ВУЖУД ҚЎРҒОНИ ҲИМОЯСИДА

Табиатдаги табиий антибиотиклар

Ўтган сонимизда кимёвий антибиотиклар хусусида сўз юритган эдик. Маълумки, сунъий антибиотиклар фақат шифокор рухсати билангина беморларга тавсия этилади. Уларнинг ҳапдориларни ўзбошимчалик билан ичиши ёки укол (эмдори)ларни қабул қилиши фақатгина организмга зиён етказибгина қолмай, балки фойдали ичак микрофлораси фаолиятини ҳам бузади. Натижада дисбактериоз хасталиги ривожланади. Беморнинг баъзан ичи қотиб, уни қабзият безовта қилса, баъзан эса касал одам ичи кетишидан шикоят қилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Дори воситаси таъсирида пайдо бўладиган аллергик реакцияларнинг салбий оқибатлари мавжуд. Бемор хасталанганда шифокор унга албатта антибиотикнинг қайси турини қўллаши лозимлигини билиши учун ушбу дори воситаларига микроб, бактерия ва вирусларнинг сезгирлигини аниқламасдан тавсия этса, у фақатгина организмга зарар келтиради.

Қуйида биз ҳар бир хонадон бекаси ошхонасида учрайдиган ёки бозорларда кўзингиз тушадиган таркибида табиий антибиотиклар мавжуд маҳсулотлар ҳақида қисқача маълумот берамиз.

Саримсоқпиёз

Бу маҳсулот таркибида фитонцидлар кўп бўлиб, у энг кучли табиий антибиотик ҳисобланади. Чунки, у бир вақтнинг ўзида ҳам бактериялар, ҳам вируслар ва паразитларга қирон келтиради. Айниқса, сутда чала пиширилган саримсоқпиёзга сариёғ ва асал солиб ичса беморни безовта қилаётган қуруқ йўтал хуружи чекинади. Шунингдек, табиий дори воситаси бўлмиш ушбу маҳсулот грипп ва ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекция)ларда жуда қўл келади. Уни қирғичдан ўтказиб ёки майда тўғраб турли салатларга солинса нафақат беморнинг иштаҳаси очилади, балки тезда дарддан фориғ ҳам бўлади. Шунингдек, саримсоқпиёз қон босимини ҳам туширади. Чунки, у қон томирлар қайишқоқлиги (эластиклиги)ни таъминлайди. Унинг деворларидаги хилтларни эритиб юборади. Рак ҳужайраларини нобуд қилади. Унинг таркибига кирувчи диалид сульфид организмнинг заҳарланишига сабаб бўлувчи Cambylobactеr номли туркумга кирувчи бактерияларга қирон келтиради.

Биринчи ва Иккинчи Жаҳон уруши даврида шифокорлар Россия ва Англия давлати қўшинларида ярадорларнинг жароҳатларини саримсоқпиёзли эритма билан ювишган. У беморларга худди антибиотикдай таъсир этган.

Ҳозирги даврда саримсоқпиёзнинг антибактериал хусусияти 23 хил турдаги бактерияларда синаб кўрилган. У стафилококк, стрептококк, сальмонелла, ич терлама хасталиги ва паратиф касаллиги бактерияларини, бўғма хасталиги таёқчасини нобуд қилади, сил таёқчасининг ривожланишини секинлаштиради. Хом саримсоқпиёз меъда-ичак тизими яра касалликларида тавсия этилмайди. Аммо меъда яраси ривожланишига сабабчи бўладиган Helicobacter Pylori бактериясига самарали салбий таъсир кўрсатганлиги сабабли саримсоқпиёзни бемор чала пишириб истеъмол қилиши мумкин.

Яна ўқинг:  БОЛА САЛОМАТЛИГИГА ЭЪТИБОР

Ерқалампир (хрен)

Унинг илдизи таркибида лизоцим деган антибактериал модда бор. У бактериал ҳужайра қобиғини емиради. Шу сабабли инфекцияни бартараф этади. Яна ерқалампир илдизи таркибидаги бензилизотиоцианат табиий антибиотик ҳисобланади. Буйраклар, пешоб йўллари ва қовуқдаги яллиғланишларни келтириб чиқарувчи бактерияларга қарши бу антибиотик самарали таъсир этади.

Асал

Табиий ва шифобахш асалнинг фойдали хусусиятлари бисёр. Организм учун зарур бўлган барча микроэлементлар унда мавжуд. Шунингдек, асал бактериал инфекцияларга қарши курашда ишончли воситадир. Фақат уни бу маҳсулотга аллергияси бор, шунингдек, чилла яра (диатез), ларингит хасталиги билан оғриган болалар ҳамда астма (зиққинафас) касаллиги мавжуд беморларга тавсия этилмайди. Айниқса, табиий дармондорилар хазинаси бўлган асал камқонликда, грипп, ЎРВИ, меъда-ичак тизимининг яллиғланиш касалликларида шифобахшдир.

Шунингдек, Европа ва Россия ўрмонларида ўсадиган брусника, клюква, қизил калина ҳамда рябина каби мевалар ва маймунжон, прополис (асалари муми), мумиё, дуб дарахти пўстлоғи, исириқ шолғом, алоэ, мойчечак, тирноқгул, мармарак, шифобахш эфир мойлари, чой дарахти мойи, эвкалипт, ялпиз, оддий қарағай, оқ қарағай ва доривор лаванда мойи, Ҳиндистонда етиштириладиган хушбўй қалампирмунчоқ дарахти мойи ҳам антибактериал хусусиятларга эга.

Аммо хушбўй мойларни аллергияси мавжуд беморларга тавсия этилмайди. Брусника меваси нефрит (буйрак касаллиги)да хаста одамга берилмайди. Калина меваси эса фақатгина гриппнинг олдини олиш ва бу касаллик эпидемияси чоғидагина қўлланилади.

Малина

Бу мева жуда мазали бўлиб, у шифобахш хусусиятга ҳам эга. Унинг нафақат меваси, балки қуритилган барги ва пояси ҳам доривордир. Қуритилган қисмидан ЎРВИ ва гриппда чой дамлаб ичиш мумкин. Яллиғланишга қарши ва бактерияларга қирон келтирувчи, антисептик (зарарсизлантирувчи) ҳамда терлатувчи хосиятлари сабабли малина халқ табобатида қадрланади. Шунингдек, асаб тизими фаолияти бузилган беморлар ҳам тез-тез малина истеъмол қилиб турсалар, унинг ижобий самараси яққол кўзга ташланади. Юқорида номлари тилга олинган табиий антибиотиклардай тумов, юқори нафас йўллари яллиғланиши, йўтал безовта қилганда бу мевани ҳам тановул этиш фойдали. Таркибидаги салицилат кислота сабабли юқори тана ҳароратини туширади. Етилиб пишган малина меваси тилларанг стафилококк, ачитқи споралари ва моғор замбуруғларининг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Пиёз

Яна бир табиий антибиотиклар сирасига пиёзни киритиш мумкин. Унинг ҳам таркибида фитонцидлар мавжуд. Бу маҳсулот ҳам саримсоқпиёздай стрептококк, стафилококк, трихомонада, бўғма, дизентерия (ичбуруғ) ва сил таёқчасига салбиий таъсир этади. Шунингдек, грипп ва ЎРВИ касалликлари профилактикасида пиёзнинг ўзига хос ўрни мавжуд. Бемор ётган хонанинг бир неча жойига ликобчага тўғралган хом пиёз солиб қўйиш керак. Яна хаста одам уни мунтазам ҳидлаб турса ҳам тезда оёққа туриб кетади. Шунингдек, эшик-деразаларни кир совунда совунлаб ювиш ва тоза латтада артиш, хоналарни намлаб, тозалаб ювиб туриш ҳамда уй ҳавосини алмаштириш ҳам микробларни нобуд қилади.

Яна ўқинг:  Сафро димланиши баджаҳлликка сабабми?

Пиёзни хомлигича истеъмол қилиш меъда-ичак яраси, гастрит (меъда шиллиқ қавати яллиғланиши) мавжуд беморларга тавсия этилмайди. У патоген (касаллик қўзғатувчи) микроорганизмларга қарши курашда самарали таъсир этади. Ичак микрофлораси фаолиятини яхшилайди. Яна ичаклардаги чириш жараёнининг олдини олади. Иммунитетни кўтаради. Шунингдек, тумовда ҳам у яхши ёрдам беради. Чипқон ва шу каби йирингли яраларни қўрда ёки духовкада пўсти билан пиширилган пиёзни жароҳат соҳасига боғлаб қўйиб, уни етилтириш мумкин. Кейин яра фасод бойлаб, ёрилади.

Турп

Унинг яшил тусли (кўк) ва қора рангли ичи оқ тури мавжуд. Аммо уларнинг навлари турли-туман. Қора турп Россия ва Европа мамлакатларида етиштирилади. Ҳозирда бу маҳсулот ўзимизнинг бозорларимизни ҳам тўлдириб турибди. Қора турп ҳам бактерияларнинг ҳужайра қобиғини емиради. Унинг шарбати эса яра ва жароҳатларнинг тез битишига кўмаклашади. Турпнинг ичини ўйиб, унга табиий асал солинса, орадан бироз вақт ўтиб, шарбат ажрала бошлайди. Шу шарбатни бемор кун давомида 3-4 марта бир ош қошиқдан овқатланишдан олдин истеъмол қилса йўтални қолдиради. Шунингдек, унинг яшил тусли тури иммунитетни кўтаради. Бу маҳсулот ангина (бодомча безлари яллиғланиши), грипп, ЎРВИ, бронхит ва шу каби хасталикларда шифобахш таъсирга эга.

Анор

Абу Али ибн Сино ҳам ўзининг тиббий рисолаларида анорнинг доривор хусусиятлари ҳақида ёзиб қолдирган. Бу меванинг барча қисми шифобахш. Гиппократ даврида қадимги греклар меъда-ичак тизими касалликларида унинг мевасидан фойдаланишган. Пўчоғи эса дизентерия (ичкетар) ва узоқ вақт битмаётган яраларда кучли антибиотик сифатида қўлланилган.

Ҳар куни мунтазам яримта анор истеъмол қилган одам организмига бактерия ва вируслар ҳужум қилмайди. Қуритилган анор пўчоғи қайнатилган сувда яллиғланган томоқ, милкларни чайиш мумкин. Агар оёқда замбуруғли касалликлар бўлиб, у ҳидланса ҳам шу шифобахш қайнатма ёрдам беради. Чунки, у буриштирувчи хусусиятга эга. Шунингдек, анор пўчоғи қайнатилган сув, холера (вабо), сальмонелёз, меъда яраси, колит (йўғон ичак яллиғланиши), дисбактериоз, қорин тифи (ич терлама) каби хасталикларни келтириб чиқарувчи бактерияларни нобуд қилади. Бу мева гуллари ва пўчоғининг қайнатмаси ҳам томоқ оғриғида шифобахш таъсир этади. Сунъий антибиотиклар организмдаги фойдали микроорганизмларни ҳам нобуд қилади. Аммо табиий антибиотиклар эса фақатгина уларнинг зарарлиларинигина йўқотади.

Яна ўқинг:  ПНЕВМОКОКК ИНФЕКЦИЯСИ ҲАҚИДА ОГОҲЛИК

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: