ЮЗ ТЕРИСИ ПАРВАРИШИНИНГ 5 ҚОИДАСИ!

Баҳор ва ёз ойларида юз териси учун ниқоб Ҳамда суртмалар тайёрлашга керак бўладиган масаллиқларни топиш муаммо эмас. Ҳамма гап ҳафсала қилишда. ­Яъни, эринмасдан, ташқи кўринишингизга эътибор қаратсангиз кифоя. Ана шунда юзингиз тиниқ ва гўзал бўлади. Шубҳасиз, бундан ўзингиз ҳам мамнунлик Ҳис этасиз.

Қуёшдан ҳимояланинг


Юз териси баҳорда ультрабинафша нурларига сезувчан бўлади. Узоқ муддат кўк­лам қуёшида юрсангиз, тери куйиши, сувсизланиши, ажин тушиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланинг.

Кунига икки маҳал


Пардоз воситаларидан мунтазам фойдаланувчилар кунига икки маҳал юз терисини тозалашлари лозим. Оддий сув ўрнига, маъданли ёки доривор ўсимликлар дамламасини ишлатинг. Мисол учун, мойчечак, мармарак дамламалари терини тинч­лантириш хусусиятига эга. Эрталаб муз (доривор ўсимликлардан тайёрланган) бўлаклари ёрдамида юзни енгил уқалаш тери тонусини оширади.

Сепкиллар билан курашамиз!


Баҳор ва ёз қуёши юздаги сепкил ва доғларни обдон «сийлайди». Натижада улар ранги янаям тўқлашади. Баъзан доғ катталашиши мумкин. Офтоб нури терини куйдирмасидан аввал қуйидаги усулни синаб кўришингиз мумкин. Ниқобни тайёрлашда 100 грамм ерқалампир (хрен) илдизини иссиқ сувда чайиб, гўшт қиймалагичдан ўтказинг. Сўнг 1 чой қошиқ ун қўшинг. Масаллиқлар яхшилаб аралаштирилгач, юзга юпқа қилиб суртилади. 15-20 дақиқадан сўнг ниқобни илиқ сувда ча­йиб олинг. Ушбу муолажа ҳафтасига 2 марта такрорланади.
Юздаги доғ рангини очартиришда лимон суви, бодринг шарбати самарали таъсирга эга.

Юз териси қуруқ бўлса, ундаги пигмент доғни оқартириш учун оддий қатиқдан фойдаланиш мумкин. Қатиқ доғ устидан суртилиб, 10-15 дақиқага қолдирилади. Сўнг лимон шарбати аралаштирилган сув билан чайиб олинади.

Терида чуқур жойлашган пигмент доғни кетказишда, уй шароитида тайёрланувчи пилинг ёрдам беради. Рецепт эса қуйидагича: битта ўртача катталикдаги бод­рингни қирғичдан ўтказиб, 1 ош қошиқ сули ёрмаси ва 1 чой қошиқ денгиз тузи қўшилади. Аралашма терига суртилиб, 10 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб олинади.

Яна бир осон усул: бир дона қуритилган тухум пўстлоғини ҳовончада майдаланг. Уни бир дона тухум сариғи ва 1 чой қошиқ сметана билан аралаштиринг. Ниқоб юздаги доғ устидан суртилади. Муолажа 15 дақиқага мўлжалланган.

Соғлом кўринишга эга бўлиш усуллари

Яна ўқинг:  Майиз хосияти


Қиш об-ҳавоси юз терисини қаритади. Тери қават-қават бўлиб кўча бошлайди. Баҳорда тери соғлом кўринишини тиклаши учун бир нечта усуллар мавжуд бўлиб, қуйида улар билан танишасиз:

– 1 ош қошиқ тўғралган шивитни 1 чой қошиқ зайтун мойи билан аралаштириб, 1 чой қошиқ сули уни қўшилади. Аралашма юзга суртилгач, 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайилади.

– Ярим боғ петрушка кўкатини майда тўғранг. Уни 2-3 чой қошиқ сметана ва 1 чой қошиқ картошка крахмали билан аралаштиринг. Ниқоб пардоз воситаларидан тозаланган юз терисига юпқа қилиб суртилади. 20 дақиқа ўтгач, ниқобни илиқ сувда ювиб олишингиз мумкин. Мазкур рецепт юз терисини жуда яхши намлантиради.

– Юз териси ёғланганда, ялтираб қолади. Ёқимсиз ҳолатни бартараф этиш учун битта кичик олмани қирғичдан чиқаринг, 1 чой қошиқ картошка крахмали ва бир дона кўпиртилган тухум оқини қўшинг. Масаллиқлар яхшилаб аралаштирилиши керак. Сўнг ниқобни намланган юз терисига суртасиз. Ниқоб терига сингиши учун 10 дақиқа кифоя.

– Яримта бодрингни майда тишли қирғичдан ўтказиб, 1 ош қошиқ ўсимлик мойи ва 1 чой қошиқ қайнатилган сув билан аралаштиринг. Ниқобни 10-12 дақиқага юзга суртиб қўйинг. Сўнг илиқ сувда чайиб оласиз. Муолажадан кейин ажинларга қарши крем суртишни унутманг. Мазкур усул юз териси эластиклигини оширади.
Ҳар бир организм индивидуал тузилган. Ниқоблардан бири юзда қизариш, ачишиш, қичиш пайдо қилса, парваришлаш усулини ўзгартиринг.

Витамин қабул қилиш мумкинми?


Организм қувватсизланса, табиийки, бу юз терисида ҳам акс этади. Аммо бирор витамин препаратини қабул қилишдан олдин терапевт ва косметолог-дерматолог шифокорлар билан маслаҳатлашиш шарт.
Баҳорда тери учун А (терини тинчлантиради), D (тери рангини тиниқлаштиради), С, Е ва РР (тери қаришининг олдини олувчи антиоксидантлар) витаминлари керак. Аммо уларни қабул қилишда, яна такрор айтамиз, шифокор кўриги зарур.

Маҳфуза ҚУВОНДИҚОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: