ДЮШЕНН ВА ЭРБ ФАЛАЖИ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК?
Бу дарднинг олдини олишда нималарга эътибор бериш зарур?
XVIII ва XIX асрларда яшаб ўтган француз невропатологи Дюшенн ҳамда немис шифокори Эрб умуртқа поғонасининг юқори қисмида жойлашган бўйин ва елка чигали фалажи ҳақида маълумот ёзиб қолдиришган.
1872 йилда Г. Дюшенн янги туғилган чақалоқларда туғруқ жараёнида доянинг эҳтиётсизлиги сабабли елка чигали фалажи юзага келганини кузатди. Орадан тўрт йил ўтиб эса В. Эрб катталарда бу хасталик нима сабабли пайдо бўлиши ва ушбу касалликни клиник белгилари, унинг анатомик жиҳатдан кўриниши, ҳамда дард қандай кечиши (патогенези) хусусида тўлиқ баён этди.
Бу фалажликнинг чақалоқларда кузатилишига сабаб, уларнинг туғруқ жараёнида шикастланишидир. Акушер-гинекологнинг болани қўлтиқ остига бармоғини тиқиб, унинг елкасини чиқариб олишда нотўғри ҳаракат қилгани ёки акушерлик қисқичлари билан боланинг бошини тутиб, уни кескин бурагани сабабли елка чигали жароҳатланади. Яна елка фалажи ривожланишига грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)нинг асорати ҳам сабаб бўлади. Доянинг қўпол ҳаракати натижасида эса елка чигали ҳаддан ташқари чўзилади ва йиртилади. Шунингдек, гўдаклик давридаги елка асаб чигали фалажига туғруқ даврида чақалоқнинг умуртқа поғонаси, бўйин қисми ҳамда орқа мия асаб толалари жароҳатланиши сабаб бўлади.
Маълумотларга қараганда орқа мия жароҳатлари бош мия жароҳатларига нисбатан 2-3 маротаба кўп учрайди. Чақалоқларда бўйин ва елка чигали шикастланиши асосан туғруқ жараёнида учрайди. Шу сабабли бу хасталик акушерлик қўл фалажлари деб номланади.
Каттароқ ёшдаги болалар ва катталарда эса бировнинг қўлини кескин силтаб тортиш, оғир ва кескин ҳаракатли спорт машғулотлари, бўйин ва елка бўғимининг лат ейиши, уйқуда қўлларни кескин ҳаракат билан бошнинг тагига қўйиш сабаб бўлади. Яна бўйин соҳасининг ўқ отар қуроллар билан шикастланиши сабабли ҳам бемор елка чигали фалажи кузатилади.
Катталарда эса юқорида баён этилган сабаблардан ташқари бўйин ва елка чигали жароҳатлари йўл транспорт ҳодисаларининг 2-2, 5 фоизини ташкил этади.
Гўдак туғруқ йўлларида ўтаётганда унинг елка ва бош суяги асоси чўзилса, яъни акушер-гинеколог чақалоқнинг бошини махсус акушерлик қисқичи билан қисиб олиб нотўғри ҳаракат қилса ёки боланинг боши вакуум-экстрактор тиббий асбоби билан тортиб олинса, шунингдек, доянинг кескин қўл ҳаракатлари сабабли ҳам бўйин-елка чигали фалажига сабаб бўлади. Шунингдек, бола думбаси ёки юзи билан келганда (25 фоиз ҳолатда) ҳам ушбу хасталик учрайди.
Касаллик белгилари
Хасталикнинг кечиши елка ва бўйин қисмидаги асаб толаларининг қайси жойи шикастлангани ва унинг турига боғлиқ. Яъни, юқори бўйин сегментлари (С1-С4) шикастланганда беморда лоқайдлик, мушаклар таранглигининг бўшашиши, тана ҳароратининг пасайиши ва қон босимининг тушиши, пайларда неврологик текширувлар жараёнида оғриқ рефлексларининг кескин пасайиши ёки умуман йўқлиги, жароҳатланган соҳада фалажлик кузатилади. Шунингдек, митти беморда туғилган заҳотиёқ унинг нафас олиш ритми бузилади. Унинг қовурғалараро оралиқлар соҳаси силлиқлашган ёки ичига ботган бўлиб, қорни дам бўлади. Чақалоқда пешоб ажратиш жараёни ҳам бузилади ёки унда нейроген қовуқ белгиси кузатилиб, гўдак вақти-вақти билан пешоб тута олмайди. Болани кўздан кечирганимизда унда “қурбақа ҳолати”ни кузатиш мумкин.
Беморни фақат малакали невропатолог даволайди. Туғруқ жараёнидаги оғир шикастларда даволаш муолажаларидан сўнг 30 фоиз ҳолатларда ижобий натижага эришиш мумкин. Катта ёшли беморларда эса бўйин-елка чигали фалажи шикастланиш даражасига кўра турлича бўлади. Агар ушбу соҳа чигали сиқилган бўлса, унинг фаолияти 2-3 ойдан сўнг тикланиши мумкин. Албатта узоқ муддатли даводан сўнг юқумли хасталиклар сабабли ёки токсик (заҳарли) омиллар таъсирида касаллик юзага келган бўлса бемор секинлик билан тузалади. Мабодо бўйин-елка чигали узилган, қаттиқ эзилган бўлса хаста киши бир йил давомида шифокор назорати остида даволанади. Асаб толалари учлари бутунлай узилиб кетган бўлса, унда бу ҳолатда беморга жарроҳ ёрдами зарур бўлади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам беморга ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам унинг тезда соғайиб кетишига кафолат беради.
Дилдора РЎЗИҚУЛОВА,
Чилонзор тиббиёт коллежи “Асаб ва руҳий касалликлар” кафедраси ўқитувчиси