Мукофот меҳнат ортидан келади

Яқинда пойтахтимизда “Энг яхши нодавлат тиббиёт муассасаси танлови” ўтказилди. Унда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Akmal Dental Servise” хусусий клиникаси раҳбари Акмал Йўлдошев ҳам иштирок этди. Республика миқёсида 2 минг 600 дан ортиқ клиника орасида унинг муассасаси намунали деб топилди ҳамда “2015 йил нодавлат тиббиёт муассасалари ўртасидаги энг яхши раҳбар номинацияси”да фахрли ўринни қўлга киритди.

Бу инсонни кунора учратиб тураман. У олий тоифали тиш шифокори. Камтарин, камсуқум, ёшу қари билан бирдай қадрдон. Забони ширин, дардингизни сўз билан даволовчи психолог.

Акмал Йўлдошев Тошкент Тиббиёт академиясининг стоматология факультети (ҳозирги Стоматология институти)ни тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган Китоб туманида клиника очди. Уни йўлга қўйишнинг ўзи бўлмади. Техникалар, жиҳозларни келтириш учун анчагина куч сарфлади. Малакали ходимлар жамоасини жамлади. Бу воқеага ҳам ўн йил бўлди.

У АҚШ, Испания, Германия, Корея Республикаси каби кўплаб нуфузли давлатларда ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, малакасини ошириб қайтди. Шундан сўнг Шаҳрисабзда ҳам клиника ташкил этди. Уни чет элдан келтирилган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлади. Ҳозирда замонавий кўринишдаги бинода барча-шарт шароитлар муҳайё. Айниқса, болажонлар учун махсус хона ажратилган. Хона деворлари эртак қаҳрамонлари суратлари билан безатилган. Болаларни овутиш учун кутиш залида мултьфильм ҳам намойиш этилади. Бошқа туманлардан ҳам беморлар келиб, шифокор назоратига навбатда туришади. Бу эса, албатта, касби билан одамларнинг меҳрини қозонган, уларнинг саломатлиги учун жонбозлик кўрсатаётган Акмал аканинг ютуғидир.

Доимо кўтаринки кайфиятда ишлайди. “Кулгутерапия” қоидаларига амал қилади. Бу шифокорнинг иш услубларидан бири.

Айниқса, Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан туманда яшайдиган эҳтиёжманд нуронийларни тиббий кўрикдан ўтказиб, бепул даволади. Отахон ва онахонлар дуога қўл очиб, энг эзгу ниятларни айтишади.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

Яна ўқинг:  ЮРТ БОР, ЮРАГИНГ СОҒ УРАР, БОЛАМ!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: