Кичкинтойнинг кундалик таомномаси

Соғлом овқатланиш қоидасига риоя қилишни болажонларга кичик ёшидан ўргатиш, уларнинг кейинчалик меъда-ичак тизими билан боғлиқ бўлган касалликлар, анемия, аллергия каби хасталикларга чалинишдан холос этади. Асосан, бир ёшдан бошлаб болажонлар қўшимча озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қила бошлашади. Ана шу давр болалар учун ўзига хос саналади.

Унинг ўзига хослиги шундаки қайсидир маҳсулот болага хуш ёқади ва яна қайсидир таом сабабли унда нохуш (аллергия, ич кетиши, қайт қилиш) ҳолатлари юзага келади. Бунда маҳсулотларнинг турига аҳамият қаратиш муҳим саналади. Кўпчилик агар бола соғлом бўлса, унинг овқатланишини назорат қилмасликни тўғри деб билади. Бу нотўғри қараш. Ота-оналар фарзандларининг соғлиғига эътиборли бўлишни уларнинг тановул қиладиган маҳсулотларидан бошлаши керак.

Азиз оналар, фарзандингиз учун ажойиб таомномани тавсия этамиз. Ўйлаймизки, мазкур таомнома рўйхати бола парваришида сизга яқин кўмакчи бўлади.

Бир ёшли бола учун эрталабки нонуштага сутли бўтқа, творог, қуймоқ ҳамда қайнатилган тухум тавсия этилади. Ичимликлардан шакарсиз чой ёки наъматак дамламасини беришингиз мумкин. Эрталабки нонуштага сутли бўтқа, бир бўлак мевалардан ёки улардан тайёрланган пюре (уни бўтқага солиб ёки алоҳида беришингиз мумкин). Бунинг ўзига хос таъми фарзандингизга албатта манзур келади. Бўтқа кунлик рационда 150-200 млдан ошмаслиги лозим. Унга 5 гр. дан кўп бўлмаган сариёғ солсангиз кифоя. Бу бола организми учун енгил таом бўлиб, ҳазм қилиш жараёнини осонлаштиради. Бу ёшда боланинг таом рационига янги бўтқаларни киритиш мумкин. Масалан, бўтқани арпа, жавдар (қора буғдой) уни маҳсулотларидан тайёрлаш мумкин. 1, 5 ёшдан бола таомномасига катталар бўтқасини киритса ҳам бўлади. Яъни, буғдой, сули ёрмасидан тайёрланган бўтқалар тавсия этилади.

Ажойиб, енгил ҳазм бўладиган тотли бўтқа

Бир стакан гречиха ёрмасини совуқ сувда ювиб оламиз. Уни сирли идишга солиб, икки стакан сув аралаштириб, устини беркитамиз. 2-3 соатдан сўнг ёрма барча сувни ўзига шимиб олади. Ёрмага таъбга кўра туз солиб, қайнатиб 2-3 дақиқа давомида пишириб олиш лозим. Дастурхонга тортишдан олдин таомга сариёғ ёки озгина сут солиб берсангиз бўлади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, айрим мутахассислар сутни бошқа маҳсулотлар билан аралаштиришни тавсия этишмайди.

Яна ўқинг:  ЯНГИ ЙИЛ ДАСТУРХОНИ ортиқча вазнга сабаб бўлмасин

Тушлик дастурхони

Болажонингизнинг тушлик дастурхонига сабзавотлардан тайёрланган салат ва шўрва тортилади. Бу болани янада қувватли, соғлом ўсишига ёрдам беради. Мисол учун сабзавотли салатга бодринг, помидор ёки сабзини қирғичдан чиқариб, устига ўсимлик ёғи (5-7 гр. ) ёки сметана (5-10 гр. ) солинади. Шўрвасига сутли вермишелни тайёрласангиз ҳам бўлади. Аммо эслатиб ўтамиз. Ёш болага макарон маҳсулотларидан тайёрланган таомларни тез-тез бериш тавсия этилмайди. Ҳафтасига 1 маротаба (30-35 гр. ) берсангиз кифоя. Рангли карам, шовул ва бошқа сабзавотлардан тайёрланган ажойиб шўрва болангизнинг иштаҳасини очиши аниқ. Шунингдек, гўшт ва балиқ маҳсулотларидан тайёрланган шўрва ҳам болангиз учун тансиқ таом ҳисобланади. Бола таомномасида балиқ маҳсулотлари ҳафтасига 80 гр. дан ошмаслиги керак. Дастурхонга навбатдаги таом тортилади: сархил сабзавотлардан тайёрланган пюре; бир ёшга тўлган болажонга лавлаги, шолғом, яшил нўхот, кўкатлар ва бошқа сабзавотлар берса бўлади. Аммо эслатиб ўтамиз, картошкани болалар таомномасида кўп ишлатманг. Зеро, унинг таркибида кўп миқдорда крахмал бор. Ичимликлардан: мевалардан тайёрланган табиий компот, кисель ёки мевалардан тайёрланган чой бериш мумкин.

Кечки чой

Кефир, йогурт, сут, қотирилган нон, творог (агар эрталабки нонуштага берилмаган бўлса), мевали салат беришингиз мумкин. Қирғичдан чиқарилган олма, нок, банан салати. Шунингдек, бу мевалардан бўтқага аралаштириб берсангиз, бола учун фойдали ҳамда мазали бўлади. Мева ва реза мевалардан(қулупнай, маймунжон, малина, қора қорағат(смородина))мевалари кечки нонушта учун жуда яхши маҳсулот. 1, 5 ёшдан бошлаб болангизга кам миқдорда мазали олади(қуймоқ), творогли қуймоқ берсангиз бўлади.

Кечки овқат

Гўдакнинг кечки дастурхонига сабзавотли, гўштли таомлардан тавсия этиш мумкин. Қовоқли сули бўтқа, димлаб пиширилган лавлаги ҳамда олмали бўтқа билан қиймали қовурилган сабзавот. Шу билан биргаликда мевали пюре ҳамда шарбат(кун давомида болага 100 гр. дан ошмаган мевали пюре ҳамда 100 мл. дан кўп бўлмаган шарбат тавсия қилинади) Мунтазам равишда гўштли маҳсулот ва бўтқани кечки овқатга бериш тавсия этилмайди. Бу боланинг овқат ҳазм қилиш жараёнини қийинлаштиради.

Уйқудан олдин

Агар фарзандингизни кўкрак сути билан боқсангиз унга қўшимча овқат шарт эмас. Ундай бўлмаса болаларга енгил ҳазм бўладиган болалар кефири тавсия этилади. Бу ёшдаги болалар рационига торт, пирожний, шоколадли конфет киритилмайди.

Яна ўқинг:  КИЧКИНТОЙ ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНАДИ?

Бу билан болани ширинликдан чекланг демоқчи эмасмиз. Унинг ўрнига мармелад, мураббо, мевали жем, қиём(мева шарбатига шакар қўшиб пиширилган хамирсимон ширинлик)лардан беришингиз мумкин. 1-1, 5 ёшдаги болаларни 4-5 маротаба овқатлантириш лозим. Болангизнинг овқатланиш тартибига қатъий риоя қилинг. Бу болада овқатланишга шартли рефлексни ҳосил қилишга ёрдам беради. Болангиз ёшига нисбатан мос келадиган озуқавий моддани олишини назорат қилинг. Зеро, бу унинг соғлом ва бақувват ўсишида муҳим ўрин тутади.

1 ёшдан 1, 5 ёшгача бўлган боланинг овқатланиш ҳажми 100-200 мл, 1, 5 ёшдан 3 ёшгача бўлган боланики эса 1400–1500 мл. ни ташкил этиши керак.

Гулноза ЭГАМБЕРДИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: