ҚИЛИЧБОЗЛИК: ЧАҚҚОНЛИК, ЗИЙРАКЛИК ВА МАТОНАТ САБОҒИ

Қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати пойтахтимизда ўтказилишини эшитиб кўнгилга яқин, самимий туйғуларни туя бошладим. Болалигим: тол хивчиндан ясалган от, ёғоч қилични ўйнатиб Алпомиш-у Амир Темур боболарим каби бола қалбимда жасорат тугганим, тенгқурлар билан музаффарлик учун курашганимиз ва бобо-бувиларимиздан дакки эшитганларим хаёлимдан бирма-бир ўта бошлади. “Шундан бошқа ўйин йўқми сенларга. Ундан кўра бирор нарса ясашни ўрган, болаликдан бирор ҳунарнинг бошини тут…” деб койиганди бобом… Шукр, бугунги доруломон кунларда бобом айтгандай юртимизнинг ҳар бир гўшасида бунёдкорлик, ободлик… Ана шундай хаёллар оғушида қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати ўтказилаётган спорт саройи томон йўл оламан.

Муҳташам “Ўзбекистон” спорт мажмуаси. Мухлисларнинг ҳайқириғидан қулоқ қоматга келади. Қиличларнинг “жангир-жунгир”ини эшитган одам ўзини ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис қилади. Аммо, буларнинг барини ягона мақсад – дўстлик бирлаштириб турибди.

Қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қизғин ва муросасиз курашлар, шиддатли беллашувлар ва энг муҳими, дўстона кайфиятда ўтмоқда. 150 дан зиёд давлатдан 1500 нафарга яқин спортчи иштирок этаётган ушбу нуфузли мусобақа дунё спорт ихлосмандлари эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Иштирокчиларнинг юзидаги ҳушнудликни кўриб мазкур мусобақа энг аввало катта шодиёна эканига амин бўласиз. Мусобақанинг боришини кузатиб бораётган ОАВ вакиллари ҳам иштирокчилар билан бўлган суҳбатлардан ўзгача завқ олишмоқда десам муболаға бўлмайди.

– Мен Ўзбекистон тўғрисида аввал ҳам кўп эшитганман. Аммо юртингизда бўлиш бахтига муяссар бўлмаганман, – дейди Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси Ким Дон Чжу. – Шукрки, спорт туфайли Ўзбекистонга келиш насиб қилди. Бу ерга келиб халқингизнинг ўзига хос анъаналари ва урф-одатларига гувоҳ бўлдим. Айниқса, меҳмондўстлик фазилати халқингизнинг қон-қонига сингиб кетгани мени лол қолдирди. Спортга бундай улкан эътибор қаратилаётган мамлакатлар дунёда саноқли. Ўзбекистон қисқа муддатларда ана шундай юксак ислоҳотларни амалга ошираётгани билан ҳам кўплаб давлатларга ўрнак бўла олади. Жаҳон чемпионатининг юксак савияда ташкиллаштирилгани биз спортчиларнинг иштиёқини янада оширди.

Беллашувлар давомида кореялик спортчилар ўзларининг тезкор ва чиройли ҳаракатлари билан кўпчиликнинг меҳрини қозонишди. Жамоавий баҳсларда Япония терма жамоаси билан финалда куч синашган кореялик спортчилар мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида ғолибликни қўлга киритди. Ким Дон Чжу эса ўз жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.

Яна ўқинг:  Тиббий ва ижтимоий муҳофаза Қонун ҳимоясида

– Ўзбекистон бой тарихга ва буюк келажакка эга давлат, – дейди рапира баҳсларида ўсмир қизлар ўртасида ғолибликни қўлга киритган германиялик Леония Эберт. – Мен ўзим тарихга қизиқаман. Айнан шу қизиқишим мени қиличбозлик спортига етаклаб келди. Тарихни ўрганишим давомида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан кўплаб буюк шахслар ҳақида ҳам ўқиганман. Шу билан бир қаторда ўзбек халқининг ўзига хос фазилатларини ҳам эшитганман. Сиздаги меҳр-оқибат тушунчаси шу даражада кенг шаклланганки, унда бирон чегара бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш мушкул. Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Аммо, юртингизга сафарим давомида худди аввалдан шу ерда яшагандек ўзимни ниҳоятда эркин ҳис қилдим. Баъзи давлатларга борганда қандайдир ҳадик доимий сиқувга олиб туради. Аммо Ўзбекистонда бунинг мутлақо акси бўлди. Қуёшли Тошкент кўчаларини айланар эканман, фақат мен эмас, балки бутун Ўзбекистон аҳли ана шундай хотиржамликда, эмин-эркин яшаётганларининг гувоҳи бўлдим. Бу эса халқ учун энг катта неъмат.

Дарҳақиқат, истиқлол берган имкониятлар самараси ўлароқ бугун шундай доруломон кунларда яшаяпмиз. Кўз тегмасин, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин. Ёшларимиз шижоат билан илм ўрганиб, билим олмоқда. Спорт билан шуғулланиб дунё майдонларида она юрт шарафини мустаҳкам ҳимоя қилмоқда. Ҳунар ўрганиб, тадбиркорлик билан эл корига яраётир. Улар жасоратда тенгсиз Алпомиш авлодлари, соҳибқирон Амир Темур авлодлари, қилич ўйнатишда тенги йўқ Мирзо Бобур авлодлари…

Қиличбозлик спортнинг бошқа турлари сингари инсоннинг саломатлигини сақлаш, уни доимо соғлом турмуш тарзига ошно қилишга ёрдам беради. Зийракликка ўргатади, ақлни чархлайди. Шу билан бир қаторда қизларнинг қадди қоматини хушсурат қилади.

Сўнгги йилларда юртимизда жадал суръатларда ривожланаётган қиличбозлик спортининг ҳам аста-секин мухлислари сафи кенгайиб бормоқда. Мазкур жаҳон чемпионати эса бу қизиқишларни янада ошириши шубҳасиз.

– Мен анча вақтлардан бери қиличбозлик спортига қизиқаман, – дейди мусобақаларни кузатиб ўтирган катта ёшли мухлис Илҳом Умаров. – Бизда аввал ҳам қиличбозлик билан шуғулланишарди, аммо бу даражада катта эътибор берилмаган. Ўз вақтида Собир Рўзиев олимпиада вице-чемпионига айланган. Бугунги мусобақаларни кўриб мен ҳам набираларимни айнан шу спорт билан шуғуллантиришни дилимга тугиб қўйдим.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда ёшларимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича халқаро ареналарда ғолибликни қўлга киритиб келмоқда. Қиличбозлик спорт тури ҳам бундан мустасно эмас. Айни пайтда юртимиздаги ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларининг натижалари чакки эмас. Яқинда БААда ўтган Осиё чемпионатида ўсмир ва ёшларимиз олтин ва бронза медалларини қўлга киритди. Бундай натижа илк бор қайд этилгани эътиборга молик жиҳат. Спортнинг бу тури бўйича кўзга кўринган спортчимиз Руслан Кудаев бир неча бор Олимпия ва Осиё ўйинларида иштирок этган.

Яна ўқинг:  Миллий халқ ўйинлари

– Яқинда ўзбекистонлик спортчиларнинг Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этганларининг гувоҳи бўлдим, – дейди Япония терма жамоаси вакили Мисаки Эмура, – шундан билдимки, Осиё қитъасида яна бир рақобатдош жамоа шаклланмоқда. Гарчи бу галги чемпионат мезбонлар учун ютуқларга бой бўлмасада, Ўзбекистон яқин йилларда нафақат Осиё балки жаҳон миқёсида ҳам кучлилар орасида турадиган жамоалардан бирига айланишига ишонаман. Чунки мамлакатингизда бунинг учун барча имконият ва шароитлар яратилган. Ёшлардан талаб қилинадигани эса фақат ҳаракат ва меҳнат. Энг муҳими тинимсиз ўз устида ишлаш ва эришган натижада тўхтаб қолмасликдир. Спорт машғулотлар асосига қурилган, дейди мураббийим. Шундай экан имкониятлар бисёр бўлган мамлакатда чемпионлар етишиб чиқади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган қиличбозлик ҳам мамлакатимиз ёшлари орасида тобора оммалашмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қишлоқ жойларда замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган спорт иншоотларининг қуриб фойдаланишга топширилаётгани шубҳасиз ёшларимизнинг спортнинг ушбу тури билан шуғулланишлари учун қулайлик яратмоқда.

Юртимиз мустақилликка эришгач, кўплаб жабҳаларда фаолият юритаётган ўзбек ёшларига кенг имкониятлар эшиги очилди. Истеъдодли ёшларимиз дунё минбарларида маданият, спорт ва фан-таълим йўналишларида ўз иқтидорларини намоён қилиб тенглар ичра тенг эканликларини исботлаб келмоқдалар. Ёшларга юксак эътибор қаратилаётган юртимизда ҳали шонли зафарлар олдинда. Бугун ниҳоясига етадиган қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати ҳам Ўзбекистон заминида ҳали кўплаб истеъдодлар етишиб чиқиши ҳақидаги бир бонг бўлиб янгради десак, муболаға бўлмайди.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, ҳеч нарса мамлакатни спортчалик дунёга машҳур қила олмаслиги бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатлардан бирига айланди. Зеро, фарзандлари соғлом юртнинг келажаги ҳам буюк бўлади.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: