми резина ёрдамида ҳимояланишига эътибор қаратиш лозим.
Мазкур воситанинг ғилдираклари сони қанча кўп бўлса, у шунча яхши ҳаракатланади. Ғилдираклар турли томонга осонлик билан ҳаракатланиши учун керак. Аравача ўриндиғи чуқур бўлса бола унга яхши жойлашади. Мазкур мосламага ўтирганда барча оғирлик кичкинтойнинг оёқ соҳасига тушишини инобатга олган ҳолда ўриндиқ кенг ва мустаҳкам бўлиши лозим. Баланд ва мустаҳкам суянчиқ ёрдамида бола ҳаракатланиш давомида ағдарилиб кетмайди. Ва асосийси ўриндиқ ювишга қулай, унинг алмаштириладиган астари мавжуд бўлиши керак.
Болангизни ҳеч қачон қаровсиз аравачада узоқ муддат қолдирманг. Терисида қизаришлар, яллиғланишлар борлигини сезсангиз тузалиб кетгунига қадар аравачадан узоқроқ тутинг. Фарзандингизда рахит касаллиги белгилари бўлса ундан фойдаланманг.
Оёқ мушаклари таранглигининг жуда юқори ва ўта паст ҳолатларида ҳамда унинг таянч-ҳаракат тизимида муаммолар бўлса аравачадан фойдаланманг. Боланинг кайфиятига ҳам эътибор беринг, агар у ўтиришни истамаса яхшиси уни мажбурламанг.
Дастлаб ўтиришни уч дақиқадан бошлаш керак. Кейинчалик унинг вақти аста-секинлик билан 40 дақиқадан кўп бўлмаган муддатга узайтириб борилади. Унинг умуртқа поғонасига ҳаддан ташқари оғирлик туширманг. Кун давомида 1-2 маротаба аравачадан фойдаланинг.
Юришга кўмаклашувчи аравачанинг ўзига хослиги
Кичкинтой аравачада турли хил ҳаракатларни бажариши мумкин. Масалан: тик ҳолатда туриши, тез ҳаракатланиши, юриши натижасида унинг мушаклари ривожланиши осонлашади.
Бола ақлан ривожлана боради. Чунки, тик ҳолатда бола маълумотларни ўзига тез қабул қилади. У олдин аҳамиятсиз бўлиб кўринган буюмларни эндиликда қизиқиш билан кузатади ва мосламада юриб бориб, уларни қўли билан ушлашга ўрганади. Фаол ҳаракатланиш ва кўтаринки руҳият натижаси унинг ички аъзолари ривожланишига ўз таъсирини ўтказади.
Унинг салбий хусусиятлари
Бола аравачадан узоқ муддат фойдаланса мустақил равишда ҳаракатланишга эҳтиёж сезмайди. Шу сабабли бу каби аравачалардан фойдаланган болалар бошқаларга нисбатан кечроқ юра бошлайди. Узоқ вақт давомида танаффусларсиз мазкур воситада ҳаракатланиш натижасида оёқларга оғирлик тушади. Натижада оёқ шаклининг ўзгаришига олиб келади, умуртқа суяги қийшаяди.
Мосламадан фойдаланиш баробарида ўзингиз ҳам кичкинтойнинг юришига ёрдамлашинг. Ҳаво очиқ кунлари кичкинтойни табиат қўйнига кўпроқ сайрга олиб чиқинг. Унутманг, бу каби ёрдамчи мосламалар хизмати онанинг ҳимоячи қўллари ўрнини боса олмайди. Бу мослама сизга шунчаки ёрдамчи вазифасини ўтайди.
Хуршида Ҳусенова