Эзгу ишлар эътирофи

Нозиклик, латофат, ибо ва ҳаё қиз болага хос фазилат. Гўзалликка интилиш ҳар бир хотин-қизнинг фитратида бор. 10 ёшли Муниса ҳам ёш бўлишига қарамай турли матолардан бежирим безаклар, анвойи гулдасталар ясашга қизиқади. Унинг ишларига бувижониси Матлуба ая севиниб, набирасини алқаб қўяди. Радио орқали бирор шўх куй чалиниб қолса борми, оила аъзолари дарҳол Мунисани даврага олади.

– Қизим тушмагур бирам чиройли рақсга тушади-да, Унинг орзулари осмон…

Матлуба ая шу ҳақда ўйларкан жондан азиз набирасининг ўнг қўлидаги туғма қусурини ўйлаб ич-ичидан куюнади. Муниса тўнғич набира. Унинг интиқлик билан кутилган ташрифи бу хонадонга қанчалар қувонч олиб келган бўлса, қўлидаги нуқсони хонадон эгаларини шу қадар ўйлантиради. Вақт елдирим. Муниса учинчи синфга қадам қўйди.

Жамият ҳаётида содир бўлаётган янгиликлардан ҳамиша бохабар бўлишга уринадиган Матлуба ая кундалик нашрларни мутолаа қилаётган чоғида юртимизда фаолият олиб бораётган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан қатор туғма нуқсонли болалар даволаниш мақсадида Корея Республикасига жўнаб кетди, фонд томонидан Германияга юборилган бир гуруҳ болалар даволаниб қайтишди, деган маълумотни ўқиб қолди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Наманган вилояти минтақавий филиалига мурожаат этиши Матлуба аянинг набираси саломатлиги йўлидаги илк ташаббуси бўлди. Муниса фонднинг малакали шифокорлари назоратида тиббий кўрикдан ўтиб, тез орада даволаниш мақсадида Германияга жўнаб кетди. Матлуба аянинг айтишича ҳозир набирасининг аҳволи анча яхши.

Тақдир ёзиғи билан айрим болаларнинг юраги хаста, яна кимгадир ногиронлик қисмати битилган. Кўнгли кемтикларга яхшилик улашиб, хайру саховат қилиш фаолиятининг мазмунига айланган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кўп йилдан буён ана шундай болажонларнинг саломатлигини тиклашда ўз хизматини аямаяпти. Буни биз фонднинг Наманган вилояти минтақавий филиали миқёсида олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Вилоят минтақавий филиали директори табиатан меҳнаткаш ва хушмуомала Кимёхон опа содда оқкўнгил, оддий қишлоқ аҳолиснинг мурожаатини холис, илиқ сўз билан қарши олади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия ташкилоти Германиянинг “Фридиенздорф Интернейшнл”, Жанубий Кореянинг “Junior Chamber International – JCI” ва Ча университети қошидаги Пундан Ча госпитали ва кўплаб халқаро тиббий муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, “туғма юрак нуқсони”, “терининг куйишдан кейинги асоратлари”, “лаб танглай нуқсони” ташхиси қўйилган бемор болаларни даволаш бўйича бир қатор хайрли ишларни олиб бормоқда.

Яна ўқинг:  ҚЎШҚАНОТ ШИФОКОРЛАР

– Таъкидлаш лозимки, бу йил ҳам вилоятдан 51 нафар лаб-танглай нуқсони билан туғилган болалар гранд маб­лағлари ҳисобига пойтахтда жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. “Чиройли оёқлар” доирасида эса маймоқ оёқ ва бўйин қийшиқлиги бўйича 26 нафар бола жарроҳлик йўли билан Андижон болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида соғломлаштирилди, – дейди фонднинг вилоят минтақавий филиали директори Кимёхон Ортиқова. – Туғма юрак нуқсони билан туғилган 2 нафар бемор бола эса Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасида даволаниб қайтишди. Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик доирасида беш йил давомида вилоятдан 23 нафар бола хорижга бориб саломатлигини тиклаб қайтди.

– Дилшода қизим 14 ёшда. Ўнг оёғида туғма қусури бор эди. Аввалига “мен ҳам ҳамма қизлар қатори юроламанми?”, деган қизим Германияда бир йилдан ортиқ вақт мобайнида даволаниб қайтганидан сўнг ўзига ишончи ортди. Чет тилларини ўрганишга қизиқиши ошди. Келажакда Дилшода малакали шифокор бўлиш ниятида, – дейди Косонсой туманида истиқомат қилувчи Муҳтарам опа Жаҳонгирова.

Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида фонд ташаббуси билан вилоятда “Соғлом авлод маликаси”, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи”, “Қизларжон”, “Соғлом бола”, “Қизлар ва оила” мавзусида ўқув муассасаларида, коллежларда, тиббиёт муассасаларида, махсус мактаб интернатларда кўнгилочар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинади. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор берилиб вилоятдаги “Меҳрибонлик” “Саховат” уйларига, мактаб-интернатларига, вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерига мурувват ёрдамлари бериб борилади. Жорий йилда фонд томонидан ажратилган 30 та ногиронлик аравачаларининг тарқатилиши ҳам шулар жумласидандир.

Яқинда фонд томонидан бемор болалар Германияга даволаниш учун жўнатилди. Болаларини хорижга кўп бора жўнатган бўлса-да, Кимёхон опа Ортиқова бу гал ҳам кўзига ёш олиб уларга узундан узоқ тилак билдиради: “Ке­йинги хорижга бўлган сафаринг илм олиш ёки тажриба ошириш йўлида бўлсин, соғ бўлгин болам!”, дейди у. Биз эса саломатлигини тиклаш мақсадида хорижнинг нуфузли клиникаларига жўнаб кетган болажонларни келажакда ота-онасининг фахри, тиргаги, Ватанимизнинг фидойи фарзанди бўлишига умид қиламиз.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog’lom avlod ” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: