Калий ва кальций: ҳаёт учун муҳим унсур

Микро ва макроэлементларнинг организмда бажарадиган функциялари беқиёсдир. Ана шундай ҳаётий муҳим зарурий элементлардан бири – калий ва кальций. Калий организмдаги барча юмшоқ тўқималарнинг меъёрда ишлашини таъминлайди.

Тадқиқотларга кўра, калий ловия, олма, ўрик, шолғом каби ўсимлик маҳсулотларида кўп миқдорда учрайди. Ҳайвон маҳсулотларидан гўшт, балиқ, сутда калийнинг мўл бўлиши аниқланган. Калийга бўлган бир кеча-кундузлик эҳтиёж 3-6 граммни ташкил этади. Организмда натрий ва калийнинг истеъмолдаги нисбати 2:1 бўлиши лозим. Агар бу нисбат бузилса, тўқималарда модда алмашинуви бузилиши, баъзи аъзоларда шиш ҳосил бўлиши кузатилади. Чунки, организмда натрий миқдори ортса, унинг сувни ушлаб қолиш хусусияти туфайли тўқималар орасида суюқлик миқдори ошиши натижасида шиш пайдо бўлади. Бундай пайтда калийга бой бўлган маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Калий алмашинув жараёнлари натрийга қарама-қарши ҳисобланганлиги учун у қанча кўпайса, натрий шунча кўп ташқарига чиқариб юборилади. Калийнинг организмга етарли миқдорда қабул қилиб турилиши томирларда натрий тузларининг чўкма бўлиб тўпланишини камайтиради.

Кальций ҳам натрий ва калий каби асосан туз кўринишида организмга қабул қилинади. Танадаги кальцийнинг 99 фоизи суяклар, тиш ва тирноқлар таркибида бўлади. Қолган 1 фоизи қон ва бошқа биологик суюқликлар ва тўқималарда учрайди. Шунингдек, бу модда организмда қон ҳосил бўлиши ва ивишини ҳамда асаб тизимини меъёрда ишлашини таъминлаши тадқиқотчилар томонидан тасдиқланган.

Кальцийга бўлган бир кеча-кундузлик талаб ўртача 800 мг бўлгани ҳолда ёш болалар ва кексаларда бу кўрсаткич 1000-1200 мг гача ортади. Қонда кальций миқдори камайиб кетган одамларда тез-тез асабийлашиш, толиқиш, лоқайдлик кузатилади.

Организмда кальцийнинг камайиши таянч-ҳаракат тизимига салбий таъсир этади ва суякларнинг ғовак бўлиб қолишига олиб келади.

Кальцийнинг ўз вақтида организмда сўрилиши учун фосфор, Д, С, В9 витаминлари ҳам керак бўлади. Демак, витаминларни етарли миқдорда қабул қилиниши организмда кальций миқдорини ҳам меъёрда бўлишини таъминлайди.

Болаларда кальцийнинг камайиши рахит ва сут тишлари чиқишининг кечикиши, қадди-қоматнинг бузилишига оид патологик ҳолатларга олиб келиши аниқланди. Бу тадқиқотлар экологик вазият ўзгариб, атмосферада кислороднинг камайиши ва карбонад ангидриднинг миқдори кўпайиб бораётган бир пайтда, организмнинг турли микро ва макроэлементларга талаби ортиб бораётганлигини исботлайди.

Яна ўқинг:  Қўзиқориндан заҳарланишнинг олдини олиш чораларини биласизми?

Ҳозирги кунда организмда калий, кальций, фосфор каби микроунсурларнинг меъёрий чегарасидаги миқдори камайиб бормоқда. Шу боис, аҳоли орасида ушбу маъданли моддаларга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этамиз.

Мусаллам АДИЛОВА,

олий тоифали болалар шифокори, Чилонзор тумани 36-оилавий поликлиникаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: