ОНА САЙЁРА

инсоният эътиборига эҳтиёж сезмоқда

Бугун табиат инсониятнинг бойлиги эмаслиги, балки одам унинг таркибий бир бўлаги ва уни ўраб турган табиий муҳит экани ҳамда инсониятнинг ривожланиши оддий табиий ресурсларни истеъмол қилишдангина иборат эмаслиги ойдин бўлмоқда. Инсоннинг табиий жараёнларга аралашуви ўта чуқурлашиб, атроф муҳитдаги бу билан боғлиқ ўзгаришлар қайтмас тус олиши, унинг ўта вайронкор оқибатларини табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш билангина бартараф этиш мумкин эмаслиги барчамизга аён.

Ер юзаси умумий майдонининг 29 фоиздан ортиқроғи қуруқликка ҳамда қолган қисми денгиз ва океанларга тўғри келади. Ер фонди тузилишида ишлов бериладиган майдонлар бор йўғи 11фоизни ташкил қилади. Аммо мана шу ерларда инсон учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизи етиштирилади.

Лекин, сайёрамизда кечаётган баъзи зиддиятли жараёнлар унинг фонди тузулмасини тобора ўзгартириб юбормоқда. Бир томондан инсоният ҳаёт кечириш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли бўлган ерларни кенгайтиришга ҳаракат қилаётган бўлса, иккинчи томондан ердан самарали фойдаланмаслик натижасида унинг таркиби бузилиш жараёнлари кучаймоқда. Ҳисоб-китобларга кўра эрозия жараёнлари натижасида йилига ўртача 6-7 миллион гектар майдондаги ерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келмоқда. Саноат ва транспорт инфратузилмаси соҳасида амалга оширилаётган қурилишлар, ерости бойликларини қазиб олиш жараёнида ҳосил бўлаётган карьер ва тупроқ уюмлари жадал суръатлар билан қишлоқ хўжалиги экинзорларини сиқиб чиқариб, ҳайдаладиган ерлар қурилаётган сув омборлари остида қолиб кетмоқда.

Шуни таъкидлаш жоиз, кейинги 50 йил давомида заминимиздаги аҳоли сони салкам 3 баробарга ортди. Шу давр мобайнида нефть маҳсулотларининг истеъмоли 7, газ – 15, тошкўмир – 3,6, электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватлари 21баробардан ортиқроққа кўпайган.

Фақатгина XX аср давомида ер юзидаги қуруқликларни ўзлаштириш икки баробарга ошган. Ер майдонлари кам, лекин аҳолиси зич жойлашган мамлакатлар денгизлар қирғоқи бўйларини кенгайтириш ҳисобига экинзорлар бунёд этдилар. Масалан, Нидерландия ўзининг ҳозирги кундаги 40 фоиз ер майдонини канал ва тўғон тизимлари қуриш ҳисобига Шимолий денгиз ҳисобидан тортиб олган. Денгиз кенгликларига шунга ўхшаш “ҳужум”ларни Бельгия, Франция, Португалия, Япония, Сингапур ва бошқа мамлакатлар ҳам олиб бормоқда. Янги ерларни ўзлаштириш мақсадида ўрмонларнинг кесилиши, нафақат алоҳида минтақаларда, балки бутун сайёрамизда экологик барқарорликнинг, сув режимининг бузилиши ва бошқа кўпгина экологик офатларнинг юзага келишига олиб келади. Россия, Қозоғистон, АҚШ, Канада, Хитой, Бразилияда қуруқликларни ўзлаштириш кенг кўламда олиб борилмоқда.

Яна ўқинг:  EZGU ISTAKLAR YO‘LI

Ҳар йили Ер юзасида 13 миллион гектар ўрмонлар буткул йўқ бўлиб кетмоқда. Биологик ресурсларнинг ноёб генетик фонди ҳисобланган ҳамда ўсимликларнинг янги навларини ва ҳайвонларнинг авлодлари яратилишида селекция ишларининг асосини ташкил этувчи, доривор препаратларнинг асосий қисмини яратишда қўлланиладиган Ернинг биологик хилма-хиллигидан нотўғри фойдаланиш ташвиш уйғотмоқда. Маълумотларга кўра, ер юзидаги таҳминан 5 миллион флора ва фауна турлардан ҳозирги кунгача 1,4 миллион биологик тур тавсифланган. Ушбу турларга мансуб ўсимликларнинг 10-15 минг тури йўқолиб бормоқда. Бу жараён шу йўсинда давом этадиган бўлса, сайёрамиз миллионлаб йиллар давомида шаклланган ўз биологик хилма-хиллигининг қарийб ярмини яқин 50 йил ичида йўқотиши мумкин.

Табиий ресурсларни ҳаддан зиёд истеъмол қилиш, атроф-муҳит ва табиий ресурсларга антропоген таъсирнинг ортиши, атмосфера ҳавосида, океанларда, денгиз ва дарёларда, ўрмонларда ҳамда тупроқ таркибида турли ўзгаришларга олиб келиб, муайян иқлим шароитларига мослашган кўплаб экотизимларга хавф туғдирмоқда. Ҳозирда иқлим ўзгаришининг оқибатлари яққол намоён бўлиб, табиий офатлар тез-тез такрорланиб, ривожланган давлатлар ҳам унинг ўта вайронали таъсирига учрамоқда, ҳавонинг, сувнинг ва денгиз муҳитининг ифлосланиши миллионлаб инсонларни соғлом ҳаётдан маҳрум этмоқда.

Бунга 2010 йил давомида Россия ўрмонларида ҳамда ботқоқликларни қуритиб, экин майдонларига айлантирилган ҳудудларида юз берган ёнғинлар шунингдек, океанлардаги тўфонлар натижасида дунёнинг кўпчилик мамлакат-муҳитининг радиоактив моддалар билан ифлосланиши яққол мисол бўла олади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Халқаро Ер куни муносабати билан таъкидлаганидек, “… инсоният Ер ресурсларининг битмас-туганмас эмаслигини унутган ҳолда ушбу ресурсларга асосланмаган ва ўсиб борувчи талабларни қўймоқда. Кишилик тарихининг бутун даврида инсонлар табиат инъомларидан фақатгина ўз фаровонлиги ва ривожланиши йўлида фойдаланиб келишган. Биз ҳамиша табиатдан олдик ва ўрнига ҳеч нарса бермадик. Ҳозирги вақтда табиатдан нооқилона фойдаланишнинг оқибатлари очиқ-ойдин кўзга ташланмоқда. Иқлимнинг ўзгариши ва азон қатламининг емирилиши, бунинг яққол мисоли ҳисобланади. Бизнинг мавжудлигимиз асоси бўлган, сайёрамиздаги тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада хилма-хил бўлган ҳаётнинг – биологик хилма-хилликнинг тез суъатлар билан йўқолиб бориши ташвишли ҳолатдир. Чучук сув ва денгиз акваторияларининг ифлосланиши ортмоқда, бир вақтлар балиқ ресурсларига бой бўлган океанлар бўшаб қолмоқда …”.

Яна ўқинг:  Ёнғин – хавфли

Атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг асосий мақсади – бу инсониятнинг ривожланиши билан мусаффо ҳолдаги атроф-муҳитнинг уйғунлигини таъминлашдан иборат. Табиат давлат ва маъмуриий чегараларни тан олмайди ҳамда экологик тангликни битта ёки бир неча давлатларнинг уринишлари билан олдини олиб ёки бартараф этиб бўлмайди. Буларнинг барчаси атроф муҳитнинг ҳолати ва унда кечаётган ўзгариш жараёнлари ҳамда табиатнинг глобал қонунларини бошқараётган асосий таркибий механизмларни тушуниб етишни тақозо этади.

Мамлакатимизда мустақилликдан сўнг атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг институционал ва ҳуқуқий базасини яратилди, бир қатор халқаро конвенцияларга қўшилди ҳамда ушбу конвенцияларнинг кўплаб мажбуриятларини бажариш билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ҳосилдорлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. “2008-2012 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури” доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фақатгина 2010 йилда 150 миллиард сўм сарфланиб, 107 та объектда реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилди. Бу эса ўз навбатида, иқтисодиётимизда амалга оширилаётган чуқур таркибий ўзгаришлардан, мамлакатимиз бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораётганидан далолат беради.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига Давлат бюджетидан сарфланган маблағлар 2010 йилда 48,9 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2011йилда қарийб 60 миллиард сўмни, шундан биохилма-хиллик ва ландшафтни муҳофаза қилишга 2010-2011 йиллар давомида 55 миллиард сўм ажратилганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Мавжуда РАЖАБОВА,

Жуманазар АТОЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: