Сиҳатгоҳда газета куни
“Саломатлик туман бойлик”, – деган нақлга амал қилган киши борки нафақат ўзининг соғлиғини балки оила аъзоларининг тинчлигу осойишталигини ҳам таъминлаган бўлади. Ўз вақтида меҳнат қилиб, кези келганида мароқли ҳордиқ чиқариб, соғлиқни тиклашнинг ҳам ўзига яраша гашти бор.
Пойтахтимизнинг сўлим “Чинобод санаторияси” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган “Соғлом авлод” газетаси кунлари доирасида мазкур сиҳатгоҳнинг дам олувчилари билан учрашиб бунга яна бир бор амин бўлдик.
Қўллари қадоқли, қалби эса ардоқли отахону онахонлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг чеҳрасидаги мамнунликдан шодландик. Мазкур санатория дунёнинг ривожланган давлатларида ишлаб чиқарилган тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амбулатор ва стационар шароитида диагностика ва даволаш хизматларини амалга оширади. Барча қулайликларга эга масканда дам олувчилар учун маданият саройи, кутубхона, спорт ва рақс майдончалари фаолият кўрсатмоқда.
Тадбир доирасида сиҳатгоҳда дам олувчилар “Соғлом авлод” газетаси таҳририяти журналистларининг ижод намуналаридан баҳраманд бўлишди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди. Шунингдек, дам олувчилар ўртасида ўтказилган спорт мусобақаси ва “энг яхши китобхон” танлови ғолибларини тақдирлаш ҳам байрамга ўзгача шукуҳ бахш этди. Учрашувда ёш санъаткорлар ижросида янграган мумтоз куй ва қўшиқлар дам олувчиларга кўтаринкилик бағишлади.
Ж. ҲАЙДАРОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири