Саёҳат ва ҳамкорлик: МИЛЛИЙ МЕРОС НАМОЙИШИ

“Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” ХХI Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугун Ўзбекистонда 1 минг 279 сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 548 меҳмонхона, сайёҳлик базалари ва кемпинглар, 731 сайёҳлик компанияси фаолият кўрсатмоқда.

Бу йилги ярмаркада Ўзбекистон, АҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Германия, Испания, Италия, Франция, Швейцария, Латвия, Россия, Польша, Словакия, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Вьетнам, Малайзия, Таиланд, Туркия, Доминикан Республикаси, Исроил, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатлардан етти юздан зиёд фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.

Ярмаркага ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти билан ҳам танишди. Ярмарка доирасида ташкил этилган “Миллий таомлар фестивали”, “Шарқ бозори”, “Узумнинг қуёшли шингиллари” экспозицияларида иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари ҳамда саховатли заминимизда етиштирилган сархил мева ва сабзавотлар билан танишиш, миллий пазандачилигимизга оид маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилган.

Ярмарка доирасида “Маданий меросни асраш Ўзбекистон сайёҳлик соҳаси ривожининг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва ЮНВТО ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда маданий меросни асраб-авайлаш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу туризмни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутаётгани таъкидланди.

Конференцияда Ўзбекистоннинг Ипак йўлида туризмни ривожлантиришдаги ўрни, маданий мерос объектларини асраш, ўрганиш, жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш, бу орқали туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик соҳасида кадрлар тайёрлашнинг истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

В. ПЎЛАТОВА

Яна ўқинг:  Нонуштага нима еймиз?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: