АНТИКАНЦЕРОГЕН ПАРҲЕЗ
Организмга канцероген моддаларнинг зарарли таъсирини камайтириш учун кўк ва қора чой ичиш зарур. Қоқиўт ва қариқиз илдизи дамламаси ҳам фойдали. Грейпфрут шарбати, денгиз карами, асал, янги узилган мева ва сабзавотлар, кепакли ундан тайёрланган қора ун ҳам организмдан заҳарли моддаларни чиқариб юборади. Бу маҳсулотлар таркибида канцероген моддаларнинг салбий таъсирини кучайтирувчи фермент фаолиятини сусайтирадиган модда бор.
Консерваланган, дудланган ва қовурилган озиқ-овқатларни камроқ истеъмол қилиш керак. Чунки, дудланган маҳсулотлар тайёрланадиган тутун таркибида жуда ҳам кўп бензол ва фенол моддалари мавжуд. Улар эса энг кучли канцероген ҳисобланади. Айниқса, дудланган балиқ ва колбасани кўп истеъмол қиладиган одамларда рак хасталиги, шунингдек, юрак касалликлари ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади.
Яна узоқ муддат сақланиш учун ёпилган балиқли ва гўштли консерваларга қўшиладиган бензой кислотаси ҳам хавфли моддалар сирасига киради. Бу моддалар организмга тушгач, унинг ҳужайраларида нуқсон (мутация) пайдо бўлишига сабаб бўлади. Чунки, узоқ муддат сақлаш учун ёпилган майонез, сут маҳсулотлари ва ҳатто, мевалар ранги ва таъми бузилмаслиги учун уларга нитратлар ва канцероген консервантлар қўшилади. Қовурилган картошка (чипс), крекер (печеньенинг бир тури)да акриламид канцерогени мавжуд. Бу модда маҳсулот қиздирилганда углеводдан ажралиб чиқади.
Акриламид нафақат саратон касалликлари ривожланишига туртки бўлади, балки асаб тизимига ҳам салбиий таъсир этади. Шунингдек, бу модда бепуштликни ҳам келтириб чиқаради. Турли масаллиқларни қовуриш ва овқат пиширишда қайта-қайта ишлатиладиган ёғ таркибида ҳам канцероген модда мўл бўлади. Агар ҳар куни шу ёғдан таом тайёрласангиз, билингки, саратон ҳужайралари тез ривожланишига замин тайёрлайсиз.
Бир кунда 5 финжон (чашка)дан ортиқ кофе ичиш зарар. Агар чой шамаси устига кун давомида қайта-қайта қайноқ сув қуйиб ичсангиз ва 1, 5-2 кундан буён дамланган эски чойни ичсангиз, унинг таркибида ҳам канцероген модда-бензоприн кўпайиб кетишини унутманг. Мабодо таом пиширишдан олдин уни сиркалаб (маринад қилиб) олсангиз, унинг таркибидаги канцероген моддалар анча камаяди. Масалан, балиқ ёки гўштни димлаб ёки кабоб қилиб пиширишдан олдин сиркалаш лозим. Кўпчилик баъзан қорайиб, куйиш даражасига борган ҳолда пишган товуқ ва балиқ териси ёки гўштни суйиб истеъмол қилади. Аммо бу зарарли. Шунингдек, куйган нонни уйиш ҳам фақат зиён. Буғда ва димлаб пиширилган таомлар кўпроқ организм учун фойдалироқ ҳисобланади. Консерваланган маҳсулотлардан музлатилгани, қуритилгани ва туз ҳамда сирка билан маринадлангани тузукроқ, яъни, безарардир.
Фазилат Саъдуллаева,
1-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси