Мижоз ва унинг хусусиятлари (давоми бор)

Дунёда неча миллиард одам яшаётган бўлса, уларнинг ҳар бирининг феъл-атвори турлича. Бунга сабаб нима? Сабаби инсоннинг мижозига боғлиқ. Мижоз эса тўрт хил бўлади. Яъни, флегматик, сангвиник, холерик, меланхолик. Одам мижозларини тўрт хил унсур-суюқлик, яъни сафро (олов), балғам (сув), қон (ҳаво), савдо (ер) ташкил этади. Бу унсурлар мутаносиб бўлса киши соғлом бўлади. Мабодо улардан бирортаси кўпайиб кетса, инсон соғлиғига путур етади.

Табобат илми султони Абу Али ибн Синонинг таъриф этишича: “Унсурларнинг ниҳоятда майда бўлакларидан, қарама-қарши кайфиятларнинг бир-бирига таъсиридан пайдо бўладиган кайфиятлар мижоз деб аталади”.

Ушбу унсурлар ўз қувватлари билан бир-бирига таъсир қилиши натижасида маълум бир кайфият вужудга келади. Мижознинг қуйидаги турлари мавжуд. Яъни, иссиқ, совуқ, ҳўл ва қуруқ. Агар юқорида таъкидланган тўрт хил суюқлик (хилт)лар инсон танасида мутаносиб равишда мавжуд бўлса киши мўътадил мижозли бўлади. Бундай одамлар ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилсалар ҳам ўзларини яхши ҳис этадилар. Табиатдаги тўрт фасл сингари инсон умри ҳам турли босқичлардан иборат. Ўттиз ёшгача одам организми ўсади. Қирқ ёшгача бўлган давр тўхташ босқичидир. Организмда қувват бўла туриб чўкиш олтмиш ёшгача бўлган даврга тўғри келади. Кейинги босқичда эса одамда қувватсизлик ва чўкиш бошланади. Аммо соғлом турмуш тарзига амал қилган ва оқилона овқатланиб, кун тартибига риоя этган инсонлар, шунингдек, спортчилар ҳамда тоғли ҳудудларда яшовчи кишиларда бу жараён анча кеч бошланиши мумкин. Болаларнинг мижози ҳўл бўлади. Ўсмирларнинг мижози ҳўл-иссиқ бўлади. Ўттиз беш ёшгача бўлган одамларнинг мижози эса мўътадил бўлади. Ўрта ёшли кишилар ва кексаларда мижоз совуқ ва қуруқ бўлади. Совуқ ва ўта совуқ мижозли инсонлар анжир, қора узум ёки майиз, хурмо, ширин анор, ёнғоқ, асал, қора чой, қўй гўшти, шолғом, нўхат, қази-қарта истеъмол  қилишлари зарур. Шунингдек, ёзда югуриш, сакраш каби спорт машғулотлари билан шуғулланишлари даркор. Жазирама иссиқда тупроқ ёки қумда оёқ яланг юриш, қумга кўмилиб ётиш организмдаги совуқ хилтларни тер орқали ҳайдаб чиқаради. Иссиқ мижозли одамлар лимон, кўк чой, хамир овқатларни хуш кўришади.

