ТАЪТИЛ БАЙРАМОНА КАЙФИЯТДА ЎТАДИ

Янги йил тобора яқинлашгани сари барчанинг чеҳрасига кўтаринкилик инади. Қалбдаги кайфият кишиларнинг юзу кўзига кўчади. Аммо байрамнинг завқини болалар чеҳрасида кўриш мароқли. Зеро, янги йил улар учун бу ўзига хос мўъжизаларга бой бўлган байрам. Ям-яшил безатилган арча атрофида шўх-шодон ўйнаётган болаларга разм солганмисиз?! Уларнинг кўзларидаги қувончни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

Яқинда болаларнинг қишки таътили ҳам бошланади. Болажонларнинг таътил кунларини ўзига хос завқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида юртимиз бўйлаб кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан турли дастурлар ишлаб чиқилиб, чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Қатор мутасадди ташкилотлар таътил кунларида болалар учун турли қизиқарли лойиҳалар, хайрия концертлари, байрам тадбирлари ўтказишни режалаштиришган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон республикаси ўқувчилари ва талабаларининг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тугайдиган йилнинг охирги тўрт куни ва янги йилнинг биринчи ўн куни даврида Ўзбекистон Республикаси ўқувчилари икки ҳафталик қишки таътилга чиқишлари белгиланган. Хусусан, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти томонидан жойларда махсус ценарий асосида “Биз биргамиз”, “Кўчма арча” лойиҳалари, “Янги йил карнавали”, “Янги йил муборак”, “Қорбобо маҳаллада” каби байрам тадбирлари ташкил этилиши белгиланган. Шунингдек, жорий йилнинг 23-24 декабрь кунлари пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган оила фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган болалар учун “Камалак”дан Янги йил” хайрия концерт дастури ташкил этилиши режалаштирилган. Мазкур хайрия тадбирида болалар учун қизиқарли саргузашт концерт дастури, қувноқ ўйинлар, совринли викториналар ташкил этилиб, унга жами 4 минг 200 нафар бола жалб этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари республикамиздаги 23 та “Меҳрибонлик” уйидаги жами 2 минг 245 нафар тарбияланувчи, 86 та махсус мактаб-интернатидаги 17 минг 979 нафар ўқувчи, 6 та “Мурувват” уйидаги 1 минг 507 нафар имконияти чекланган бола учун “Камолот” кутубхонаси”дан янги китоблар, болалар адабиётига оид иккитадан тўплам (жами 230 та тўпламда 5 минг 750 та китоб) совға сифатида тақдим этилиши режалаштирилмоқда.

Болалар об-ҳавонинг совуқ бўлишига қарамасдан таътилда саёҳатга чиқиш, маданий ҳордиқ олиш мақсадида, театр, кино, цирк томошаларини кўришга ошиқишади. Бу борада “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб кемоқда. 27-декабрдан 12 январгача фонд томонидан “Меҳрибонлик”, “Мурувват” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини жойларда ташкиллаштириладиган “Янги йил” байрамига жалб этиш кўзда тутилган. 8 январь куни Тошкент шаҳридаги “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларини томоша қилиш имконига эга бўладилар.

Яна ўқинг:  Нонни эъзозлаганнинг насибаси бутун

10 январдан 12 январгача Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг қишки таътил кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбек Давлат циркига, Ички ишлар вазирлигига қарашли Маданият саройида бўлиб ўтадиган байрам дастури, пойтахтимиздаги театрларда ташкиллаштириладиган янги йил табрларида фаол қатнашишини таъминлашдан иборат.

Республикамизда ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқариш, уларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралда қабул қилинган “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сир эмаски, “Баркамол авлод” болалар марказлари ўғил-қизларимизнинг севимли масканига айланган. Бугунги кунда мактабдан ташқари таълим муассасалари юксак ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбияланган, кенг дунёқарашга эга, мустақил фикрловчи баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Чилонзор туманининг “Баркамол авлод” болалар маркази ҳам қишки таътилни мазмунли ўтказиш юзасидан 2015 йилнинг 26 декабрь санасидан 2016 йилнинг 10 январигача болаларнинг дам олиш кунларини мароқли ўтишини таъминлаш турли тадбирлар режалаштирилган.

– 2015 йилнинг 29 декабр санасида шаҳримиздаги “Зарафшон” концерт залида “Янги йил юлдузлари” номли концерт дастури уюштириш ниятидамиз, – дейди Чилонзор туманининг “Баркамол авлод” болалар маркази директори Умида Турғунова. – Биз бундан ташқари “Янги йил кечаси”, “Менинг севимли байрамим” мавзуларида расмлар кўргазмасини ўтказиш ва инглиз ва рус тили тўгаракларида Янги йил байрами мавзусида очиқ дарслар ташкил этишни режалаштирганмиз. Таътил давомида амалий санъат тўгаракларида “Қорбобо устахонаси! ” номли кўргазма ташкил этилмоқда. Болаларнинг қишки таътил вақтида кўплаб турли хил тадбирлар уюштириш орқали ўқувчиларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларига мувофиқ уларнинг ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш ҳамда фойдали дам олишини ташкил этиш асосий мақсадимиз.

Ўқувчиларни соғлом турмуш тарзига ошно қилиш, уларнинг доимий спорт билан шуғулланишларини таъминлаш мақсадида, болаларнинг қишки таътил кунларида уч босқичли спорт ўйинларининг бир бўғини бўлган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг туман босқичи ўтказилиши режалаштирилган.

Мухтасар қилиб айтганда юртимизда болаларнинг таътил кунларини янада мазмунли ўтказиш мақсадида жойларда байрам шодиёналари ташкил этилиши кўзда тутилган. Зеро, фарзандингизнинг билим олиш йўлидаги навбатдаги муваффақияти таътил кунларидаги ҳордиқ олишига бевосита боғлиқ.

Яна ўқинг:  MUZEYGA EMAS, KO‘NGILGA SAFAR

Чарос ХУШВАҚТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: