2017 йилнинг энг фаол ҳамшираси аниқланди

Халқимиз соғлиғини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатиш, аҳолини патронаж ва шошилинч тиббий хизмат билан қамраб олишда ҳамшираларнинг беминнат хизмати катта аҳамиятга эга. Чунки, инсон саломатлигини асрашда малакали шифокорлар билан бир қаторда маҳоратли ҳамшираларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Ўрта тиббиёт ходимлари меҳнатини баҳолаш, самарали фаолият олиб бораётган мутахассисларни муносиб рағбатлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва келажакда билим ва маҳоратларини янада оширишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида, мана, бир неча йилдирки, “ҲАМШИРА” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Ўз мавқеи ва обрў-эътиборини йўқотмай, муносиб тарзда ташкил этилаётган танлов 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ўзгача тайёргарлик ва кўтаринки руҳда ўтказилди.

Танлов мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимларининг соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, кенг кўламли ўзгаришлар мазмун-моҳиятини янада теранроқ англаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳамшираларнинг билим даражасини ошириш ҳамда вилоятларда меҳнат қилаётган ҳамширалар ўртасида ўзаро маданий-дўстлик алоқаларини йўлга қўйишга, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.

“Ҳамшира – 2017” кўрик-танловининг якуний финал босқичи Тошкент шаҳрида ўтказилди. Бу галги танлов ташкилий ва мазмун жиҳатдан ҳар йилгиданда ўзгача тартибда ўтди. Зеро, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳамширалик ишини ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Шу боис, бугун ҳамшира фақатгина шифокор топшириғини бажарувчи эмас, малакали мутахассис, зарур ҳолатда ҳамширалик ташхисини қўя оладиган тиббиёт ходими сифатида ҳам намоён бўлмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, жаҳондаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ўрта ва олий маълумоти ҳамширалар тайёрлаш тизими яратилган ва бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент Тиббиёт Академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича уч ярим мингдан ортиқ олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди, 100 нафардан ортиқ ҳамширалар магистр даражасига эга.

Жорий йилнинг 4 апрелида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида олий маълумотли тиббиёт ҳамширалари малакасини ошириш кўрсатиб ўтилгани ҳам юртимизда ушбу соҳа вакилларига кенг билим олиш учун яратиб берилаётган имкониятдан дарак.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда талабалар ўртасида математика бўйича халқаро олимпиада ўтказилади

Истиқболда Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштиришдан ўтказиш марказини тубдан ислоҳ қилиш, бугунги замон талаблари даражасида қайта шакллантириш, ўқув соатларини такомиллаштириш белгиланган.

Ҳамширалик фаолияти самарадорлигини яхшилашга қаратилган яна бир муҳим янгилик – вазирликнинг тегишли буйруғи билан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган журналлар рўйхати қарийб 100 тадан 20 тагача қисқартирилгани бўлди. Ўрта тиббиёт ходимининг кўпроқ халқ ичида бўлиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиши, асосий вақтини халқимиз хизматига сафарбар этиши учун қилинган бу ўзгариш соҳанинг амалий ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг қатор фармон ва қарорларида, хусусан, шошилинч ёрдамни такомиллаштириш, аҳолига бирламчи тиббий-профилактика ва тиббий-патронаж ёрдамини кенгайтириш, тиббий таълимни такомиллаштиришга доир меъёрий ҳужжатларда ҳам ҳамширалик иши, унинг аҳамияти алоҳида қайд этилган.

Шу муносабат билан, “Ҳамшира – 2017” кўрик-танловининг асосий мақсади ҳам касбий маҳоратни синовдан ўтказиш, амалий ва назарий билимлар беллашуви этиб белгиланди.

Танловнинг Республика босқичида иштирокчилар уч турдаги шарт бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Ҳар бир шарт 10 баллик мезон асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Биринчи шартда иштирокчилар тиббиёт соҳасидаги амалий билимларини синовдан ўтказишди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ўтказилган ушбу шартда ҳамшираларнинг бемор билан мулоқот маданияти, унинг аҳволини тўғри баҳолаб, муолажаларни тиббий асбоб-ускуналардан унумли фойдаланган ҳолда сифатли бажариши баҳоланди.

Ҳамширалик иши кенг қамровли жараён бўлиб, тиббиётнинг бирор йўналишини бу мутахассис фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, шошилинч тиббий хизмат, реанимация, операция блокларида малакали ҳамширанинг билим-маҳорати, тажрибаси, ўз касбига садоқати беморни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим омил бўлади. Шу боис иккинчи шартда ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг тиббиёт соҳасидаги назарий билимларини синовдан ўтказишди. Бунда ҳамшираларнинг шошилинч тез тиббий ёрдам, бирламчи патронаж тизими, репродуктив саломатлик ва акушерлик ёрдами, терапия, хирургия, педиатрия, гериатрия каби 7 та йўналиш бўйича назарий ва амалий кўникмаларини босқичма-босқич бажариш алгоритми баҳоланди.

Шундан сўнг ҳамшираларнингтиббий, ижтимоий-сиёсий билимлари синовдан ўтказилди. Учинчи шартда ҳакамлар иштирокчиларнинг мамлакатимизда ўтказилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар моҳияти ва унда ҳамшираларнинг ўрни ва вазифаси, тиббий таҳлил натижаларига кўра касаллик белгиларини аниқлаши ва ҳамширалик ёрдамини ташкил этиш, эпидемиологик ҳолат юз берганда кўриладиган чора-тадбирлар бўйича назарий билимлари синовдан ўтказишди.

Яна ўқинг:  XABARLAR, YANGILIKLAR, VOQEALAR (2013-24)

Мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида фаолият юритувчи барча ҳамширалар ҳар йили ўзгача ҳаяжон ва тайёргарлик билан кутиб оладиган “Ҳамшира” кўрик-танлови бу йил ҳам дўстона ва кўтаринки руҳда якунланди. Танлов иштирокчиларининг билим ва малакаси, касбий маҳорати ва кенг дунёқараши халқимизнинг саломатлик кўрсаткичлари яхшиланишига, ҳамширалик ишининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Тошкент Шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонаси ҳамшираси Шаҳноза Позилова биринчи ўринни, Поп туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Феруза Бўтаева иккинчи, Бухоро вилоят кўптармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими ҳамшираси Муҳаррам Салимова учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: