Қайта ишланган ГЎШТ саратон хавфини оширади
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик (International Agency for Research on Cancer) мутахассислари қайта ишланган гўшт ичакда саратоннинг келиб чиқишига сабаблардан бири эканлиги тўғрисида хулосага келдилар.
Ҳар куни 50 грамм қайта ишланган гўшт (миcол учун, бекон ёки колбаса) истеъмол қилинадиган бўлса, ичакда саратон пайдо бўлиш эҳтимоли 18 фоизга кўтарилади. Гўштнинг соғлиқ учун хавфли бўлишига унинг истеъмол қилиш муддати узайтирилиши ҳамда таъмига ўзгартиришлар киритиш мақсадида қайта ишланиши ҳам сабаб сифатида қайд этилган. Бу ҳолатда гап дудланган, сурланган, консерваланган ва тузланган гўшт маҳсулотлари ҳақида кетмоқда.
Гўштнинг ўзи соғлиқ учун зарар етказмайди. Организм учун гўштни қайта ишлашда (консервалаш, тузлаш ва бошқалар) қўлланадиган кимёвий моддалар хавфли. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қайта ишланган гўштга алкоголь, тамаки тутуни, сичқон дори (мишьяк-маргимуш) ва бошқалар қатори концерогенликнинг энг юқори даражасини белгилади.
“Гўшт истеъмол қилиб юрган инсон учун ичак саратони дардига чалиниш таҳликаси юқори эмас. Бироқ қайта ишланган гўшт истеъмол қилиниши онкология касалликларини келтириб чиқиш эҳтимолини кучайтиради”, – дейди илмий-тадқиқот раҳбари Курт Штрайф.
БМТ янгиликлар марказининг маълум қилишича, мутахассислар қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ҳамда меъда ости бези ва простата бези саратони юзага келиши ўртасида ўзаро боғлиқлик борлигини таъкидлашмоқда.
Қайта ишланган гўшт маҳсулотларига мол ёки чўчқа гўштидан тайёрланган ветчина, сосиска ва солонина (тузда узоқ сақлаш орқали олинган гўшт маҳсулоти) ҳам киради. Бундай гўштнинг ҳар 50 грамми йўғон ва тўғри ичак саратони ривожланиши хавфини 18 фоизга оширади.
“Аниқланган маълумотлар гўшт истеъмолини камайтириш зарурлигини тасдиқламоқда”, – дейди IARC директори Кристофер Уайлд. – Унга кўра, “шу билан бирга, қизил гўштнинг инсон учун озуқавий аҳамияти бор”, қизил гўшт билан қайта ишланган гўштни истеъмол қилиш меъёрида бўлиши керак.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва IARC, шунингдек, қизил гўштнинг ҳаддан зиёд истеъмол қилиниши меъда ости бези ва простата саратонини келтириб чиқариши мумкин, деган хулосани бермоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қизил гўштга 2А тоифасини берди – яъни, унинг инсон организмига концероген таъсир этиш эҳтимоли юқори.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қизил гўшт устидаги тадқиқотларини 1970 йилдан бери олиб боради. Ўшанда концероген озуқалар каталогини тузиш бўйича ишлар бошланганди.
Мутахассислари қайта ишланган гўштнинг инсон организмига таъсирини ярим йил давомида ўргандилар. Тадқиқотларда тўртта қитъадан мустақил олимлар иштирок этдилар. Канцерогенлик бешта тоифага бўлинади: канцероген, “канцерогенлик эҳтимоли катта”, канцерогенлик эҳтимоли бор, канцероген сифатида малакаланмаган ва инсон учун канцероген бўлмаган.
Қизил гўшт деб сут эмизувчи ҳайвонларнинг (мол, чўчқа, қўй, от, парранда ва бошқалар) миоглобин оқсили туфайли қизғиш рангга мойил бўлган мушак гўштига айтилади.
Севара ГАЗИБОЕВА,
1-республика тиббиёт коллежи “Фармация” кафедраси мудири