Инсон танасининг тузилиши, марказий асаб тизимининг динамик хусусиятлари, шунингдек, ички секреция безлари ажратиб чиқарадиган гормонларнинг организмга таъсири ҳам мижозни белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, у ёки бу мижозни аниқлашда ҳар бир инсоннинг марказий асаб тизими фаолияти (унинг тез таъсирчанлиги ёки секин қўзғалиши)га ҳам боғлиқ. Машҳур рус физиолог олими И.Павлов бош мия фаолиятини лаборатория ҳайвонларида ўрганиб, ҳар бир одамнинг темпераменти (мижози) унинг марказий асаб тизими фаолиятига боғлиқлигини назарий жиҳатдан асослаб, ўз тажрибалари орқали исботлаб беради. Олим кейинчалик олиб борган тадқиқотларига кўра ҳар бир индивиднинг ўзига хос асаб тизимининг хусусиятлари мавжудлигини аниқлади. Бу маълумотлар ҳозирда бизга одамларнинг мижозига қараб феъл-атвори турлича бўлиши ва ҳар бир инсонга алоҳида ёндошишимизга ёрдам беради. Хусусан, сангвиник типдаги одамлар серқирра фаолият юритишади. Агар улар бирор соҳага қизиқишса уни мукаммал ўзлаштиришга ҳаракат қилишади. Янги шароитларга тез кўникиб кетишади. Одамлар билан тез мулоқотга киришадилар. Бироқ, узоқ давом этадиган, бир хил фаолият туридан зерикишади. Улар жуда серҳаракат бўлишади. Ҳамманинг кўнглидан тез жой оладиган бу инсонларнинг кайфияти тез ўзгариб туради. Бирор нарсадан қаттиқ сиқилиб юришмайди. Юз ифодасида ички кечинмалари яққол кўзга ташланиб туради. Серҳаракатликлари туфайли бирор жойда кўп ўтира олишмайди. Улар янгиликка ўч бўлишади. Шу туфайли ўзларида янги таассуротларга эҳтиёж сезишади. Ўзларининг ҳис-ҳаяжонларини бошқара олишмайди. Ушбу сабабга кўра ўзларига топширилган муҳим вазифаларни бажаришда барча имкониятларини сафарбар этиша олмайдилар. Ишхонада қатъий иш тартибига риоя этиша олмайдилар. Сабр-тоқат, катта эътибор ва қунт билан бажариладиган, узоқ муддатда бажариладиган ишларга тоқатлари етмайди. Жиддий мақсадлар устида чуқур фикрлашга бундай мижозли одамларга сабр етишмайди. Баъзан ижодий фаолиятларида юзакилик ва беқарорлик кузатилади.

Яна ўқинг:  Қўлини тийганнинг мижжалари соғлом

Сангвиник мижозли буюк инсонлар сирасига машҳур рус шоири Александр Пушкинни мисол келтириш мумкин. Унинг ишчанлиги ва серқирра фаолиятига ҳавас қилса арзийди.

Энди флегматик мижозли инсонлар феъл-атвори хусусида фикр юритсак. Улар атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга совуққон, баъзан лоқайд муносабатда бўлишади. Тепса-тебранмаслар тоифасига кирувчи. Флегматиклар хотиржамликлари билан ўзгалардан ажралиб туришади. Яна улар сабр-тоқат билан узоқ вақт бир ишнинг бошини тутиб, қаттиқ меҳнат қилишлари мумкин. Бу тоифа инсонлар суст ҳаракат қиладилар. Шунингдек, улар секин ва хотиржам сўзлайдилар. Уларнинг юз ифодаси ва сўзларида ҳам мунтазамлик сезилади. Бундай инсонлар ўз ҳаётий принципларига доимо содиқ қолишади. Флегматиклар қанча хотиржам бўлмасинлар, ўзларига етгунча ўжар бўлишади. Шунингдек, улар “тутган еридан кесишади”. Бир ишни охирига етказмагунча тинчишмайди. Қанча совуққон бўлишмасин уларнинг ҳам баъзан қаттиқ жаҳллари чиқади. Аммо улар камдан-кам жазавага тушишади. Улар ўз кучларига ишонувчан реалистлардир. Беҳудага валақлаш уларга бегона ва барчани тенг кўришади. Ҳамма билан меъёрни сақлаб муносабатда бўлишади. Ҳуда-беҳуда ишларга куч ҳам вақт ҳам сарфлашмайди. Ўзлари ва атрофидагилар учун фойдали бўлган фаолият тури уларни қизиқтиради. Уларнинг феъл-атворидаги ҳар қандай қийинчиликларни енгишда чидамлиликлари, чуқур фикрлашлари, бир ишнинг бошини маҳкам тутиб мунтазам унга амал қилишлари, ҳаётий шиорларига содиқ қолишларини ижобий хислатлар сирасига киритиш мумкин. Уларнинг салбий жиҳатлари баъзан бўшанглик, лоқайдлик, дангасалик ва иродасизлик, ички кечинмалар ёки ҳис-ҳаяжонини юзага чиқармаслик, одатий, бир хил фаолият турини мунтазам бажаришга кўникиб яшашни киритиш мумкин. Шунга қармай улар ҳаётда учрайдиган барча қийинчиликларга чидамлиликлари билан ўзгалардан ажралиб туришади. Улар ўз ҳатти-ҳаракатлари ҳамда гап-сўзларида ҳам шошмайдилар. Бу тоифа одамлар ўзгалар билан суҳбат чоғида анча ўзларини тутиб олишган бўлиб, ҳамсуҳбатларини танлаб мулоқот қилишади. Флегматикларнинг ёрқин намоёндасига машҳур олим Чарлз Дарвинни мисол қилиш мумкин.

Меланхоликлар эса доим ғамгин ва дилгирликка мойил бўлишади. Улар таъсирчан инсонлардир. Уларга сал нарса “тегиб кетади”. Бу инсонлар бошқаларга нисбатан қўрқув ва хавотирни кўпроқ ҳис этишади. Баъзан улар “пашшадан фил ясашади”. Худди кимдир таҳдид қилаётгандек ваҳимага тушишади. Бўшангликлари туфайли ўзгаларга “ем” бўлишлари осон. Шу сабабли улар турли, ноҳақ қонунбузарликларнинг қурбонига айланишади. Мабодо улар кутилмаган ҳаёт зарбаларига дуч келсалар узоқ вақт ўзларини ўнглай олишмайди. Меланхолик мижозли одамлар тортинчоқ ва жуда андишали бўлишади. Бу эса баъзи ноинсоф одамларнинг “андишанинг оти қўрқоқ” дея ном қўйишларига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  ҚОРИНДА ЙИҒИЛСА ДАМ...

Меланхоликларга кимдир қаттиқ руҳий таъсир кўрсатса, “қўли ишга бормай қолади”. Улар узоқ вақт бу ҳолатдан чиқишлари қийин бўлади. Тортиниб, паст ва бўғиқ овозда гапириш уларга хос. Хатти-ҳаракатларида ҳам тортинчоқлик сезилиб туради. Анча вақт бир қарорга келмай қийналаётган меланхоликларга яқинлари далда бериб, кўнгилларини кўтаришлари керак. Агар улар ўзларини қўллаб-қувватлайдиган инсонлар даврасида бўлишса, худди балиқ ўзини сувда эркин ҳис этгандек “очилиб юришади”. Қулай шарт-шароит яратилса, меланхоликлар ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этади. Эгаллаган соҳасида ўз ютуқларини кўз-кўз қилиш уларнинг ҳам қўлидан келади. Ҳаётда олдига қўйган мақсадларига эришиш учун унга атрофидаги яхши инсонларнинг кўмаги ва руҳий мадади “сув ва ҳаводек” зарур. Мабодо акси бўлса бу тоифа одамлар ўз қобиқларига ўралиб, “ичимдагини топ” деб қўл қовуштириб ўтиришади. Яна қўрқоқ, ўзгалар мададига муҳтож, ўзига ишончи йўқ одамларга айланишади.

Композитор Шопен асарларидаги кўпгина қаҳрамонларнинг феъл-атворларига эътибор берган бўлсангиз меланхолик инсонларни кўргандай бўласиз.

Холерик мижоздаги инсонлар асаб тизими тез қўзғалувчанлиги билан ажралиб туради. Улар ҳар қандай муаммони узил-кесил ҳал қилишади. Муросаю мадора уларга бегона. Қизиққон ва жангари холериклар ўз ҳатти-ҳаракталари оқибатида кейинчалик қандай зарар кўришлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Энг муҳими улар учун “Йигитнинг сўзи сингунча, ҳўкизнинг бўйни узилсин”. Умумманфаати учун ҳаракат қилаётган холерик мижозли одам баъзан ўзгаларга ўзининг ҳақлигини исботлаш учун ҳаддан ташқари кўп ишлаб, соғлиғига путур етказиши мумкин. Беқарор бу одамларга баъзан феъл-атворларидаги салбий жиҳатлар кўп панд беради. Серғайрат, етакчи, қизиққон, “жаҳли бурнининг учида турадиган” бу инсонларнинг ёнида ҳамиша доно маслаҳатчилари бўлса фойдадан холи бўлмайди. Кўпчиликка бошчилик қилаётган холериклар ташаббускор, бир сўзли, ғайратли бўлишади. Мабодо уларнинг маънавияти бой бўлмаса асабий, тажовузкор, беқарор, уришқоқ, кутилмаган вазиятларда ўзини бошқара олмайдиган ёмон кимсага айланадилар.

Тарихий шахслардан рус халқининг буюк саркардаси ва шоҳи Пётр I ва француз саркардаси Наполеон Бонапартни типик холерик мижозли инсонлар эди дейиш мумкин.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, ҳар ким йил фасллари ва мижозига қараб овқатланса фойдадан холи бўлмайди.

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА таржимаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: